ЎзА Ўзбек

20.08.2015 11:23 Чоп этиш версияси

Ердан самарали фойдаланиш – долзарб вазифа

Пойтахтимизда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси томонидан ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер тузиш ва ерларнинг мониторингини ташкил қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, шўрланишни камайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев ва бошқалар ер иқтисодиётнинг барча тармоқлари ҳамда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришнинг асосий манбаи экани, ундан самарали фойдаланиш мамлакатимиз ободлиги ва фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва давлат кадастрларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бунда муҳим аҳамият касб этади.

Ер кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, бу борада йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган мониторингда 2 минг 604 қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилот ва корхоналар, фермер хўжаликлари раҳбарларига тегишли кўрсатмалар киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги юмушлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Қарорга кўра, 2014 йилда Сирдарё вилоятидаги суғориладиган майдонларнинг шўрланиш даражасини аниқлаш ва харитага тушириш ишлари бажарилди. Жорий йилда Қашқадарё вилоятида 137,2 минг, Жиззахда 210,8 минг, Навоийда 96,8 минг ҳамда Хоразм вилоятида 217,2 минг гектар суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси, шўр ювиш меъёрлари ва муддати аниқланиб, харитага туширилмоқда.

Асосий мақсад шўрланган ва шўрланишга мойил ерларнинг мелиоратив ҳолатини, тупроқдаги туз захирасини аниқлаш ҳамда унинг олдини олишдир. Бу эса фермер хўжаликлари ва бошқа ердан фойдаланувчиларга зарур тавсиялар беришда қўл келади.

Қўмита ва унинг қуйи тизим ташкилотлари ерлардан самарали, оқилона ва белгиланган мақсадларда фойдаланишни ташкил қилиш, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачиларнинг мавжуд қонунчиликка риоя этишини таъминлаш ҳамда қонунбузилишларнинг олдини олиш учун тегишли идоралар билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Анжуманда бундай ишлардан кўзланган мақсад фуқароларни қонунлар ва кўчмас мулк ҳужжатларини расмийлаштириш тартиб-қоидалари билан яқиндан таништириш, уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш эканлиги қайд этилди. Давлат кадастрлари ягона тизимини яратиш жараёнида соҳага ахборот-коммуникация ва геоахборот технологиялари, интерфаол давлат хизматлари босқичма-босқич татбиқ этилаётгани таъкидланди.

Журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб берди.

Сайёра Шоева, ЎзА
7 569