ЎзА Ўзбек

18.08.2015 15:31 Чоп этиш версияси

Эртанги кун ишончи

Эртанги кун ишончи Мустақиллик мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган юксак тараққиёт даражасига эришиши йўлида улкан имкониятлар яратди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўз олдига демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишдек олижаноб мақсадларни қўйган Ўзбекистон халқи нималарга қодирлигини намоён этмоқда.

Истиқлол имкониятлари Фарғона вилоятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳоли турмуш даражаси муттасил юксалиб бораётгани, юртдошларимиз дунёқараши, онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришлар ана шу бемисл ютуқларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётир.

Мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида иқтисодиёт тармоқлари кенг ислоҳ қилиниб, ҳуқуқий-ташкилий, техник ва технологик жиҳатдан янгиланди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имтиёзлар, маҳаллий ҳамда чет эллик инвесторларнинг қўллаб-қувватланиши натижасида маҳаллий хомашёдан сифатли ва рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Сўнгги йилларда вилоятга жалб этилган жами инвестициялар ҳажми 8,6 триллион сўмдан ошиб, биргина ўтган йилнинг ўзида бу кўрсаткич қарийб 2 триллион сўмни ташкил этди. Айни пайтда вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг тўртдан бир қисми шу корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Булар шунчаки рақамлар эмас, балки олижаноб мақсад ва эзгу амаллар сари дадил бораётган халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг намоёнидир. Ҳеч бир рақам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди, аксинча, унинг замирида қанча меҳнат, қанча маблағ ва, энг муҳими, одамлар турмуш фаровонлиги юксалиб бораётгани акс этади. Бу рақамлар илгари ҳудуднинг саноат имкониятию одамларнинг ҳаёт даражаси қандай бўлганини бугунгиси билан таққослаш, хулоса қилиш имконини беради.

Енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланаётган етакчи соҳаларидан биридир. Зеро, заминимизда етиштирилган пахта ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ҳажми йил сайин ортиб, ички бозор юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилиши баробарида, юртимизнинг экспорт салоҳияти тобора юксалиб бормоқда. Мустақиллик йилларида Фарғона вилоятида енгил саноат тармоғига 500 миллион АҚШ долларидан зиёд хорижий сармоя жалб этилганининг ўзи соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини кўрсатади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Ўзбекистон кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, яъни қолоқ аграр республика эди. Ўша пайтларда пахтанинг атиги 7 фоизи ўзимизда қайта ишланганини эътиборга олсак, кўп нарса ойдинлашади.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мазкур тизимни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли мустақиллик йилларида сифат жиҳатидан бутунлай юқори босқичга кўтарилди. Бу жараёнда соҳага ички инвестициялардан ташқари катта миқдорда хориж сармояси жалб этилиб, йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Кейинги йилларда чет эллик сармоядорлар иштирокида замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўплаб тўқувчилик ва тикувчилик корхоналари ишга туширилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган элликдан зиёд корхонада импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотлар табиий пахта толасидан харидорлар дидига мос қилиб тайёрланаётгани туфайли ташқи бозорда ҳам талаб йил сайин ортиб бормоқда.

Ўтган йили Марғилон шаҳридаги “Экспо коллор принтекс”, Фарғона шаҳридаги “Турон текстиль”, Учкўприк туманидаги “Хумо тўқимачи”, Риштон туманидаги “Риштон тўқимачи”, Олтиариқ туманидаги “Ҳамза Экспо арт текстиль” корхоналари ишга тушрилиши натижасида 20 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш имконияти яратилди. Қува туманидаги “Қува текстили”, Данғара туманидаги “Мусаввартекс”, Бағдод туманидаги “Фергана спиннинг” корхоналарида модернизация ишлари амалга оширилди.

Амалга оширилган ана шундай ишлар туфайли вилоятда 2014 йилда енгил саноат корхоналари томонидан 86 минг тонна пахта толаси қайта ишланди. Ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 2008 йилдаги 45 фоиздан 2014 йилда 100 фоизга етганини, ҳеч шубҳасиз, жиддий ўсиш сифатида баҳолаш ўринлидир.

Ўтган йиллар мобайнида вилоят ҳудудий саноат маҳсулоти ҳажмида енгил саноатнинг улуши 2,5 баробар ошиб, 26 фоизга етди, ип-калавадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 4 маротаба ортди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 68 лойиҳа амалга оширилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Қўқон шаҳридаги “Индорама Қўқон текстиль” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонасида 2010-2014 йилларда ип-калава ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишларига 100 миллион долларга яқин инвестиция ҳисобидан йилига 16,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Эътиборлиси, қишлоқларда ташкил этилган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бугун жаҳон бозорида ҳам ўз харидорига эга. Олтиариқ туманидаги “Фромода текстиль” масъулияти чекланган жамиятида илғор технологиялар асосида турли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Барча маҳсулотлар, жумладан, турфа ранг ва дизайндаги эркаклар, аёллар, ўсмирлар ҳамда болалар либослари юз фоиз пахтадан тайёрланади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзининг юқори сифати, бичими ва дизайни, халқаро талабларга мослиги билан харидорлар ишончини қозонмоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 50 ишчининг аксарияти ёшлардир.

– Бугун мамлакатимизда истеъмолчилар учун танлаш имконияти кенг, – дейди корхона раҳбари Ф.Абдураҳимов. – Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик учун яратилган қулай шароит, имтиёз ва имкониятлар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги маҳсулотларимизнинг хорижда ҳам буюртмачилари кўпайиб бормоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан, тўла ишонч билан айтишимиз мумкин: Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, асосан пахта хомашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган қолоқ республикадан тез суръатлар билан ўсиб бораётган замонавий саноат тармоғига эга бўлган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди. Бу ҳар биримизга ғурур, ифтихор бағишлайди, айни чоғда эришилган ютуқларни янада юксалтириш учун муносиб ҳисса қўшишга даъват этади. Мана шу эзгу орзуларимиз борлиги, уларни рўёбга чиқариш учун интилаётганимиз – бизнинг бахтимиз. Зотан, бизнинг эртанги кунга ишончимиз мустаҳкам.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
6 357