ЎзА Ўзбек

14.07.2016 18:09:53 Чоп этиш версияси

Экспорт бўйича салмоқли шартномалар имзоланмоқда

Президентимизнинг 2016 йил 1 июндаги қарори асосида ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси давом этмоқда.

Бундан йигирма беш йил аввал Ўзбекистонда аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат, мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, истиқлол туфайли мамлакатимиз уларни экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторидан ўрин олди. 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларимиз АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинаётгани бунинг ёрқин исботидир. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасида экспорт жўғрофияси кенгайиб, ҳажми тобора ошмоқда.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси мамлакатимизнинг бу борадаги салоҳиятини яна бир бор намойиш этмоқда. Ярмарканинг учинчи иш кунида соҳада мавжуд маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги шартномалар имзолаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида тақдимотлар ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида эришилаётган юксак самаралар, экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли маҳсулотлар билан хорижлик иштирокчиларни яқиндан таништирди.

Испаниянинг “Lendel Media Solitions” компанияси халқаро тижорат бизнеси менежери Роул Миp Солл Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун энг муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотлардан сезиларли даражада юқори туришини қайд этди. У Урганч туманидаги “Yuqoribog' ne'matlari” агрофирмаси билан 1 октябрдан бошлаб ҳафтасига 30 тонна қовун етказиб бериш борасида шартнома имзолади.

Мазкур ярмарка Хоразм вилоятидаги фермер хўжаликлари ва фермерлар учун ниҳоятда самарали бўлди. Улар шу кунгача 80 миллион долларлик шартномалар имзолади. Хива тумани ҳокими ўринбосари Жасурбек Машариповнинг маълум қилишича, тумандаги “Agro Chinor” масъулияти чекланган жамияти Россиянинг “FinInvest Consulting” корхонаси билан қарийб тўққиз минг тонна мева-сабзавот етказиб бериш, Қозоғистоннинг “Джондилдин С.А” корхонаси билан тўрт ярим миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш борасида шартнома имзолади. 

5 (4).jpg

Самарқанд вилояти бугунги кунда дунёнинг қирққа яқин давлати билан экспорт соҳасида ҳамкорлик қилмоқда. Вилоятдаги Булунғур, Самарқанд, Тайлоқ, Ургут ва Жомбой туманлари мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган бўлиб, уларнинг ўртача йиллик ҳажми 3076 минг тоннага етди. 1503 минг тонна сабзавот, 572 минг тонна картошка, 103,7 минг тонна полиз экинлари, 522 минг тонна узум шулар сирасидандир.

Ярмарка доирасида ҳозиргача Европа, Осиё ва МДҲ давлатларига экспортчи корхоналар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси томонидан 382 миллион долларлик шартномалар имзоланди. Эроннинг “Pure Corporation” компанияси, Хитойнинг “ВСЕЕ” корпорацияси, Дубай савдо-саноат палатаси (БАА), Ҳиндистоннинг “Eco Green Group” компанияси шулар жумласидандир.

Жиззах вилоятида икки юздан ортиқ экспортчи ташкилот ва фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Улардан бири “Baxmal Eksport” масъулияти чекланган жамиятидир. 170 дан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Қайта ишлашга ихтисослашган корхона жорий йилда 35 гектарда токзор барпо этди. Айни вақтда Ҳиндистонга мош етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди.

“Baxmal Eksport” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Сафаровнинг айтишича, мазкур ярмарка соҳага оид компания ва корхоналар экспорт салоҳиятини ошириш, бу борада янги истиқболларни белгилаб олишга хизмат қилмоқда. Вилоят вакилларининг маълум қилишича, хорижда ёнғоқнинг харидоргирлиги ҳисобга олиниб Бахмалда 400, Ғаллаорол, Зомин, Фориш туманларининг ҳар бирида 100 гектардан ёнғоқзор ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ғалладан бўшаган икки минг гектар майдонда ҳосилдорлиги юқори гулкарам, қалампир ва бошқа экинлар экилади.
Ярмарка давом этмоқда.