ЎзА Ўзбек

22.05.2019 18:52:03 Чоп этиш версияси

Энди бозордаги нархлар сунъий равишда туширилмайди


Кўпчиликнинг хабари бор, жорий йилда биринчи марта картошка экспортига рухсат берилди. Ҳозирга қадар уни ўзимиз хориждан харид қилганимизни ҳисобга олсак, бу янгилик деҳқонларимизни кўнглидаги орзуларидан бирини ижобати десак, янглишмаймиз.

Картошкадан бошқа бир қатор мева-сабзавотлар, кўкатлар ҳам хорижга катта ҳажмларда экспорт қилинмоқда. 

Ички бозорда ҳам бу маҳсулотларнинг нархи юқори даражада сақланиб турибди. Кейинги кунларда уларнинг баҳосини тушириш учун нимадир қилинадими?

Бу борада Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Маркетинг ва экспортга кўмаклашиш бўлими бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаевнинг фикрларини билан қизиқдик.

– Бу йил бозорда кўпгина маҳсулотлар, жумладан, карам ҳар йилгидан қимматроқ нархда сотилмоқда, – дейди Н.Мирабдуллаев. – Сабаби, улар катта ҳажмда экспорт қилинмоқда. Шундай экан, бозордаги қимматчиликдан қўрқиш керак эмас. Агарда ички бозорни арзон қилиш учун экспортни тўхтасак, томорқа эгаларини меҳнатдан кўнгли қолади. Бозорда яна аввалги йиллардаги каби сунъий нархлар, маҳсулотни етишмаслиги бошланади. Бу эса деҳқонга ҳам, давлатга ҳам зарар келтиради. 

Узоққа бормайлик, мисол учун, ўтган йили пиёз, қалампир ва саримсоқни нархи арзон бўлиб, чириб кетганига гувоҳ бўлдик. Деҳқон бечора қилган ерга ва уруғ харид қилишга сарфлаган харажатини ҳам қоплай олмади. 

Қанча-қанча деҳқонлар етиштирган маҳсулотига харидор йўқлиги туфайли ахлатга ташлади. Баъзи бировлар машина-машина маҳсулотни ҳокимиятлар олдига тўкиб кетганига ўзим гувоҳ бўлганман. Ички бозор арзонлигини таъминлаш учун экспортни тўсиш амалиёти ўзини оқламаслигини ҳамма билди, кузатди. Энди “Ҳар бир хонадон тадбиркор“ бўлгач, нархни атайлаб ушлаб туриш эмас, балки уларнинг келгусида кўпроқ даромад олишга бўлган қизиқишини оширишга ҳаракат қилиш керак. Келгусида ҳар бир туман миқёсида маҳсулотларни экспорт қилиш лойиҳаси устида ишланмоқда.

Ана шунда деҳқон ва ер эгалари кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, экспорт қилишга ҳаракат қилади. Бозорлар ҳам ҳеч бир тўсиқларсиз арзонлашади.