Чуқур ўйланган стратегия – иқтисодий ўсиш ва ҳаёт сифатини ошириш асоси
Ўзбекистон Ҳукумати ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар стратегик истиқболда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган
Ўзбекистон Ҳукумати ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар стратегик истиқболда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аниқланаётган ва бутун халқимиз томонидан ошкора муҳокама этилаётган муаммоларнинг чуқурлиги уларни тезлик билан бартараф этиш учун барча мавжуд имкониятларни ишга солишни талаб этади. Шубҳасиз, стратегик бошқарувнинг илмий асосланган воситаларисиз олдимизга қўйилган мақсадларни рўёбга чиқаришнинг имкони йўқ.
Муваффақиятли замонавий давлатнинг изчил ривожланишини жамиятнинг устувор йўналишлари бўйича чуқур ўйланган стратегиясиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилгани бежиз эмас. Ижроси беш босқичга бўлинган республикамиз учун муҳим аҳамият касб этувчи ушбу ҳужжат лойиҳаси миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажриба таҳлили асосида ишлаб чиқилган.
Стратегия давлат бошқарувини ҳар томонлама ислоҳ қилиш, жамият қурилишини такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, пировардида, мамлакатимизни тубдан модернизация қилишга қаратилган. Стратегик бошқарувнинг илмий асослари – бугунги кунда иқтисод фанларининг муҳим соҳаларидан биридир. Чунки тармоқ ва корпоратив даражада, ҳудудлар ва йирик мегаполисларда ривожланган мамлакатларнинг давлат бошқарувига доир тажрибасини умумлаштиради ва тартибга солади.
Бу борада яқинда мамлакатимизда чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Владимир Квинтнинг “Стратегиялаш назарияси ва амалиёти” номли китоби муҳим аҳамиятга эга. Халқаро доираларда машҳур бўлган россиялик олим ушбу амалий ва услубий ишида стратегияларни шакллантириш механизмлари ва ҳар қандай специфика ва миқёсдаги муҳим бошқарув ечимларини ишлаб чиқиш усуллари ҳақида фикрларини баён қилади. Олимнинг фикрича, унинг китоби "Дайджест – стратегиялашнинг узоқ жараёнлари бўйича навигатор" ҳисобланади. Унинг сўзларини китобда ўз аксини топган стратегия тоифалари, миссия, стратег шахсияти, вазифаларнинг ресурс таъминоти таҳлили қоидалари, стратегик сценарийни танлаш ва унинг тактика билан бирикиши каби тушунчалар ҳам тасдиқлайди.
Аслида, муаллиф давлатга катта фойда келтирган ҳолда, рақобат, технологик, иқтисодий ва ҳатто сиёсий афзалликлардан самарали фойдаланиш бўйича кўп йиллик тажрибаси билан ўртоқлашади. Бу новаторлик китоби стратегия тушунчаси, стратегия назариясининг фалсафий илдизларини ўрганган ҳолда айнан стратегия иқтисодий ўсиш ҳамда ҳаёт сифатининг асоси эканлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилади.
Шунингдек, илмий иш муаллиф, академик Владимир Львович Квинтнинг кўп йиллик тадқиқотлари мевасидир. Ушбу китобнинг ўзига хослиги у корпорациялар, минтақалар, мамлакатлар ва ҳаттоки ҳарбий тузилмалар учун стратегия яратишга доир эксклюзив амалий тажриба асосида ёзилганида.
Китобнинг моҳияти муаллифнинг стратегик бошқарув назарияси ва амалиётини халқаро даражада ривожлантиришдаги роли ҳақида далолат берувчи фактлар билан белгиланади. Муаллиф нафақат амалий тавсияларни ишлаб чиққан, балки модернизация ва ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли лойиҳаларнинг бевосита раҳбари ҳам ҳисобланган. Стратегнинг бой профессионал тажрибаси ва заковати АҚШ ва Буюк Британияда чоп этилган «Global Emerging Market: Strateg Menegment Economics» ва «Strategy for the Global Market: Theory and Practical Applications» сингари фундаментал ишларида ҳам ўз аксини топган. Муаллиф, шунингдек, «Экономика в промышленности» (“Саноатда иқтисодиёт”) журнали муҳаррири, Россия ҳамда унинг ташқарисида етакчи журналлар таҳрир ҳайъати аъзоси ҳисобланади.
Муаллифнинг фанга садоқати унинг илмий-таълим фаолиятида ҳам намоён бўлади.
Академик В.Квинт илмий йўналиш ва мактабларга бошчилик қилади, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва Миллий технологик тадқиқотлар университети диссертация кенгашлари раиси ҳисобланади. Муаллиф билимини Россия, АҚШ, Европа ва МДҲ университетлари талабаларининг янги авлоди билан бажонидил бўлишмоқда.
Муаллифнинг стратегик бошқарувнинг фундаментал асосларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, у дунёнинг етакчи университетларининг фахрий илмий унвонларига сазовор бўлди. Академик В.Квинт “Дўстлик” ва “Шараф” ордени, Н.Кондратьев Олтин медали, Фулбрайт мукофоти, шунингдек, Австрия, Бельгия, Болгария, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Словения, АҚШ, Туркия, Украинанинг илмий ва давлат мукофотлари билан тақдирлангани муаллифнинг илмий хизматлари глобал эътироф қозонганидан яққол далолат беради.
Китобда, шунингдек, стратегик тафаккурнинг ўн бешта қоидаси ҳам ўз аксини топган бўлиб, уларнинг аксарияти кенг тарқалган ва фойдаланилаётган тамойиллар учун новаторлик қоидалари ҳисобланади. Мисол учун, «Стратегияда соғлом идрокка таяниб бўлмайди (аксар ҳолларда)» деб номланувчи биринчи тамойил аввал таажжублантирса-да, бироқ муаллиф таърифини ўрганиш асносида бу тамойилни чуқур англаб етиш мумкин. Дарҳақиқат, соғлом идрок воқеликни бир лаҳзага идрок қилишга асосланиб, бу прогнозлаш, олдиндан кўра билиш ва стратегик жиҳатдан узоқни кўзлашга мутлақо зид. Стратегия ҳар биримизга аниқ ва равшан бўлган нарсаларга анча узоқ ва чуқурроқ сингиши керак. Шунингдек, у чуқур маъноси ва ҳар бири батафсил ўрганиш ва муҳими амалиётда фойдаланиш учун англаб етишни талаб этувчи бошқа қоидалар билан ажралиб туради.
«Стратегия тизими ва қонунлари» бўлимида муаллиф яхлит миллий стратегия концепциясини очиб беради. Умуман олганда, стратегияни фундаментал фан сифатида ўрганар экан, муаллиф унинг асосий қонунлари, тамойил ва тоифалари фақатгина шаклланиб боришини қайд этади. Бунда илмий нуқтаи назардан муаллифнинг сиёсат, стратегия ва тактика стратегик раҳбарлик ва бошқарувнинг ўзаро боғлиқ аспектлари ҳисобланган уч мустақил тоифани ифодалаши ҳақидаги фикри алоҳида эътиборга лойиқ. Сиёсат эса стратегия ва тактиканинг яхлит самарали фаолият юритувчи тизимига агрегация ва интеграциясини ифодалайди.
Стратегияни ишлаб чиқиш механизмини очиб берар экан, муаллиф прогнозлаш, стратегиялаш ва режалаштириш жараёнлари ўхшашлиги ҳақидаги кенг тарқалган фикрни рад этади. Ҳар бир иқтисодий тоифани ички хусусиятлари бўйича мутлақо фарқ қилувчи якуний натижага олиб келувчи ўзига хос профессионал фаолият сифатида асослаб беради.
Стратегияни ишлаб чиқиш босқичлари – ички ва ташқи муҳитни ўрганиш ва прогнозлаш ҳам эътиборга молик. Тақдим этилган умумий схема Ўзбекистон минтақалари саноат тармоқлари ва умуман олганда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун услубий қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин.
