Энг нуфузли кўргазмалардан бири – TOP RESA-2018 фаолиятига старт берилди
Парижда "TOP RESA-2018" фаолиятига старт берилди. Дунёдаги энг нуфузли ва энг кўп меҳмон ташриф буюрувчи туристик кўргазмалардан бири – "TOP RESA-2018" туризмнинг барча йўналишлари, бизнес-сафарлар ва event-саноатларини ўз ичига қамраб олган.
Парижда "TOP RESA-2018" фаолиятига старт берилди. Дунёдаги энг нуфузли ва энг кўп меҳмон ташриф буюрувчи туристик кўргазмалардан бири – "TOP RESA-2018" туризмнинг барча йўналишлари, бизнес-сафарлар ва event-саноатларини ўз ичига қамраб олган.Кўргазма янгиликлардан хабардор бўлиш ва фикр алмашишни истовчи туристик бюролар, ташувчилар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туристик агентликлар ва туроператорларни бир жойга тўплади.
Франция пойтахтида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси (МАК) томонидан ташкил қилинган ягона миллий стенд остида намойиш этилди. Экспозицияда Қўмита ва МАК вакилларидан ташқари, шунингдек "Ўзбекистон темир йўллари" ҳамда мамлакатимизнинг туристик компаниялари вакиллари ҳам қатнашишмоқда.
Миллий стендда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термизнинг диққатга сазовор масканлари ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик йўналишларига оид қўлланмалар, видеоматериаллар, рисолалар, халқ-амалий санъати намуналари, йўлкўрсатувчилар ва ахборот материаллари тақдим этилган.
Ўзбекистоннинг турли минтақалари туркомпанияларининг бир кўргазма майдонида жойлашиши хорижий туроператорларга Ўзбекистоннинг туристик бозори, мамлакатдаги меҳмонхона ва транспорт инфратузилмалари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Ўзбекистон ушбу тадбирда 2012 йилдан бери иштирок этиб келади.
Тадбир давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакилларининг Франция томон билан бизнес-учрашувлари режалаштирилган, учрашув жараёнида икки томонлама ҳамкорликка доир янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.