ЎзА Ўзбек

24.01.2019 Чоп этиш версияси

​Депутатлар “Ўзагротехсаноатхолдинг” фаолияти билан танишди

​Депутатлар “Ўзагротехсаноатхолдинг” фаолияти билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари “Ўзагротехсаноатхолдинг“ акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш, эксплуатация, таъмирлаш сифатини тубдан такомиллаштириш йўналишлари бўйича олиб борилаётган ишлари билан танишди.

9-faqat saytga.jpg

“Ўзагротехсаноатхолдинг“ АЖ тизимида Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, “Агрегат заводи”, “Технолог”, “Урганчкормаш” акциядорлик жамиятлари, “UzCLAASAgro”, “Лемкен – Чирчиқ”, “ЎзКейсмаш”, “Амкодор Агротехмаш” каби қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган йил мобайнида жамият тизимидаги корхоналарда жами 11 минг 570 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди. Жумладан, 3 минг 817 трактор, 477 дона тиркама, 3 минг 327 та ишлов бериш техникаси, 672 та пахта сеялкаси, 335 ғалла сеялкаси, 668 пахта ва ғалла ўриш комбайни, 1 минг 135 пахта культиваторлари ички ва ташқи бозорлардаги истеъмолчиларга етказиб берилди.

Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида айни пайтда 7 турдаги трактор, 2 турдаги пахта териш машинаси, шунингдек, юк ташишга ихтисослашган тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда. Завод ўтган йил мобайнида 900 миллиард сўмликдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаларини мамлакатимиз деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берди. Шунингдек, корхона фаолияти Германия, Италия, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ҳисобига бойиди.

16.jpg

Корхона конвейерларидан чиқаётган “TTZ 100 HC”, “TTZ 811”, “Беларусь”, “NEW HOLLAND” русумли тракторлар, пахта териш машиналари ва қатор тиркамалар “Made in Uzbekistan” тамғаси билан хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Жорий йилнинг 20 январь ҳолатига кўра, умумий қиймати 10,64 миллион АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги техникаси қўшни мамлакатларга экспорт қилинди. 2019 йилнинг январь-март ойлари давомида 5 миллион АҚШ долларига тенг қишлоқ хўжалиги техникаларини Туркманистонга етказиб бериш режалаштирилмоқда.

– Мамлакатнинг иқтисодий қудрати унинг саноати қай даражада ривожланганига боғлиқ, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Азамат Пардаев. – “Ўзагротехсаноатхолдинг“ фаолияти билан танишар эканмиз, тизимдаги завод ва корхоналарда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари нафақат юртимиз эҳтиёжини қоплашга, балки экспорт салоҳиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилаётганига амин бўлдик. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар мазмун-моҳиятини ишчиларга тушунтирдик, уларнинг амалдаги ижроси қай даражада таъминланаётганини кўрдик.

2019-2021 йилларда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ томонидан давлат-хусусий шериклик асосида тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган қиймати 73 миллион АҚШ долларига тенг 5 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳам режалаштирилган. Бунинг натижаси ўлароқ, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизгача етказилади, маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигига эришилади. Натижада 600 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Парламент аъзолари эътиборига “UzCLAASAgro” МЧЖ Ўзбекистон – Германия қўшма корхонаси иш фаолияти, қишлоқ хўжалиги техникалари эксплуатацияси ва уларга сервис хизмати кўрсатиш, ишлаб чиқариш жараёнида замонавий техника ва технологиялардан унумли фойдаланиш бўйича тақдимот ҳавола қилинди.

20.jpg

24.jpg

28.jpg

31.jpg

35.jpg

39.jpg

46.jpg

65.jpg

6 603
Нурилло Насриев, Фарҳод Абдурасулов​ (сурат)​, ЎзА​