ЎзА Ўзбек

18.08.2015 17:43 Чоп этиш версияси

Деҳқон ҳам, харидор ҳам хурсанд

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами олдидан аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти шаҳар ва туманларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан деҳқон бозорларида маҳсулот етиштирувчилар учун яратилган шароит, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини арзонлаштириш чоралари ўрганилиб, бу борада харидор ва сотувчиларга қўшимча қулайлик яратишга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилди.

Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорида асосий расталарнинг бир қисми фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирилган. Бу ерда фермер хўжаликлари ва савдо корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига арзон нархларда сотилмоқда. Барча савдо расталари терминаллар билан таъминланган. Бундан харидорлар ҳам, миришкорлар ҳам хурсанд.

– Бугунги кунда бозорларимиздаги ободонлаштириш тадбирлари, санитария ҳолати, маҳсулотлар нархи ва сифатидан барча мамнун, – дейди меҳнат фахрийси Ойсара Эшчонова. – Айниқса, фермер хўжаликларида етиштирилаётган ноз-неъматларни уларнинг ўзларидан арзон нархларда сотиб олиш имконияти мавжудлиги бизга жуда манзур бўлмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
6 053