ЎзА Ўзбек

13.05.2019 11:24 Чоп этиш версияси

ДХШ – ҳукумат ва инвестор ўртасида кўприк

ДХШ – ҳукумат ва инвестор ўртасида кўприк

Пухта ўйланган режа – ривожланиш кафолати. Замонавий иқтисодиёт, хусусан инновацион иқтисодиётнинг энг муҳим шарти – аниқ режа ва лойиҳанинг мавжудлигида.

Миллий ва хориж тажрибадан аёнки, шундай соҳалар борки улар давлат ва хусусий бизнес вакилларининг мақсадларига ҳамоҳангдир. Аммо бу муштараклик доим ҳам бир нуқтада кесишавермайди.

Ривожланган давлатлар иқтисодиётига эътибор қилсак, ҳукумат ва инвестор учрашадиган чорраҳа вазифасини давлат хусусий шериклиги бажаради. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига, инфратузилмаларнинг янгиланиши ва тараққиётга сабаб бўлиш билан бирга, бизнес вакили учун ҳам яхшигина даромад манбаига айланиб улгурган. Шу жиҳатни инобатга олганда мутахассислар Давлат хусусий-шериклиги муштарак мақсадларни рўёбга чиқарувчи энг мақбул йўл дея, эътироф этишмоқда.

Ўзбекистонда ҳам Давлат-хусусий шериклиги асосида лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора- тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, шунингдек инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этиш агентликнинг асосий вазифалари қилиб белгиланди. 

Давлат- хусусий шериклиги нима?

Унинг мазмун моҳиятига бир оз тўхталадиган бўлсак, аслида давлат-хусусий шериклигининг кўплаб тарифлари мавжуд. Бироқ, энг содда ва барча учун тушунарли тарифи: Бу йирик лойиҳаларни амалга оширишда хусусий инвестицияларни жалб қилган холда, илғор бошқарув амалиётини жорий қилишдир. Бир сўз билан айтганда жамият ҳаётига тааллуқли бўлган вазифаларни ҳал қилишда давлат ва бизнес вакили ўртасида узоқ муддатли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик моделидир. Бу йўналишда жамият ва миллий иқтисодиётга фойда келтирувчи соҳалар, жумладан электростанциялар, иссиқлик энергияси таъминоти, шифохоналар, мактаб ва болалар боғчалари, ичимлик ва оқава сувлар, аэропортларни қуриш, таъмирлаш, реконструкция, қилишда ҳукумат ва инвестор кўп йиллик манфаатли алоқани йўлга қўяди. Натижада давлат янги қурилган ёки реконструкция қилинган давлат объектларига эга бўлади. Хусусий шерик эса ишга тушган ва қайта таъмирланган объектларда иш бошлаши ҳисобига яхшигина даромадга эга бўлади. Шунингдек, унинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини давлат узоқ йилга кафолатлаб қўйади. Сўнгги 30 йил ичида айни йўналишдаги ҳамкорлик бутун дунёда оммалашди. Томонлар ўз манфаатларига яраша фойда ҳам кўрмоқда. 

Давлат-хусусий шериклигида, инвестор, тадбиркорнинг мажбуриятлари нималардан иборат?

Жавоб оддий. “Қуриш-эксплуатация-ишга тушириш” яъни “BOT: Build-Operate-Transfer” тамойили. Хусусий шерик давлат билан тузилган шартномага асосан янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган ёки модернизация қилинаётган объектнинг маълум қисмини молиялаштиради. Кейинчалик эксплуатация ва техник хизмат кўрсатади. Ишга тушган объектдан кейиничалик тўлиқ фойдаланиб даромад олишни бошлайди. Бунда албатта давлат белгилаган солиқларни тўлаш талаб этилади. Битим якунида эса ушбу объектни давлатга топширади. Ёки битимнинг амал қилиш муддатини давлат шериги билан келишган ҳолда узайтириши мумкин.

Давлат-хусусий шериклигида давлатнинг мажбуриятлари нималардан иборат бўлади?

