ЎзА Ўзбек

18.01.2018 12:59 Чоп этиш версияси

Эксперт: Аҳоли турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичларни хорижий валютада кўрсатиш тўғрими?

Эксперт: Аҳоли турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичларни хорижий валютада кўрсатиш тўғрими?
Эксперт Акмал Абдураимовнинг фикрича, даромадларни хорижий валюта курсининг ўзгариши билан боғлаш аҳоли учун табиий ҳолат. 2017 йилнинг 5 сентябридан миллий валюта эркин конвертациясининг жорий қилиниши ва валюта курсининг қарийб икки марта оширилиши натижасида аҳоли даромадларининг икки марта пасайди дейиш учун асос бўла олмайди. 

Мутахассислар яхши билишади: эркин конвертацияга ўтиш механизми – миллий валютанинг хориж валютасига нисбатан қадрини ўзгартириш усули бўлиб, у мамлакатимиз ҳудудида товарлар олди-сотдисига, яъни аҳолининг тўловга қобилиятига таъсирини кўзда тутмайди.

– Оддий қилиб айтганда, аслида аҳоли тўлов қобилиятининг ортиши ёки тушиши миллий валюта курсига эмас, балки ички бозордаги нархлар даражасига боғлиқ, – дейди эксперт. – Биринчидан, ички бозорда аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган барча турдаги товар ва хизматларнинг нархлари миллий валюта – сўмда белгиланади ва уларнинг асосий қисми республикамизда ишлаб чиқарилади. 

Иккинчидан, импорт қилиб келтирилган истеъмол товарларининг асосий қисми аввал “қора бозор”даги хориж валютаси курсида сотилганлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Шу боисдан ҳам валюта ислоҳоти жараёнида Президентимиз ташаббуси билан истеъмол товарларининг божхона тўловлари ставкалари икки баробар камайтирилди. Шунингдек, айрим ўзимизда етарли даражада ёки умуман ишлаб чиқарилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини четдан келтириш учун давлатимиз томонидан ҳар томонлама қулайликлар яратилди. Бундай омиллар нархларнинг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик учун муҳим замин яратди.

ЎзА мухбири Шаҳноза Маматуропова ёзиб олди
15 994