ЎзА Ўзбек

28.01.2016 16:08 Чоп этиш версияси

Даштободда замонавий деҳқон бозори

Жиззах вилоятининг Зомин тумани Даштобод шаҳрида янги деҳқон бозори фойдаланишга топширилди. 4,5 гектардан зиёд майдонни эгаллаган савдо мажмуасини барпо этишда 7 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Даштобод мамлакатимизнинг замонавий ва кўркам шаҳарларидан бирига айланиб бормоқда. 2011 йилда Даштобод – Янгиер темир йўлининг қурилиши шаҳар инфратузилмасини янада ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Қарийб 30 минг аҳоли истиқомат қилаётган шаҳардаги умумтаълим мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, касб-ҳунар коллежида ўқувчи-ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, жисмонан чиниқиши учун барча шароит яратилган. Шаҳарда 3 йирик саноат, 10 қурилиш, транспорт, алоқа корхонаси, 200 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг охирида йилига 250 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга “Даштобод цемент” корхонаси ишга туширилди.

Миллий ва замонавий меъморчилик услубида барпо этилган “Даштобод” деҳқон бозорининг фойдаланишга топширилиши шаҳар иқтисодини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бозорнинг тўртта павильонида гўшт, сут, тухум ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хўжалик моллари сотишга мўлжалланган 360 савдо растаси мавжуд. Барча иншоотлар тоза ичимлик суви билан таъминланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш омбори, автомобиль тўхташ жойи қурилгани сотувчи ва харидорларга янада қулайлик яратмоқда.

– Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ва ҳаётимизда рўй бераётган улкан ўзгаришларни шаҳримиз мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди меҳнат фахрийси Ҳайдар Абдураҳмонов. – Юртимиздаги фаровонликни янги қурилган бозорларимиз яққол акс эттириб турибди. Бу Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тинчлик ва осойишталигимиз мустаҳкамлигининг самарасидир.

Ўтган йили Жиззах шаҳрида учта йирик бозор мажмуаси – “Марказий деҳқон бозори”, “Эски шаҳар деҳқон бозори”, “Эски шаҳар буюм бозори” қайтадан қурилган эди. Айни пайтда туманлардаги 30 деҳқон ва буюм бозорини замонавий савдо мажмуаларига айлантириш ишлари давом эттирилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
6 299