ЎзА Ўзбек

13.07.2020 Чоп этиш версияси

DFC бош директори Адам Бойлер: «Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланишда давом этишини кутяпман»

DFC бош директори Адам Бойлер: «Ўзбекистон билан муносабатларнинг ривожланишда давом этишини кутяпман»

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC ), компания бош ижрочи директори Адам Бойлер ва АҚШнинг Афғонистондаги ярашув бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод бошчилигидаги Америка делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якуни бўйича сармоя ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида ҳамкорликка оид қўшма баёнотни эълон қилди.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра, Адам Бойлер ижтимоий тармоқларда ушбу ҳужжатни қуйидагича изоҳлади: “DFC ва Ўзбекистон иқтисодий ўсиш, барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бошқа инвестициялар соҳасида келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида баёнот берди. Яқинда минтақага қилган сафаримдан сўнг, мен Ўзбекистон билан DFC ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни давом эттиришдан умидворман.

Қабул қилинган қўшма баёнотда томонлар янги иш ўрни ташкил этиш, аҳолининг инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, муқобил энергияни кенг жорий этишга йўналтирилган хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус дастурларни амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Ўзбекистонда энергетика, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида DFC маблағларини жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида стратегик инфратузилма лойиҳаларини аниқлаш ва амалга ошириш мақсадида мунтазам равишда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Шу нуқтаи назардан, халқаро ривожланиш стандартларига жавоб берадиган, шу жумладан очиқлик, шаффофлик ва молиявий барқарорликни таъминлайдиган лойиҳаларга узоқ муддатли хорижий инвестициялар оқимини рағбатлантириш учун мўлжалланган «Blue Dot Network » ташаббуси билан лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон аъзолик мезонлари, сертификатлаш шартлари ва тармоқнинг ташкилий тузилишини белгилаш мақсадида «Blue Dot Network »га кириш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиради.

Ўзбекистон элчихонасининг маълумотига кўра, хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий ҳаётида тўла ва эркин иштирок этиш имкониятларининг кенгайиши ўзаро ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши сифатида белгиланган. Ушбу мавзу DFC раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувида алоҳида муҳокама қилинди. Хусусан, Президент Доналд Трамп томонидан эълон қилинган –ривожланаётган мамлакатларда хотин-қизларга тенг иш имкониятларини яратишга қаратилган дастурларни молиялаштиришга ёрдам бериш лойиҳаси – «Хотин-қизлар учун глобал ривожланиш ва фаровонлик ташаббуси»ни таълим олиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ўқитиш имкониятларини кенгайтириш орқали Ўзбекистонда амалга ошириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Ҳужжатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, шунингдек, Афғонистоннинг Марказий Осиё билан савдо-иқтисодий, транспорт ва энергетика алоқаларини кенгайтириш орқали иқтисодий тикланишига бўлган ўзаро интилиш алоҳида таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, Адам Бойлер ва Залмай Ҳалилзод бошчилигидаги АҚШ делегацияси жорий йилнинг 29 июнь - 1 июль кунлари Ўзбекистонда бўлди.

4 263
ЎзА