Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.12.2018 17:42 Чоп этиш версияси

“Сариқ нимчалилар" ғалаёни дунёнинг турли нуқталарига таъсир ўтказмоқда

“Сариқ нимчалилар" ғалаёни дунёнинг турли нуқталарига таъсир ўтказмоқда

Кейинги кунларда Франция пойтахти Париж кўчаларидаги намойишлар, тартибсизлик ва ғалаёнлар дунёнинг турли нуқталарига ўз таъсирини ўтказмоқда. Қатарнинг нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕКдан чиқишини эълон қилиши, Россия ва Саудия Арабистонининг нефть қазиб чиқариш ҳажмини қисқартириш баёнотлари, Эроннинг Ормуз бўғозини беркитиб қўйиш борасидаги таҳдиди қаршисида “қора олтин”нархи яна ошиб кетди.

Париждаги “сариқ нимчалилар” ғалаёнидан кейин Франция бош вазири Эдуар Филипп ҳукумат мамлакатда ёқилғи нархи оширилишига қарши мораторий жорий этилишини эълон қилишга мажбур бўлди. 

“Бу ғазаб – уни кўрмаслик ёки эшитмаслик учун кар ёки кўр бўлиш керак”, деб баёнот берди Филипп. Сариқ нимча кийган французлар солиқлар юки пасайтирилишини, ишига яраша ҳақ тўланиши талаби билан чиқди. 

Бутун Франция бўйлаб тартибсизликлар октябрь ойи ўрталаридан бензин нархи оширилишига қарши манифестациялар бошланган даврга тўғри келди. Норозиликни “сариқ нимчалилар акцияси” деб номлашгани бежиз эмас, чунки фаоллар одатда ҳайдовчилар киядиган сариқ рангни акс эттирувчи нимча кийиб олган. Полиция билан тўқнашувларда жабр кўрганларнинг саноғи йўқ. Атиги бир неча кун ичида касалхоналарга турли жароҳатлар билан 500 дан зиёд киши келтирилган. 

Франция ҳукумати 2019 йилдан дизел ёқилғиси нархини 6,5 фоизга, бензин нархини эса 2,9 фоизга кўтаришни режалаштираётганди. Мақсад битта – ҳайдовчиларни транспортнинг экологик тоза турларини танлашга, экоавтомобилларга ўтишга ундаш бўлган. Чунки, Франция кейинги пайтларда иқлим ўзгаришига қарши конвенциялар қабул қилиш, муқобил энергияни ривожлантиришнинг асосий ташаббускорларидан бири сифатида майдонга чиқмоқда. Бироқ мамлакатда ёқилғи нархининг ошиши тескари акс-садо бергани маълум. Мазкур воқеалар соясида Франция Президенти Эммануэль Макрон рейтинги 25 фоизга тушиб кетди. 

Франциядаги норозиликлар ўзининг ташқи кўринишига қараганда, “рангли инқилоблар”ни эслатади. Шу нуқтаи назардан ғалаёнда АҚШнинг иштироки бор, қабилида фикр билдираётган экспертлар ҳам йўқ эмас. Юзларига ниқоб тақиб олган экстремистик руҳдаги ёшлар ҳокимият алмашинуви, Макронни ҳокимиятдан кетиш талабини илгари суришди. Гап шундаки, Франция Президенти очиқчасига АҚШ Президенти Дональд Трампни миллатчиликда айблади, “океанорти мамлакати”дан ҳимояланиш мақсадида Европа армиясини тузишга ва “кўҳна қитъа” суверенитетини тиклашга чақирди. 

Дональд Трамп яқинда ўзининг твиттерда Франциядаги вазиятни кузатиб бориш кераклигига урғу берди. “Франциядаги оммавий ва кескин норозиликларни эътиборга олишмаяпти, зеро, ЕИ савдода АҚШга ёмон муносабатда бўлди ёки бизнинг ҳарбий ёрдам учун ажратган улкан ёрдамимизни менсимади. Мазкур саволлар ечими яқин келажакда топилиши керак”. Айнан шу изоҳни шантаж сифатида баҳолашаяпти. Илгарироқ Трамп “ўта паст обрў-этибори” учун Макрон устидан кулганди. 

"Lexpress" газетаси мухбири митинг иштирокчилари билан суҳбатлашган. Унда янграган фикрлар қуйидагича: “Макрон ҳокимиятни ташлаб кетиши керак“, “агар биз бетарафлар ва овоз бермаганлар сонини ҳисоблайдиган бўлсак, Эммануэль Макрон қонуний Президент бўлиб чиқмайди“, “бизга инқилоб керак, бизга тушунтириб беришсин, 1500 еврога қандай яшаш мумкин“, “агар полиция ва хавфсизлик хизмати биз билан бўлганида эди, ҳукумат истеъфога кетган бўларди“, “биз ҳукуматни зўравонликсиз таъқиб этамиз, фақат бунинг учун бизнинг ҳаракатимизга Сорос агентлари қўшилиб қолмаса“ дейишмоқда. 


benzin.jpg

Гап фақат ёқилғи нархида эмас, балки шу пайтгача шифокорлар, ҳамширалар ва таълим соҳаси ходимларининг норозилик акциялари ўтказилган бўлиб, улар илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағларнинг камайтирилишидан норози бўлганлар. Полиция касаба уюшмаларининг чиқишлари ҳам юз берганини унутмаслик керак. Яқинда Францияда экологик солиқ жорий этилган ва янги меҳнат қонунчилиги киритилган бўлиб, унга кўра, энди ходимни осонлик билан ишдан олиш мумкин. 

