Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 17:48 Чоп этиш версияси

Дилнозанинг иш жойи тайин

Дилнозанинг иш жойи тайин Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Ёш мутахассис – 2017» меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда турли идора ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Университет проректори И.Раҳматуллаев ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Бугунги кунда мазкур таълим даргоҳини битирган минглаб малакали мутахассислар давлат ва нодавлат ташкилотлари, нуфузли таълим муассасаларида самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилда университетни бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари бўйича икки мингга яқин йигит-қиз тамомлайди.

Ярмаркада иш берувчилар билан битирувчилар ўртасида бевосита мулоқот ва шартномаларни расмийлаштириш ишлари олиб борилди. Битирувчилар ўз мутахассислиги ва қизиқиши бўйича турли ташкилот ва таълим муассасалари билан шартномалар имзолади.

Университетнинг журналистика факультети тўртинчи курс талабаси Дилноза Жуманиёзова “Туркистон” газетаси ходимлари билан суҳбатдан муваффақиятли ўтди.

– Меҳнат ярмаркасида қатнашиб, ўз мутахассислигимга доир иш топдим, – дейди Д.Жуманиёзова. – Таълим даргоҳида олган назарий билимларимни тўрт йилдан буён газета ва журналларда амалиётда янада мустаҳкамладим. Суҳбатда касбга доир савол-жавоблардан ўтиб, «Туркистон» газетасининг ўзим туғилиб ўсган Хоразм вилояти мухбирлигига ишга жойлашдим.

Ўтган ўқув йили натижаларига кўра, университет битирувчиларнинг 90 фоизига яқини муқим иш жойига эга бўлган. Университет жамоаси иш берувчилар билан шартнома имзоланганидан кейин битирувчиларнинг иш билан таъминланганликларини доимий мониторинг қилиб боради. Иш берувчилар ёш мутахассислар ҳақида ижобий фикрлар билдирмоқда.

– Мутахассисларимиз билан суҳбатдан ўтган барча номзодлар чуқур билимга эгалиги ва меҳнат фаолиятини бошлашга тайёрлигини намойиш этди, – дейди Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Соҳибжон Эргашев. – Ўтган йили ушбу таълим даргоҳидан элликка яқин мутахассисни иш билан таъминлаган бўлсак, жорий йилда юзга яқин битирувчи учун иш ўрни таклиф қилдик.

Меҳнат ярмаркасида битирувчи ва иш берувчилар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланди.

Шаҳноза Маматуропова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
4 621






Все о погоде - Pogoda.uz