ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Давлат иштирокидаги банклар халқаро молия институтлари ҳамкорлигида трансформация қилинмоқда

Давлат иштирокидаги банклар халқаро молия институтлари ҳамкорлигида трансформация қилинмоқда

Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан 2020-2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси, банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” ва стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Умуман, банк тизимини бугунги ислоҳотлар ва эҳтиёжлар талаби асосида ташкил этишда мазкур фармоннинг амалий аҳамияти қандай? Соҳа учун стратегия, “Йўл харитаси” ва кўрсаткичлар қандай имкониятлар яратади? Фармон ижросини таъминлаш аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайликлар бера оладими ёки бу фақат тизим учунми?

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти бошқарма бошлиғи Баҳром ЖЎРАЕВ билан суҳбати шу саволлар хусусида бўлди.

– Албатта, ҳар қандай соҳани ислоҳ қилишда ҳуқуқий мезонлар муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиққан ҳолда, Президентимизнинг ушбу фармони ҳам банк тизимини тубдан яхшилашга кенг имкониятларни очиб беради. Масалан, бугунги кунда банкларни трансформация қилиш жуда муҳим. Ҳужжатга асосан давлат иштирокидаги банклар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва улардаги давлат улушини қисқартириш талаблари қўйилмоқда.

Фармон билан қабул қилинган стратегия ўзининг моҳиятини келгуси беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишида намоён этади. Банк тизимининг самарадорлигини ва банкларнинг молиявий барқарорлигини ошириш, банк тизимида давлат улушини қисқартириш ва банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш айни устувор вазифалардир.

Бунда биринчи йўналиш бўйича банк тизимининг самарадорлигини оширишга эътибор қаратилади. Яъни, бу йўналишда банк тизимига замонавий ечимларни жорий қилиш, молиявий ва инсон ресурслари самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсата оладиган молиявий барқарор ва нуфузли инвесторларни жалб қилиш орқали банк тизимида рақобат муҳитини кучайтириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг бўш маблағларини фаол жалб этиш орқали банкларнинг давлат маблағларига бўлган қарамлигини камайтириш каби масалаларга кенг ўрин берилади.

Шу мақсадда Марказий банк томонидан Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги янги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Адлия вазирлигига давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборилди. Мазкур низомнинг қабул қилиниши банк бозорига аниқ ва узоқ муддатли стратегик ташаббусга эга бўлган барқарор иштирокчиларнинг киришини таъминлайди. Бундан ташқари, Марказий банк томонидан банкларнинг кредит, депозит ва касса операцияларини амалга ошириш тартиблари соддалаштирилди.

– Банк тизимида давлат улушини қисқартиришнинг тартиб-тамойили нималардан иборат?

– Аввало, банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар ҳақида тўхталсак. Стратегияда кўрсатилган иккинчи йўналишга асосан халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, кредитлашнинг мўътадил даражада ўсишини таъминлаш ва кредит портфели сифатини яхшилаш, банк назорати ва банкларда рискларни бошқариш тизимларини ривожлантириш, шу жумладан, рискка асосланган назорат тизимини татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.

Айни чоғда мазкур йўналишдаги вазифалар ижроси юзасидан Марказий банк томонидан тижорат банкларининг Корпоратив бошқарувига ҳамда Риск менежмент тизимига қўйиладиган талабларни белгиловчи низомлар ишлаб чиқилиб, рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилди.

Шу билан бирга, замонавий корпоратив бошқарув тамойилларига асосан “Саноатқурилишбанк” ва “Ипотека-банк”да 4 нафардан, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Микрокредитбанк”да 2 нафардан, ТИФ Миллий банки, “Асака” банк, “Туронбанк” ва “Агробанк”да 1 нафардан банк-молия соҳасида зарур малака ва тажрибага эга бўлган мутахассислар банк кенгашига мустақил аъзо сифатида жалб этилди.

Шунингдек, санаб ўтилган банклар томонидан йирик хорижий банкларда амалий тажрибага эга бўлган 20 нафарга яқин мутахассис индивидуал шартномалар орқали банк риск-менежмент тизимини такомиллаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион хизмат турларини жорий қилишга жалб этилган.

Энди банк тизимида давлат улушини қисқартириш масаласига келсак, бунда стратегияда давлат иштироки сақлаб қолинадиган ва хусусийлаштириладиган банклар аниқ белгилаб берилган. Хусусан, банк тизимини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш даврида ҳосил бўладиган иқтисодий бўшлиқларни тўлдириш мақсадида давлат иштироки 3 та банкда сақлаб қолиниши белгиланди.

Яъни, барча аҳоли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга ошириш мақсадида давлат иштироки ТИФ Миллий банки, “Агробанк” ва “Микрокредитбанк”да сақлаб қолинади.

“Ипотека-банк”, “Саноатқурилишбанк”, “Асака” банк, “Алоқабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Туронбанк”даги давлат улуши 2 босқичда хусусийлаштирилади. Бунда биринчи босқичда банклар фаолияти халқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилинади, иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакети стратегик инвесторларга сотилади.

– Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳозирга қадар Халқаро молия корпорацияси “Ипотека-банк”, “Саноатқурилишбанк” ва “Туронбанк”ни трансформация қилиш жараёнига, Европа тикланиш ва тараққиёт банки “Асака” банк ва “Алоқабанк”ни трансформация қилишга ҳамда Осиё тараққиёт банки Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда “Алоқабанк”ни трансформация қилишга жалб этилди.

