Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 14:46 Чоп этиш версияси

Ердан унумли фойдаланайлик

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бир юз эллик мингдан ортиқ фермер, қарийб тўрт миллионга яқин қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилаётган ишчи, сувчи, механизатор қолаверса, барча юртдошларимизни беҳад қувонтирди.

Ушбу фармон ижросини тўлиқ ва сифатли ташкил этишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга кўра, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин.

«Ергеодезкадастр» давлат қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, 2018 йил 1 октябрга қадар барча томорқа ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар тўлиқ хатловдан ўтказилиши ерлардан унумли фойдаланишни таъминлайди. Шунингдек, энди ҳар йили 1 февралгача фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари билан биргаликда ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини хатловдан ўтказади. Бунда йил давомида экиладиган экин турлари, унинг оила эҳтиёжи ва сотишга мўлжалланган қисми аниқланиб, экинларнинг тўлиқ ва сифатли экилиши, агротехникаси юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

– Бундай назоратдан кўзланган мақсад ердан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг реал даромадларини оширишга қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Аграр ва сув масалалари қўмитаси аъзоси Феруза Ибрагимова. – Шу боис якка тартибда уй-жой қуриш ва ободонлаштириш учун берилган ерларга асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экини экмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади. Деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида экин экилмаган бўлса, мулкдорларнинг ерга бўлган ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади. Турмуш фаровонлигини таъминлаётган, ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини рағбатлантириш тизими ҳам такомиллаштирилди. Хусусан, шу мақсадда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилди.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича, мазкур ҳужжатларда ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофазалаш масалалари ҳам аниқ-равшан акс этган. Хусусан, улар тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо харид корхоналари билан маҳсулот етказиб бериш, бозор маъмурияти билан эса етиштирилган маҳсулотни чакана сотиш тўғрисида ҳамкорлик қилишлари мумкин.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга консалтинг хизматлари кўрсатиш, малакасини ошириш, молиявий қўллаб-қувватлаш, техника билан таъминлаш, тайёр маҳсулотни ташқи ва ички бозорларда реализация қилишда янги ташкил этилган ер эгаларига комплекс хизмат кўрсатиш марказлари ёрдам кўрсатади. Бу, ўз навбатида, соҳада меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, сифатли ва хавфсиз мўл ҳосил олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 939






Все о погоде - Pogoda.uz