Давлат шеригининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат: Давлат қонун талабларига тўлиқ риоя этишга мажбурдир. Лойиҳага мўлжалланган объект ёки ҳудудни ўрганиб чиқиши учун инвесторга барча зарурий шароитларни яратиб бериши керак. Битимини амалга ошириш учун керакли литцензия ва рухсатномаларни олишда хусусий шерикка максимал даражада ёрдам беради. 

Яна бир муҳим жиҳат лойиҳа учун киритилаётган инвестиция ва даромадларни эркин бошқариш ва тасарруф этишда давлат хусусий шеригининг ҳуқуқларини чекламайди. Давлат лойиҳанинг барча жараёнларини қамраб олувчи механизмни яратиши лозим. Хусусан, қурилиш-молиялаштириш, эксплуатация ва техник хизматни қамраб олиши керак. Ушбу жараённинг муваффақиятли амалга ошиши учун давлат хусусий шеригини турли иқтисодий хатарлардан ҳимоялайди. Бироқ давлат лойиҳа якунида албатта ўз улушидан фойда кўриши лозим.

Давлат-хусусий шериклигининг асосий йўналишлари нималардан намоён бўлади?

1. Ўзбекистон республикаси иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши таъминлаш ва рағбатлантириш
2. Мавжуд ижтимоий инфратузилмаларни сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш, таъмирлаш ва улардан самарали фойдаланиш
3. Хусусий сектор маблағларини жумладан, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш
4. кўрсатилаётган давлат хизматлари турларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини ошириш

Агар таҳлилларга назар солинса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда хусусий инвестицияни жалб қилиш зарур бўлиб, Осиё тараққиёт банкининг ҳисоботига кўра, юртимизда ҳар йили ушбу соҳаларни ривожлантириш учун ЯИМнинг 7,4 фоизи миқдорида, 3,6 миллиард доллар инвестициялар талаб этилади.

Бунда транспорт, энергетика, ичимлик суви ва санитария соҳаларига кўпроқ инвестиция жалб қилиш керак. Демак, бу жараёнда давлат-хусусий шерик механизми ҳар икки тараф учун мақбул ва ишончли йўлдир. Давлат ҳам инвестор ҳам шерикликка тайёр. Аммо, ҳар икки томон ҳам ўзининг манфаати ва ҳуқуқини қонуний ҳимояланишини талаб этади.

Бу борада яқинда қабул қилинган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун қонуний манфаатларни ҳимоя қилади. Давлат-хусусий шерик механизмидаги яна бир муҳим жиҳат. Томонларнинг ўзаро манфаатли алоқаларини йўлга қўйишда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги иш олиб боради. 

Бунда агентлик кўзда тутилган лойиҳалар бўйича ўтказилаётган тендерларнинг соғлом рақобат руҳида ўтишини таъминлайди. Томонларга методик ва амалий кўмак кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29-апрелдаги қарорига асосан агентлик жорий йилда умумий қиймати 1 миллиард 660 миллион доллар миқдоридаги 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Ушбу лойиҳалар йўналишлар ҳақида кенг жамоатчилик, тадбиркорлар ва ҳудуд мутасаддиларига батафсил маълумот бериш мақсадида агентлик семинар-тренинглар, бизнес учрашувлар ташкил этиб келмоқда. Халқаро молиявий ташкилотлар, хорижий давлатлар молия институтлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Ушбу учрашувларда вазирликлар, давлат идоралари ва вилоят ҳокимликлари томонидан тақдим қилинган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Улар юзасидан маслаҳатлар берилиб, давлат-хусусий шериклик фаолияти қандай шартларда амалга оширилиши, унда кимлар иштирок эта олиши каби шартлар тушунтирилмоқда. Шунингдек, ушбу соҳада чет эл давлатларидаги қўлланилаётган илғор тажрибалар юзасидан ҳам фикрлар алмашинмоқда. 

Қисқача айтганда, давлат-хусусий шериклиги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг самарали воситасидир. Ўз ўрнида ҳам давлат ҳам инвесторнинг узоқ йиллик манфаатларига хизмат қилувчи жараёндир.

ЎзА
1 981