ЎзА Ўзбек

19.07.2020 Чоп этиш версияси

Дунёнинг ярим бойлигига 26 киши эгалик қилмоқда

Дунёнинг ярим бойлигига 26 киши эгалик қилмоқда

Дунёнинг 26 нафар бой одамлари сайёрамиз аҳолисининг ярми тўплаган бойликни қўлида сақламоқда, Ер куррасининг 70 фоиз аҳолиси ўсиб бораётган тенгсизлик шароитида яшамоқда, деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш.

Ўтган шанба куни Бош котиб Африканинг жанубида умрини апартеид режимига қарши курашга бағишлаган Нелсон Манделанинг хотирасига бағишлаб видеоалоқа орқали маъруза қилди.

«Тенгсизлик ҳозирги даврга хос бўлиб бораётган жиҳатга айланган. Дунё аҳолисининг 70 фоизидан зиёди даромад ва бойлик орттиришда тенгсизсизликнинг ўсиб бориши шароитида кун кечирмоқда. Куррамиздаги йигирма олтита энг давлатманд одамлари қўлида тўпланган бойлик сайёрамиз аҳолисининг ярмининг бойлигига тенг», — деди Гутерреш.

Бош котибнинг такидлашича, тенгсизлик нафақат даромадлар, ойлик маошлар ва бойлик билан ўлчанади. Унинг таъкидлашича, одамларнинг ҳаётида бирор нарсага эришишга бўлган имконияти «унинг жинсига, оилавий ва этник келиб чиқишига, ирқига, ногиронлиги ёки ногирон эмаслигига ва бошқа омилларга боғлиқ бўлиб қолмоқда».

Гутеррешнинг таъкидлашича, кўпчилик учун, айниқса, маҳаллий халқлар, мигрантлар, қочқинлар ва бошқа турли озчиликлар учун бундай тенгсизлик камситилиш, қадрини ерга уриш ҳисобланади. Бундай тенгсизлик инсон ҳуқуқига тўғридан-тўғри тажовуз солади, деди у.

"COVID-19 пандемиясигача ҳам дунёдаги кўплаб одамлар тенгсизлик уларнинг ҳаётий истиқболини ва имкониятларини йўққа чиқараётганини тушуниб етганди. Улар дунёнинг мувозанатдан чиқиб бораётганига гувоҳ бўлмоқда, ўзларини тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган, деб ҳис қилмоқда. Улар мамлакатида олиб борилаётган иқтисодий сиёсат натижасида ресурслар юқорига, имтиёзли, мавқеи баланд озчиликка йўналтирилаётганини кўриб турибди", — дея таъкидлади Гутерреш.

У барча қитъаларда миллионлаб кишилар ўзларининг овозлари эшитилиши учун кўчага чиқаётганини эслатди.

«Буларнинг барчасига юқори ва ўсиб бораётган тенгсизлик умумий омил бўлмоқда», — деди у.

11 480
ЎзА