ЎзА Ўзбек

25.09.2018 Чоп этиш версияси

“E-auksion.uz“ – тадбиркорлик сари шаффоф йўл

“E-auksion.uz“ – тадбиркорлик сари шаффоф йўл

Тошкент вилояти Зангиота туманида е-auksion.uz веб-сайтига киритилган тадбиркорлик лойиҳалари кўргазмаси ўтказилди. Унда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ ва таълим каби қатор йўналишларда 200 га яқин лойиҳа тақдим этилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокимлиги масъуллари, фаоллар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, айниқса, соҳага ортиқча вақт, қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларнинг олдини олишга қаратилган инновацион технологияларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарори тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш механизмини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатлардаги бюрократик тартиб-таомиллар ва тўсиқларни қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Сир эмас, тадбиркорлик фаолияти учун ер участкалари беришда кўплаб ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраб турар эди. Бу эса ер участкаларини беришнинг танлов тартиби лозим даражада йўлга қўйилмаганидан далолат. Ўз навбатида, ер участкаларини бериш бўйича материалларни кўриб чиқиш ва келишишда ваколатли органларнинг ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланмаслиги ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари чўзилишига сабаб бўлар ва бюрократик тўсиқларни келтириб чиқарар эди.

– Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун етарли маблағ бўлар, лекин зарур ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштиришдаги сансалорлик, бюрократизм, айниқса, бу жараённинг ҳатто йиллаб чўзилиб кетиши иштиёқингни сўндириб, ҳафсалангни пир қилар эди, – дейди иштирокчи К.Нуров. – Шундан келиб чиқиб, ҳозир кўз ва қулоқларимга ишонмай турибман. Наҳотки, кўрган-кечирганларимиз тарихда қолди. Шуларни ўйлаб, ич-ичимдан “Давринг келди – тадбиркор!“, деган бир нидо отилиб чиқмоқда.

Дарҳақиқат, қарорга мувофиқ, доимий фойдаланишга бериладиган ер участкаларини ажратиш бўйича материалларни йиғиш ва ваколатли ташкилотлар билан келишиш тартиб-таомилларини бажариш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилди. Интернет тармоғида электрон онлайн-аукционлар ташкил этиш марказининг e-auksion.uz веб-сайти ишга туширилди.

Энди электрон онлайн-аукционларда ҳар қандай шахсга e-auksion.uz веб-сайти орқали иштирок этиш имконияти яратилди. Бунинг учун электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон аризани бериш ва лойиҳанинг бошланғич тўлов пулини киритиш кифоя. Бундан ташқари, бевосита аукционни ўтказиш ва ғолибни аниқлаш жараёни махсус дастур орқали амалга оширилиши, унга ташқаридан аралашишнинг мутлақо имкони бўлмаслиги мавжуд муаммоларни бартараф этиб, тадбиркорлик ривожини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Кўргазмада тадбиркорлик лойиҳаларини тақдим этиш билан бир қаторда, иштирокчиларнинг тумандаги бўш ер майдони ва объектларда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга оид таклифлари қабул қилинди.

9 064
Авазбек Худойқулов, ЎзА​​