Эрон атрофидаги ўйинлар ҳам нефть бозорига таъсир қилмай қўймаяпти, албатта. АҚШ Эрон нефти экспорти йўлини тўсиш таҳдидини илгари сураётган бўлса, у ҳолда Эрон Форс кўрфази бўйлаб танкерлар ҳаракатини тўхтатмоқчи. Расмий Теҳрон ҳозирча Европа ёрдамига ишонмаяпти. 

Эрон вилоятларининг биридаги митингда нутқ қилган мамлакат Президенти АҚШ санкциялари ўз мақсадига эришолмаслигини баён қилди. “Ҳеч қандай гиперинфляция, ҳеч қандай оммавий ишсизлик бизга хавф сололмайди. Журналистлар газеталарда бундай бўлмағур гапларни ёзишни бас қилишлари керак“, деди у митинг чоғида. 

Эрон олдин ҳам Форс кўрфази давлатларида қазиб олинган нефтни танкерлар билан ташиладиган энг муҳим канал саналувчи Ормуз бўғозини ёпиб қўйиш пўписасини илгари сурган. 1980-1988 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши чоғида ҳам мана шундай оҳангдаги таҳдидлар айтилганди. Бироқ Пентагон Форс кўрфазида ўз ҳарбий кемаларини жойлаштирган ҳолда Теҳронни доғда қолдирганди. 

neft.jpg

Жорий йилнинг июлида Ҳасан Руҳоний АҚШ Президентининг Теҳрон билан имзоланган олти томонлама ядровий келишувдан чиқиш борасидаги баёнотига жавобан, “шер думи билан ўйнашманг” иборасини ишлатганди. Президентнинг баёнотини тўлдирган Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бошлиғи ўринбосари Исмоил Ковсари мамлакат Қуролли Кучлари бошқа давлатлар нефти экспорти учун Ормуз бўғозини беркитиши мумкинлиги билан огоҳлантирди. 

Аммо, БМТнинг 1982 йилдаги денгиз ҳуқуқига оид Конвенциясига кўра, Ормуз бўғози халқаро сув йўли мақомига эга, бўғозга туташ мамлакатларнинг эса бошқа мамлакатлар кемалари ва танкерларининг у ердан ўтишини чеклашга ҳаққи йўқ. 

Дональд Трамп 5 ноябрь куни 2015 йили имзоланган ядровий келишувдан чиққанидан кейинги санкцияларнинг иккинчи пакетини жорий этди. Бу Эрон нефтига эмбаргони кўзда тутади. Орадан беш ой ўтиб 8 та мамлакатга тақдим этилган имтиёзлар олиб ташланиши керак. Қарорнинг ортга сурилиши бир шарт билан, у ҳам бўлса улар нефть келтиришнинг муқобил манбаларини қидириб топиши шарти билан боғлиқ. 

Эронни қамалга олишда АҚШ маъмурияти дуч келаётган асосий муаммо— бу Европанинг санкцияларни қўллаб-қувватлашдан бош тортишидир. Европа Иттифоқи АҚШ санкцияларини айланиб ўтиш ва долларда пул ўтказиш соҳасида Америка монополиясига барҳам бериш учун махсус мақсадли механизм ишлаб чиқмоқчи. Лекин Вашингтон НАТОдаги иттифоқчиларини Эрон таҳдиди кучайиб бораётгани билан чўчитишдан тўхтамайдиган кўринади. Хусусан, АҚШ давлат департаментининг Эрон ишлари бўйича махсус вакили Брайан Хук ўтган ҳафта Эрон 2017 йилнинг январида ядровий каллакларни етказишга қодир ва Европа пойтахтларига етиб бора олувчи ўртача олисликдаги ракетани синовдан ўтказгани ҳақида хабар берди. Шу сабабли кучли босим остида Европа махсус механизмни ишга туширолмайди, деган қарашлар йўқ эмас. 

Бу каби жуда кўп омиллар бугун нефть нархининг ошишига, дунё давлатларида Франциядаги каби ғалаёнлар ўчоғининг пайдо бўлишига сабаб бўляпти. Боз устига, Яқин Шарқдаги яна бир “энергетик ўйинчи” Қатарнинг нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК аъзолигидан чиқиши ўйинни қизитиб юборди. 



Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА