ЎзА Ўзбек

11.04.2019 12:22 Чоп этиш версияси

Дунёга машҳур бизнесмен Фаттоҳ Шодиев Сирдарё вилоятига 40 миллиард сўм ажратмоқда

Дунёга машҳур бизнесмен Фаттоҳ Шодиев Сирдарё вилоятига 40 миллиард сўм ажратмоқда

Жорий йил 9 апрель куни асли келиб чиқиши ўзбекистонлик ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида ўз тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган саҳоватпеша инсон Фаттоҳ Қаюмович Шодиев делегациясини вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев кутиб олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар тарқатди.

“Учрашувда делегация аъзолари Фаттоҳ Шодиев ташаббуси билан “Шодиев Халқаро фонди” жамғармаси томонидан Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, хусусан, Сирдарё халқининг турмуш тарзини янада яхшилаш, ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари учун ҳомийлик ҳисобига 40 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилганини айтиб ўтди.

Бугун ажратилиши режалаштирилган маблағнинг қарийб 30 миллиард сўми вилоятимизнинг махсус ҳисоб рақамига келиб тушди”, дейилади хабарда.

Мазкур маблағлар “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилиши белгиланган вилоятимизнинг чекка қишлоқларини одобонлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини, автомобиль йўлларини, оқова сув тизимларини мукаммал таъмирлаш бир сўз билан айтганда, аҳолини турмуш тарзини яхшилаш учун йўналтирилади. Шунингдек, маблағнинг бир қисми Президентимиз ташаббуси билан Ховос туманида барпо этилаётган “Xovos city” қурилишига сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда “Фаттоҳ Шодиев – жаҳонга машҳур бизнесмен ҳамюртларимиз” сарлавҳада мақола эълон қилинган эди.

ЎзА
5 189