Енгил саноатда ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда
Миллий матбуот марказида мамлакатимиз енгил саноатини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилди.
Миллий матбуот марказида мамлакатимиз енгил саноатини ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилди.Пахта ва толани қайта ишлаш бўйича кўп асрлик анъаналарини сақлаб келаётган мамлакатимиз енгил саноати мустақиллик йилларида макроиқтисодиёт комплексида муносиб ўрин эгаллади. Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган қулай шароитлар, имтиёз ва преференциялар, мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база тармоқ корхоналарига салмоқли ютуқларга эришиш ва ривожланишнинг янги марраларига чиқиш имконини бераётир.
Бугунги кунда енгил саноат тармоғининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 3,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ҳажмида 26,2 фоиз, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 44 фоиздан ортиқни ташкил этаётир. Айни пайтда пахта толасини мамлакатимизда қайта ишлаш ҳажми сезиларли ошди. Чунончи, бу кўрсаткич 1991 йилда 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йилда 35 фоизгача етди.
Чет эл инвестициялари ва технологияларини жалб этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, миллий тажриба ва умумэътироф этилган халқаро меъёрлар асосида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган пухта сиёсат юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришиш кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида мустақиллик йилларида тармоққа 2,2 миллиард доллардан ортиқ сармоя жалб этилди ва 180 дан зиёд йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Қўқон тўқимачилик комбинати негизида ташкил этилган “Индорама Қўқон текстиль” қўшма корхонаси муҳим лойиҳалардан биридир. Йилига 29 минг тонна калава ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу лойиҳанинг қиймати 110 миллион долларни ташкил қилади. Хоразм вилоятида “Ўзтекс” корхоналар гуруҳи томонидан “Свис Капитал” (Швейцария) компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган, умумий қиймати 50 миллион доллардан ортиқ бўлган ва йилига 12 минг тонна калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ҳам кенг кўламли лойиҳалардан биридир.
Собиқ «Ўзбектекстильмаш» ишлаб чиқариш бирлашмаси негизида Швейцариянинг «Машинефабрик Ритер АГ» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ритер Ўзбекистон» хорижий корхонаси тармоқни ривожлантиришда салмоқли ютуқ бўлди. Ушбу корхонада лентали, тароқли ва ҳалқали йигирув машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг самарасида мамлакатимизда замонавий тўқимачилик машинасозлиги қайта тикланди.
Шу тариқа бугунги кунда «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти корхоналарининг йиллик ип йигириш қуввати 450 минг тонна, тўқимачиликда 296 миллион квадрат метр мато, трикотаж полотноси ишлаб чиқаришда 90 минг тонна, тикувчилик-трикотаж йўналишида 270,2 миллион дона маҳсулотни ташкил қилмоқда.
Тармоққа замонавий технологияларнинг жорий этилаётгани маҳсулот экспортида ўз аксини топмоқда. 2014 йил якунларига кўра, тармоқдаги экспорт кўрсаткичи бир миллиард долларга етди. Бугунги кунда енгил саноат маҳсулотлари дунёнинг 50 мамлакатига экспорт қилинмоқда.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти тизимида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида умумий қиймати 99 миллион долларлик 18 янги корхона ишга туширилди. 43,1 миллион долларлик экспорт салоҳиятига эга ушбу корхоналарда мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Тўқимачилик саноати, тайёр газламалар ва кийимлар тайёрлашни янада ривожлантириш, шунингдек, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда синтетик тола ва ип ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг устувор йўналишларидандир.