ЎзА Ўзбек

15.09.2020 Чоп этиш версияси

​Электр энергия ва табиий газ таъминоти тўлиқ автоматлаштирилади

​Электр энергия ва табиий газ таъминоти тўлиқ автоматлаштирилади

Электр энергия ва табиий газ аҳоли ва истеъмолчиларнинг талабини қондиришда энг муҳим манба ҳисобланади. Шу боис, ушбу ресурсларни назорат қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини ошириш ҳам энг муҳим талаблардан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш масалалари таҳлил қилингани ва бу борада устувор вазифалар белгилангани ҳам бежиз эмас. Чунки айни шу ресурслар иқтисодиётимиз тиргаги сифатида мамлакат ривожи ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашда муносиб ўрин эгаллайди.

Бугунги кунда Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан республикамиз бўйлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишларининг жадаллик билан амалга оширилиши ҳам бунга яққол мисолдир.

Электр энергия ва табиий газ таъминотини автоматлаштириш истеъмолчиларга янада қулайликлар яратади.

Ҳусусан, тизимни автоматлаштириш, бу – инсон омили таъсирисиз ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд қилиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, қарздорлик бартараф этилгандан кейин тармоққа қайта улашнинг автоматлаштирилган механизмидир.

– Шу сабабли, давлатимиз раҳбари йиғилишда ушбу манбалар ҳисоби ва назоратини тўлиқ автоматлаштирилган тизимда ташкил этиш зарурлигини таъкидлади, – деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов. – Республика бўйича 7 миллион 400 минг ҳисоблагич ўрнатилиши лозим. Ҳозирги кунгача бу ишлар 52 фоизга бажарилган. Йил охиригача яна 3 миллион 400 ҳисоблагич ўрнатилади. Бу ҳисоблагичларни ўрнатиш ва тизимга улашда бизда ҳамма имкониятлар мавжуддир.

Одатда, электр энергиясидан фойдаланишни яхши биламизу, лекин унинг тўловига келганда пайсалга солаверамиз. Бундай эътиборсизлик сабаб соҳада қатор муаммолар пайдо бўлаверади. Янги тизим эса ана шу масалада катта ечим ҳисобланади. Масалан, автоматлаштирилган тизим жорий этилган 7 та туман ва шаҳарда тўловлар ундирилиши 40 фоизга ошишига замин яратди. Айни кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан ишлар тизимли ташкил этилган бўлиб, автоматлашган тизим 2021 йил 1 мартга тўлиқ ишга туширилади.

– Соҳада лойиҳаларнинг муҳимлиги иқтисодиётимиз ривожига ижобий таъсир этади, – деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев. – Лойиҳалар доирасида мамлакатимизда 7 миллион 400 минг электр ҳисоблагич ва 3 500 миллион газ ҳисоблагич ўрнатилади. Ҳисоблагичлар яроқлилик 15-20 йилни ташкил этади. Таъкидлаш керакки, бу ишлар натижасида электр энергия ва табиий газ таъминотида яхши ўзгаришлар бўлади. Биринчидан, айланма маблағлар танқислиги сабабидан модернизация ва реконструкция қилинмаётган тармоқларга кўпроқ маблағ ажратишга эришилади. Иккинчидан, адолат тизими жорий этилади. Яъни тўловни амалга оширадиган истеъмолчиларга ресурслар етказилиши натижасида хизмат сифати янада яхшиланади.

Табиий газ етказиб бериш ва унинг назоратини ташкил этиш муҳим вазифадир. Айниқса, бунда таъминотда автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш кўплаб ечимини кутаётган масалаларда қўл келади. Жорий йил якунига қадар мамлакатимиз аҳолисига 1,2 миллион дона, келгуси йилнинг биринчи ярмида 2,3 миллион дона замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилади.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуродовнинг таъкидлашича, табиий газдан фойдаланишда ҳисоб-китобни тўғри ташкил этиш учун янги тизимнинг аҳамияти катта. Айниқса, бунда электрон газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ўғирлик ва таъмагирликларга чек қўяди.

– Мазкур вазифаларни бажаришда республикамиздаги туман ва шаҳарларни қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга белгилаб олдик, – деди Б.Эшмуродов. – Қизил ҳудудга кирган 22 туман ва шаҳарнинг биринчи учтасида газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатиш ишлари тўлиқ якунига етказилмоқда. Бунда қариийб 30-35 фоиз газни ўғирлаш ёки йўқотиш ҳолатларига барҳам берилади. Ўз вақтида тўловни амалга ошириш ва сифатли хизмат кўрсатишга эришилади. Сариқ ҳудудга 131 та туман ва шаҳар киритилган бўлиб, бу ерда ҳам аҳолига табиий газ етказиб беришда муаммолар мавжуд. Ҳисоблагичларни ўрнатиш бу масалаларга янада фойдали ечимдир.

5 350
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА