ЎзА Ўзбек

20.08.2015 16:13 Чоп этиш версияси

Дефолиация – муҳим агротехник тадбир

Наманганда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш тадбирларига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокимлари, мутахассислар, фермерлар ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Жорий йилда вилоятда 82 минг 600 гектар майдонда пахтанинг маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил ва эртапишар навлари етиштирилди. Шундан 69 минг гектар пахтазорни дефолиация қилиш режалаштирилган.

– Дефолиация ўз вақтида ва тўғри ўтказилганда ғўза барглари тўлиқ тўкилиб, кўсак 10-15 кун эрта пишиб етилади, – дейди вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Олимжон Қаюмов. – Бу терим суратини ошириши билан бирга, ғўза касалликлари, зараркунандалар, айниқса, қора шира тушган майдонларга самарали таъсир қилади. Кўсак ва толанинг чиришини камайтириб, ҳосилдорлик юқори бўлишини таъминлайди.

Вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда дефолиация тадбирларини тез ва сифатли амалга ошириш мақсадида 102 отряд ташкил этилган.

Иштирокчилар вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамияти Уйчи тумани филиалида дефолиация тадбирини ташкил қилиш бўйича амалга оширилган тайёргарлик ишлари билан танишди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
5 798