Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 19:54 Чоп этиш версияси

Енгил саноат мажмуасида йилига 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади

Енгил саноат мажмуасида йилига 50 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади Наманганда “Uztex” компаниялари гуруҳининг “Uztex Uchkurgan” қўшма корхонаси иш бошлади.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, “Uztex” компаниялари гуруҳи ва иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тўқимачилик саноати корхоналари ва хорижий ҳамкор компаниялар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида енгил саноат тармоғида экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар тобора кўпайиб бораётгани таъкидланди.

Буни Наманган вилоятида жорий йилнинг 9 ойида ишлаб чиқарилган 2,8 триллион сўмлик саноат маҳсулотининг 34 фоизи енгил саноат тармоғига тўғри келаётгани ёки бу экспорт ҳажмининг 48,5 фоизини ташкил қилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

18.jpg

– Ўзбекистонда енгил саноат, айниқса тўқимачилик саноатининг истиқболи порлоқ, – дейди Швейцариянинг Rieter компанияси президенти Рето Том. – Чунки, мамлакатингизда барча соҳалар ривожи учун зарур шароит, қулай табиий иқлим, хомашё, энергия манбалари, меҳнат ва бошқа ресурслар етарли. Айниқса, давлат раҳбари томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор бу борада муҳим омилдир. Бу мазкур йирик корхонанинг ишга туширилишида ҳам ўз ифодасини топди.

“Uztex Uchkurgan” Ўзбекистон – Буюк Британия – Сингапур қўшма корхонаси юртимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, маҳаллий хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани самарасидир. Бу йирик лойиҳа “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари Дастури”га асосан амалга оширилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида “Uchkurgan Textile” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилган эди.

14.jpg

Унинг узвий давоми сифатида “Uztex Uchkurgan” ип йигирув ва тўқув корхонаси ўз фаолиятини бошлади. Ҳар икки корхонани ўз ичига олган мажмуа замонавий усулда пахта ва аралаш толадан ип-калава, момиқ мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

16 гектар майдонни эгаллаган енгил саноат мажмуасини қуриш, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлашга қарийб 120 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Мамлакатимиздаги энг йирик тўқимачилик мажмуаси бўлган ушбу корхонада йилига 16 минг 500 тонна ип-калава ҳамда 7 минг тонна момиқ мато ишлаб чиқарилади. 1000 дан зиёд киши меҳнат қилаётган йигирув-тўқув мажмуасининг йиллик экспорт салоҳияти 50 миллион долларни ташкил этади.

17.jpg

Бугунги кунда вилоятда етиштирилаётган пахта толасининг 38 фоизи қайта ишланаётгани, биргина шу корхонанинг ишга туширилиши натижасида ушбу кўрсаткич келгуси йилда 54 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Ҳудудий дастурларга кўра, 2020 йилга бориб пахта хомашёси тўлалигича маҳаллий шароитда қайта ишланади.

Рамзий лента қирқилиб, корхонанинг расмий очилиши эълон қилинди ва 105 ёшли меҳнат фахрийси Тоштемир ота Камолов оқ фотиҳа берди. Тадбир иштирокчилари мажмуа ишлаб чиқариш цехлари билан танишди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
3 945






Все о погоде - Pogoda.uz