ЎзА Ўзбек

12.04.2019 18:07 Чоп этиш версияси

Энг замонавий молия хизматлари тақдим этилмоқда

Энг замонавий молия хизматлари тақдим этилмоқда
Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида “BankExpo-2019” – молия-банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари миллий кўргазмаси давом этмоқда.

Унда юртимизда фаолият юритаётган барча молия муассасалари иштирок этиб, фаолиятида жорий этилган энг сўнгги янгиликларни мижозларга тақдим этмоқда.

Сабоҳат Хаитариева, “Трастбанк” ахборот хизмати бошлиғи:

– Ўз вақтида юртимиздаги ягона хусусий банк бўлган муассасамиз жорий йилда 25 ёшга тўлади. Шу боис энг чекка қишлоқларда ҳам филиаллар очишга эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, айни вақтда янгиланган мобиль версия “Trust Pay” ишга туширилди. У орқали онлайн тарзда коммунал ва солиқ тўловларини амалга ошириши, валютани конверсия қилиш мумкин. Фақат валютани банкка келиб олиш керак бўлади. Бу тизим нафақат “Трастбанк”, балки бошқа банк пластик карточкалари учун ҳам ишлайди. Ҳатто, ушбу хизмат орқали уч ойлик омонатлар очиш мумкин. Бу юртимиздаги банклараро алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ўтаётган кўргазма доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Келгусида инвестиция борасида ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Санобар Умарова, “Агробанк” матбуот хизмати ходими:

– Стендимиз икки кундан буён жуда гавжум бўлмоқда. Биз бугун энг интерактив ва инновацион хизмат турларини тақдим қилмоқдамиз. Бу жараёнда кўпчилик “Agrobankmobile” иловасининг янгича турдаги замонавий кўриниши ҳамда “online kredit” бўлимидаги микроқарз олиш имконияти билан қизиқмоқда. Бу илова орқали мижозларимизда бир миллион сўмгача кредит олиш имконияти бор. Бунинг учун банкка мурожаат қилиш шарт эмас, балки истаган вақтда, ҳатто дам олиш кунлари ҳам мижозларга бир миллион сўмгача қарз берилади. Шунингдек, юридик шахслар ва фермер хўжаликлари “Agrobank-Mobil-Biznes” иловаси орқали онлайн тарзда масофадан туриб имтиёзли кредитларни ўзлаштириши ва зарур маълумотларни олишлари мумкин. Бунда фермерлар масофадан туриб бемалол банк ҳисобрақамларини назорат қилиши, кредит расмийлаштириши мумкин.

Даврон Риқсиев, “Қишлоққурилишбанк халқаро тўлов тизимлари билан ишлаш бўлими бошлиғи:

– Биз айни вақтда кобейжинг карталарини чиқардик. Унинг оддий карточкалардан фарқи ўзимизнинг UzCard ва хорижий UnionPay тизимида бир вақтда ишлайди. Яъни юртимизда оддий сўм картаси, хорижда эса валюта картаси сифатида тўловга қабул қилинади. Бу дунёнинг 170 мамлакатида ва UnionPay инфратузилмаси минтақаларида ишлайди. Жаҳонда бундай карта орқали савдо қиладиган 10 миллиондан ортиқ савдо-сервис корхоналари мавжуд. Улар орқали контактсиз тўлов технологияси бўйича ҳисоб-китоб қилиш мумкин. 

Энг муҳими эса хорижга хизмат сафари ёки иш билан бораётган инсон кетишдан олдин хорижий валютани сотиб олишга ва қўшимча равишда конверсион карта очишига ҳожат қолмади.

Сардор Эшмурадов “Ўзсаноатқурилишбанк” кичик бизнесни кредитлаш департаменти бўлим бошлиғи:

– Банкимиз Ўзбекистондаги йирик инвестиция муассасаси сифатида фаолиятини ривожлантириб бормоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш объектларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш ва энерго-тежамкорлигини оширишга қаратилган “Green banking” тизими асосида молиялаштириш механизмлари ва хизмат турларини жорий этиш режалаштирилган. Айни вақтда биз йирик корхоналар ҳамда кичик бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий кредит линияларини жалб қилиш ва савдони молиялаштириш соҳасида дунёнинг етакчи банклари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Германиянинг “Landesbank”, “Commerzbank”, “ODDO BHF”, Австриянинг “Raiffeisen Bank”, Россиянинг «Газпромбанк» ҳамда Туркия ва Жанубий Корея Эксимбанки шулар сирасидандир. 

Қайд этиш жоизки, кўргазмада ҳар бир банк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар бўйича танлов ғолибларини тақдирламоқда. 

Сайёра Шоева, ЎзА
2 062