Ўзбекистонда жорий йилда 500 миллион киловатт/соат электр энергияси, 150 миллион куб метр табиий газ тежалиши кутилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида энергия самарадорлиги соҳасида тоғ-кон, металлургия, кимё, нефть ва газ тармоқлари мутахассисларининг салоҳиятини оширишга бағишланган тренинг ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида энергия самарадорлиги соҳасида тоғ-кон, металлургия, кимё, нефть ва газ тармоқлари мутахассисларининг салоҳиятини оширишга бағишланган тренинг ўз ишини бошлади.Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан халқаро экспертлар иштирокида ўтказилаётган тренинг Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳининг “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Иқтисодиёт вазири ўринбосари Д.Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М.Алиев ва бошқалар ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, замонавий энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Бу борада 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ишлаб чиқаришда энергия сиғимини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда 500 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 150 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмоқда. Етакчи иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш йилига 250,1 миллион киловатт/соат электр энергияси, 3 миллион куб метр табиий газ ҳамда 20,1 Гкал иссиқлик энергиясини тежаш имкониятини яратади.
Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки гуруҳининг “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида энергияни кўп миқдорда истеъмол қилувчи тоғ-кон, кимё, электр энергияси, нефть ва газ, қайта ишлаш тармоқларида амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 140 миллион киловатт/соат электр энергияси ҳамда 50 миллион куб метр табиий газ тежалди. 32 саноат корхонасида 81 сублойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, унинг натижасида 536 миллион киловатт/соат электр энергияси, 202 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилиши кўзда тутилган.
– Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган дунёдаги бешта мамлакатдан биридир, – дейди профессор И.Рабьяс (Греция). – Бу ўз-ўзидан энергетика соҳасида жиддий ислоҳотларни, хусусан, энергия самарадорлигини ошириш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тақозо этади. Айтиш мумкинки, мамлакатингизда ушбу йўналишдаги ишлар салмоғи катта. Тренинг машғулотлари мутахассисларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини янада бойитишга хизмат қилади.
Ўқув тренинги жараёнида энергия самарадорлиги соҳасидаги халқаро экспертлар томонидан тақдим этилган энергия ресурсларини бошқариш ва улардан самарали фойдаланишнинг муҳим масалалари бўйича етти кунлик назарий дастур асосида дарслар ўтказилиши кўзда тутилган.
Энергетика соҳасидаги инженер-технологлар салоҳиятини оширишга қаратилган ушбу тадбир мамлакатимизнинг етакчи саноат тармоқларида энергия ресурсларидан янада самарали фойдаланишга ҳисса қўшади.