ЎзА Ўзбек

21.03.2019 Чоп этиш версияси

Энергетика вазирлиги – «Cengiz Holding» компанияси: томонлар иккинчи ҳужжатни имзолади

Энергетика вазирлиги – «Cengiz Holding» компанияси: томонлар иккинчи ҳужжатни имзолади

Энергетика вазирлиги ҳамда «Cengiz Holding» компанияси иссиқлик электр станцияси қурилиши бўйича иккинчи ҳужжатни имзолади.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Cengiz Holding» компанияси таъсисчиси ва бошқаруви раиси Меҳмет Женгиз бошчилигидаги делегациянинг учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашув мамлакатимизда Туркиянинг «Cengiz Enerji Sanayiive Ticaret A.Ş.» компанияси билан ҳамкорликда қуввати 240 МВт бўлган комбинациялашган иссиқлик электр станциясининг қурилиши масалалари билан боғлиқдир.

Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қуйимозор сув омбори яқинидаги ҳудуд ушбу комбинациялашган иссиқлик электр станциясини қуриш учун танланган. Табиий газда ишлайдиган ИЭС АҚШнинг “General Electric” компаниясида ишлаб чиқарилган газ турбинаси ва Германиянинг “Siemens” компаниясида тайёрланган буғ трубинасини ўз ичига олади.

Таъкидлаш керакки, режалаштирилаётган ИЭС ҳудудда электр энергиясига бўлган эҳтиёжни қондириш билан бирга магистраль электр тармоқлари орқали энергия етказиб беришда йўл қўйиладиган техник йўқотишларни камайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Якунда икки томон ўртасида қуввати 240 МВт бўлган ИЭС қурилишини лойиҳасини давлат-хусусий шерикчилик асосида қуриш бўйича битим имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 февраль куни томонлар “Ўзбекистон Республикасининг Бухоро вилоятида қуввати 240 МВт бўлган ИЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш” бўйича битим имзоланган.

7 041
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА