ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш керак...ми?

Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш керак...ми?

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришига доир масала шу кунларда юртимиз ва хориждаги таҳлилий доираларда қизғин муҳокама этилмоқда.

Ҳукумат бу борада сиёсий вазминликни намоён этяпти. Даставвал махсус ишчи гуруҳ тузилмага қўшилишимиз билан боғлиқ рискларни баҳолаши керак. Мазкур жараён йил охиригача давом этади. Бундан чиқди расмий Тошкентнинг Евроосиё интеграцияси сари интилаётгани шунчаки гап эмас. Буни мамлакат Сенати ҳам тасдиқлади.

Демак, айни вақтда Ўзбекистон Иттифоққа қўшиладими ёки йўқ, деган саволни бериш ортиқча. Ҳозир экспертлар кўпроқ бундай қарорнинг оқибатлари ҳақида фикр юритмоқда. Ҳатто бир-бирини инкор этувчи позициялар ҳам бор. Биз иккита қарама-қарши нуқтаи назарни тақдим этишга ҳаракат қилдик.

photo5253991858240072675.jpg
Фарҳод МИРЗАБОЕВ,
мустақил эксперт:

— Ўзбекистон ташқи иқтисодий муносабатларни икки томонлама форматда олиб боришни афзал кўради. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик ҳам худди шу тамойилга асосланган. Ваҳоланки, бундан кўп ҳолда ютқазяпмиз.

Масалан, Россия ва Қозоғистонда ишлаётган 3-4 миллион юртдошимиз биргина меҳнат рухсатномасини олиш учун жуда катта маблағ сарфлайди. Шу туфайли баъзилари фуқаролигини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. 2018 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 10 минг нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигини қабул қилган. Тан олиш керак, меҳнат миграцияси соҳасида имзоланган икки томонлама шартнома ва келишувлар мавжуд муаммоларга ечим бўлолмаяпти.

Менимча, ҳозирги шароитда энг оптимал вариант Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдир. Шунда меҳнат мигрантларининг оғири анча енгиллашади. Улар Иттифоққа аъзо давлатлар ҳудудида эркин ҳаракатланиш, иш топиш, тиббий суғурта ва пенсия таъминотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Евроосиё интеграцияси бизнес вакиллари учун ҳам катта имконият. Тасаввур қилинг, биз бирваракайига 185 миллион аҳолиси бор улкан бозорга ҳеч бир тўсиқ-чегарасиз кира оламиз. Тўғри, унда муносиб ўринни эгаллаш осон кечмайди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўзга юртларда харидорини топиши учун тер тўкишга, ўрни келганда, давлатлар билан ижобий маънода савдолашишга, уларнинг олдига муайян талаблар қўйишга, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга тўғри келади. Лекин эвазига иқтисодиётда экспорт улушини сезиларли равишда ошира оламиз. Бу эса давлат ғазнасининг бойиши демакдир.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан умумий ташқи савдо айланмамиз муттасил равишда ўсмоқда. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич 70 фоизга етган. Шунинг ўзи стратегик шериклар билан интеграциялашишни тақозо этади. Икки томонлама ҳамкорликка таяниб юраверсак, кун келиб ўсиш динамикасидан маҳрум бўлишимиз ҳеч гап эмас. Чунки исталган пайтда “об-ҳаво” ўзгариб, томонлар миллий манфаатлари ёки геосиёсий амбиция­лари йўлида ўз мажбуриятларини “унутиб қўйиши” мумкин. Бундай ҳолатлар илгари ҳам бўлган!

Яна битта плюс: Иттифоққа қўшилсак, мамлакат ишбилармонлари ўртасида рақобат муҳити кучаяди. Ўйин қоидалари ҳамма учун бир хиллашади. Фақат ўз чўнтагини ўйлайдиган, иштаҳаси карнай лоббистлар йўқолиши мумкин.

Инкор этмайман, Евроосиё бозорига йўл очилгач, муайян тармоқлар, масалан, автомобилсозлик, электротехника, қандолатчилик саноатимиз рақобатга дош беролмаслиги мумкин. Лекин қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати каби биз учун анъанавий саналган соҳаларда позициямиз, аксинча, мустаҳкамланишига умид бор. Демак, ташқи бозорлардаги улушимиз ортиши муқаррар.

Назаримда, Ўзбекистон иқтисодиёти оёққа туриб олган бир пайтда Евроосиё иқтисодий иттифоқидан юз ўгириб, тинимсиз турли чеклов ва тўсиқларга учрагандан кўра, вазиятни ўз фойдамизга ҳал қила қолганимиз маъқул.

Россия Евроосиё иқтисодийиттифоқини минтақада геосиёсий таъсирини сақлаб қолиш мақсадида тузгани аниқ. Ушбу бирлашма охир-оқибат сиёсий блокка айланиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Лекин бугун объектив реаллик (тўхтовсиз кўпаяётган аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, бандлигини таъминлаш ва тўйдириш зарурати) билан ҳисоблашмасак, ҳали юз бериши ноаниқ бўлган аллақандай сиёсий экспансиядан қўрқиб, ҳадеб пис­тирмада ўтираверсак, тараққий этишимиз қийинлашади.

Евроосиё иқтисодий иттифоқида Россия Федерацияси ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан етакчи давлат эканига шубҳа йўқ. Бироқ бу ташкилотнинг қолган аъзолари Россияга қуллуқ қилиб, унинг барча қарорларини сўзсиз маъқуллайди дегани эмас. Битта давлат минг қудратли бўлгани билан ҳаммани ўз измига бўйсундира олмайди. Айниқса, интеграцион тузилма доирасида мамлакатлар, хоҳлайдими-йўқми, бир-бирининг позицияси билан ҳисоблашишга мажбур. ЕОИИда консенсус тамойили амал қилади. Яъни томонлар муайян масалада бир тўхтамга келмагунича, биронта ҳам қарор қабул қилинмайди.

Тузилмага аъзо бўлиб, суверенитетимиздан айриламиз, деган фикрга ҳам қўшилмайман. Назаримда, бу ваҳимадан бошқа нарса эмас. Миллий манфаатлар учун, аввало, кураша билиш керак. Тўғри, баъзи масалаларни мустақил ҳал қилиш имкониятидан маҳрум бўламиз. Масалан, божхона тарифлари умумий белгиланади. Улар ҳозиргидан юқори ёки пастроқ бўлиши ва бундан маҳаллий тадбиркорлар фойда ёки зиён кўриши мумкин. Бироқ сиёсий жиҳатдан ҳар қайси мамлакат барибир эркин бўлиб қолади. БуниЕвроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар тажрибаси яққол кўрсатмоқда.

photo5253991858240072676.jpg
Бахтиёр ЭРГАШЕВ,
“Maʼno” тадқиқотчилик ташаббуслари
маркази директори, сиёсатшунос:

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилмай туриб ҳам интеграция тарафдорлари башорат қилаётган плюсларни бемалол қўлга кирита олади, деган фикрдаман. Масалан, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо ҳажми йил сайин ортмоқда. Бу мамлакатлардан инвестиция жалб қилиш бўйича сезиларли ишлар қилиняпти. Фуқароларимизнинг четга чиқиб ўқиши ёки ишлашига ҳеч қандай чеклов йўқ. Масалан, Россия Федерациясининг ўзида 20 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Бошқа муҳим масалалар юзасидан ҳам ҳамкорлик механизмлари яратилган ва улар ўз самарасини беряпти. Шундай экан, мамлакат суверенитетидан воз кечишга зарурат борми? Менимча, йўқ!

