ЎзА Ўзбек

22.01.2018 11:10 Чоп этиш версияси

Электр энергияси ва табиий газ ҳисоблагичларини аҳоли харид қилмайди

Электр энергияси ва табиий газ ҳисоблагичларини аҳоли харид қилмайди
Эндиликда маиший истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга кўра, газ таъминоти ташкилотлари ҳар йили 1 сентябргача табиий газга бўлган эҳтиёжни чоракларга тақсимлаган ҳолда келгуси йил учун газ эҳтиёжи прогнозини шакллантиради ва умумлаштиради. Бунда албатта, ишга тушириладиган янги объектлар учун захира ҳажмини ҳам ҳисобга олади.

Истеъмолчилар (маиший истеъмолчилардан ташқари), шу жумладан, оилавий корхоналар ҳар йили 15 июлгача бўлган муддатда газ таъминоти ташкилотига келгуси йилги табиий газ истеъмолининг прогноз қилинаётган ҳажми учун буюртма беради.

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ҳар йили 1 августгача бўлган муддатда келгуси йил учун табиий газ қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш ва тақсимлашда ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишларини аниқлайди.

Етказиб бериладиган табиий газ учун ҳисоб-китоблар стандарт шартларга нисбатан газ ҳажмини-куб метрларда келтирилган ҳолда амалга оширилади.

Энг муҳими, истеъмолчи ҳар ойнинг 10-санасига қадар аввалги ойда истеъмол қилинган газ учун тўлиқ ҳажмда ҳисоб-китоб қилиши керак.

Аввалроқ, энергия учун ҳисоб-китоблар табақалаштирилган, бир ставкали ёки ўсиб борувчи коэффициентли тарифлар асосида амалга оширилиши хабар қилинганди.

750 кВА ва ундан юқори қувватга уланган истеъмолчи электр энергияси учун ҳисоб-китобларни сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича амалга оширади.

Табақалаштирилган тарифлар бўйича ҳисоб-китоблар қўйидагича қўлланилади:

ярим тиғиз вақт – соат 9.00 дан 17.00 гача белгиланган тариф бўйича;

тиғиз вақт – соат 6.00 дан 9.00 гача ва 17.00 дан 22.00 гача ўсувчи коэффициентни қўллаш орқали белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда;

тунги вақт – соат 22.00 дан 24.00 гача ва 00.00 дан 06.00 гача камаювчи коэффициентни қўллаш орқали белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда амалга оширилади.

Айни вақтда электр энергиясининг 1 Квт учун амалдаги тариф 204 сўм 30 тийини ташкил этмоқда. Янги тарифда эса тиғиз вақтда ишлатилган энергия учун бу кўрсаткич 306 сўм 45 тийин, тунги вақт учун эса 136 сўмда зиёдроқ бўлади.

ЎзА
25 559