Шунингдек, PricewaterhouseCoopers ва KPMG каби халқаро консалтинг компаниялари билан “Агробанк”, “Микрокредитбанк” ва “Қишлоқ қурилиш банк”ни трансформация қилишга келишиб олинди. Бугунги кунга қадар мазкур банклар фаолиятини диагностикадан ўтказиш ишлари якунланди ва ҳозирда трансформация жараёнларини амалга ошириш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилмоқда.

Трансформация жараёнини қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқаро молия корпорацияси томонидан “Ипотека-банк”ка 35 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш юзасидан шартнома имзоланди. “Саноатқурилишбанк”ка 75 миллион доллар кредит ажратиш масаласи эса мазкур ташкилот томонидан кўриб чиқилмоқда. Айтиб ўтиш лозимки, ушбу кредитлар трансформация якунида банкларнинг капиталига конвертация қилинади, яъни бу маблағлар банк акцияларини сотиб олишга йўналтирилади.

– Тизимни ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлган “трансформация” сўзига изоҳ бериб ўтсангиз. Бу сўз ҳам халқаро тажриба билан боғлиқми?

Трансформация том маънода ўзгартириш дегани. Бизнинг ҳолатда давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилиш деганда халқаро молия институтлари билан биргаликда мазкур банкларнинг бизнес моделларини ўзгартириш орқали улар фаолиятини тижоратлаштириш ва мижозга йўналтиришдир. Ўз навбатида, бунда банкларнинг корпоратив бошқарув ва риск-менежмент тизимларини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ва кўламини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш тушунилади.

Айни жиҳатлар стратегиянинг тўртинчи йўналиши – банк хизматлари оммабоплигини оширишга ҳам ижобий таъсир этади. Бу йўналишда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, етарли даражада хизмат кўрсатилмайдиган қатлам, яъни паст даромадли жисмоний шахслар, қишлоқ аҳолиси, микрофирма ва кичик корхоналарни базавий банк хизматлари билан қамраб олиш назарда тутилган.

Бунинг учун эса давлат иштироки аҳоли ва кичик бизнес субъектларининг етарлича хизмат кўрсатилмайдиган ва заиф қатламларига йўналтирилади. Мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида молиявий воситачилик экотизими ривожлантирилади ҳамда халқаро тажрибага асосан Молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади. Ҳозир мазкур стратегияни ишлаб чиқиш учун Марказий банк томонидан Жаҳон банкининг техник кўмаги жалб қилинган. Шунингдек, мамлакатда молиявий оммабоплик ва саводхонлик даражасининг жорий ҳолатини ўрганиш мақсадида Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда аҳоли ўртасида сўровнома ҳам ўтказилди.

Сўровнома натижаларидан фойдаланган ҳолда жорий йилнинг сентябрь ойига қадар молиявий хизматлар қамровини ошириш, рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиялашнинг қўшимча каналларини ривожлантириш мақсадида Марказий банк томонидан Нобанк кредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

– Сизнингча, стратегия доирасида амалга ошириладиган ишлар қандай натижа беради?

– Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга оширишдан асосий мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳамкори бўладиган замонавий банк тизимини яратишдан иборатдир.

Демак, ушбу стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш орқали қуйидаги кўрсаткичларга эришилади: давлат улуши бўлмаган банклар активларининг банк тизими жами активларидаги улушини жорий 16 фоиздан 2025 йил якунига қадар 60 фоизгача ва банкларнинг хусусий сектор олдидаги мажбуриятларининг умумий мажбуриятлардаги улушини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига қадар 70 фоизгача оширилади.

Шунингдек, давлат улушига эга камида учта банк капиталига 2025 йилга қадар етарли тажриба, билим ва обрўга эга камида учта стратегик хорижий инвесторлар жалб қилинади. Умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотларининг улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йил якунига қадар 4 фоизга етказиш ҳамда банкларнинг хорижий валютадаги мажбуриятларининг жами мажбуриятлардаги улушини жорий 58 фоиздан 2025 йил якунига қадар 40 фоизгача камайтириш режалаштирилган.

Таъкидлаганимиздек, мақсад аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатли ва қулай банк хизматлари кўрсатилишини таъминлашдан иборат. Ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг дастлабки натижалари кўзга ташланмоқда. Жумладан, қисқа вақт ичида банк операцияларини рақамлаштириш бўйича сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Банклар томонидан бир қанча янги банк хизматлари ва маҳсулотлари жорий қилинди.

Масалан, трансформация жараёнлари амалга оширилаётган банклар томонидан аҳоли учун 19 та ва тадбиркорлар учун 39 та модулли кредит маҳсулотлари жорий қилиниб, ушбу хизматларнинг асосий қисми онлайн тарзда таклиф қилинмоқда. Шунингдек, истеъмол товарларини кредит ҳисобига масофадан сотиб олиш мумкин бўлган махсус платформа, яъни электрон савдо майдончаси ишга туширилди. Жисмоний шахсларни биометрик (бармоқ изи, FaceID каби) усуллар билан ва масофадан идентификация қилиш имконияти яратилди. Тўловларни QR ҳамда Touch to Phone технологиялари орқали қабул қилиш тизими жорий қилинди. Халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушган пулларни банкка бормасдан мобиль илова орқали ёки тўғридан-тўғри банк картасига қабул қилиш имконияти яратилди. Банк карталарига онлайн ариза бериш ва уни мижозга етказиб бериш каби янги хизматлар таклиф қилина бошланди.

Мухтасар айтганда, тизимдаги бу каби ўзгариш ва янгиликлар мамлакатимиз иқтисодий ўсиши ва барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, халқимизнинг фаровон ва осойишта ҳаётини кафолатлашга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган бугунги кун ислоҳотлари шундай эзгу амалларга йўғрилгани билан аҳамиятлидир.

ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди


3 887
ЎзА