ЕОИИга кириш ёки кирмаслик ҳақидаги мулоҳазаларда кўпинча меҳнат мигрантларимизнинг оғир қисмати тилга олинади. Шахсан мен учун бу унчалик кучли аргумент эмас. Ўзбекистондаги демографик ҳолат билан боғлиқ тенденцияга эътибор берайлик. Унга кўра, бир неча ўн йилдан сўнг юртимизда туғилиш пасаяди. 2030–2035-йилларга бориб эса бугунги иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ, иш ўринларининг кўпайиши ҳамда аҳоли даромадларининг ортиши кутилмоқда. Демак, яқин истиқболда меҳнат миграцияси масаласи ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Шу боис Евроосиё иқтисодий иттифоқига фақат икки миллион кишини деб аъзо бўлиш тўғри эмас.

Марказий Осиёда ҳар жиҳатдан марказий ўрин тутадиган Ўзбекис­тондек давлатнинг Россия етакчилигидаги геосиёсий тузилмага қўшилиши ниҳоятда қалтис қадам ҳисобланади. Интеграция натижасида иқтисодиётимизнинг айрим тармоқлари, масалан, автосаноат жиддий зиён кўриши аниқ.

Баъзи экспертларда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлсак, Россия­дан сармоя ва технологиялар кириб келиши жадаллашади, деган тахмин ҳам йўқ эмас. Бироқ айтиш жоизки, Россия Ўзбекистон учун асосий инвестор ҳисобланмайди. Бу жиҳатдан “улоқ”ни аллақачон Хитой олиб кетиб бўлган. Тўғри, мамлакатимизда Россия капитали иштирокида мингга яқин корхонафаолият кўрсатмоқда. Аммо бу натижага ЕОИИсиз эришдик-ку. Нега энди бундан кейин ҳам савдо-иқтисодий муносабатлар худди шу зайлда давом этмаслиги керак?!

Албатта, Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишдан ўзбек бизнеси қисман бўлса-да, ютади. Лекин бу кўпроқ мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари ва пойабзал экспорт қилувчи корхоналарга тааллуқли. Улар учун катта бозор очилади. Бироқ, назаримда, интег­рациясиз ҳам ишларимиз ёмон кетаётгани йўқ.

Яна бир қайд: Россия ва Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажман бир-биридан кес­кин фарқланади. Эътибор беринг, мамлакатларимиз ўртасидаги йиллик савдо айланмаси 4 миллиард АҚШ долларига тенг. Шундан тўртдан бир қисмигинаЎзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Қолгани Россиядан импорт қилинаётган маҳсулотлардир. Қозоғистон билан ҳам вазият тахминан шундай. Интеграция натижасида ўртадаги тафовут янадаортиши аниқ.

Боз устига, чегараларни очиш,импорт учун божхона тўловларинитушириш, акциз солиғини бекор қилиш каби талаб­лар Ўзбекистон иқтисодиётини сезиларли равишда заифлаштириб қўйи­ши мумкин.

Энди масаланинг геосиёсий жиҳатига тўхталсам. Евроосиё иқтисодийиттифоқига қўшилиш де-факто Ўзбекистон ташқи сиёсатида шу кунгача устувор бўлиб келган муҳим тамойилнинг завол топишига олиб келади. Гап шундаки, Ўзбекистон дунёдаги улкан ва қудратли давлатлар — АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамишамасофа сақлаб келган. На у томон, на бу томонга ён босган. Бундай оқилона сиёсат ташқи муносабатларнинг бошқа субъектлари томонидан ҳурмат қилинган ва қадрланган. Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш эса ўз-ўзидан муайян томонга оғишни англатади. Бу эса сиёсий имижимизга путур етказиши мумкин. Ўзбекистон бундай “қурбонлик”катайёрмикан?

Менимча, исталган мамлакатнинг ташқи сиёсатида суверенитет ва миллий манфаатлар принципиал аҳамият касб этиши керак. Интеграция жараёнларига фақат иқтисодий фойдани кўзлаб қўшилиш бирёқламалик ҳисоб­ланади. Ҳукуматимиз ҳаётий муҳим қарорни қабул қилишда етти ўлчаб, бир кесишини жуда хоҳлардим.

Наргиза УМАРОВА

Манба: “Ёшлар овози” газетаси​

10 974
ЎзА