«Стратегияни амалга ошириш» бўлимида таваккалчиликнинг минимал даражаси ва кутилган натижалари, таваккалчиликнинг ўрта даражаси ва имкон борича йўл қўйиладиган меъёрини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир стратегик сценарий учун тактика ишлаб чиқиш жараёнига таъриф берилади. Шу тариқа муаллиф ташқи ва ички муҳит омилларидан келиб чиқиб стратегиялаш тактикани ўзгартиришнинг мослашувчан жараёнини ифода этишини кўзда тутади ва уни константа ёки догма сифатида эмас, балки унсурларга жорий ва тезкор планда таъриф берилувчи яхлит ҳужжат сифатида талқин этади. Умуман олганда, муаллиф стратегик сценарий, тактика ва сиёсатни танлаш имкони мавжудлигини қайд этади.
Чет эл инвестицияларини жалб қилиш, йирик трансмиллий корпорациялар бозорига кириш, маҳаллий корхоналарни глобал қиймат занжирини шакллантириш жараёнига жалб қилиш Ўзбекистон иқтисодиёти учун долзарб масала эканини ҳисобга олган ҳолда, китобнинг корпорациялар янги бозорларга кириб бориши ҳақидаги бўлимини ўрганиш алоҳида эътибор талаб этади. Ушбу бўлим корпорацияларнинг янги бозорлардаги манфаатлари ва стратегияси моҳиятини очиб беради. Бу потенциал равишда маҳаллий бозор ҳам бўлиши мумкин.
Уларнинг манфаатлари ва истакларини англаб етиш кўп жиҳатдан сармоявий муҳитни ривожлантириш ёки тармоқ сармоя дастурлари ва ҳатто муайян сармоя лойиҳаларини шакллантириш масалаларидан амалиётда оқилона фойдаланишга хизмат қилиши мумкин.
Стратегик раҳбарлик ва бошқарув функцияларига доир асосий қоидалардан маҳаллий корхоналар корпоратив бошқаруви ва ҳатто давлат бошқаруви ва стратегик ривожланиш дастурлари ижросини мониторинг қилиш тизимини ривожлантириш тизимида ҳам фойдаланиш мумкин.
Китобда стратегиялашни стратегик тафаккурнинг учта ёндашуви – янги уфқлар стратегияси (узоқ муддатли фикрлаш), яхшилаш стратегияси (тизимли ва функционал таҳлил) ва мувофиқлаштириш стратегияси (инқилобий инновацион ғоя ва технологияларни фойдаланилаётган операцион тизимлардан жорий самарадорлик ва даромад олиш ҳамда улардан фойдаланиш билан параллел равишда жорий этиш хамда ўзлаштириш) кесимида кўриб чиқиш таклиф этилади. Стратегик бошқарув назариясининг фундаментал асосларини таснифлаган ҳолда муаллиф яхлит миллий стратегиянинг концептуал асосини қуриш учун замин яратган тамойиллар ва қонунлар тизимига таъриф беради. Стратегик бошқарувда прогнозлаш ва режалаштиришнинг замонавий концепциялари моҳиятини таҳлил қилар экан, муаллиф фирмадан глобалгача бўлган турли босқичларда бошқарув стратегияларини ишлаб чиқишнинг оптимал алгоритми асосини ташкил қилувчи хулосаларни ифодалайди.
Китобда ўзгариш ва ислоҳотлар муваффақиятининг ҳал қилувчи омили сифатида стратегик бошқарув тактикасини ишлаб чиқишга катта эътибор қаратилади. Мақсадли дастурлар, лойиҳалар ва стратегиялашнинг технологик платформалари асосида шаклланувчи йўл хариталари энг самарали воситалар сифатида изоҳланади. Стратегиялаш амалиётидаги алгоритм ва воситалар стратегик дастуриламал ва бошқарув функциялари аниқ ва тўғри тақсимланганда ҳамда меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгандагина самарали бўлади. Муаллифнинг менежерлар, мутахассис ва раҳбарларнинг стратегик фикрлашини фаоллаштиришга қаратилган индивидуал мотивацион тизимларни ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Китобнинг алоҳида бўлимида стратегга шахс ва профессионал сифатида таъриф берилган. Олимнинг фикрича, стратеглар янги истиқболлар топиш ва истиқболли янги сценарийлар тузиш йўлида изланади. Стратеглар глобал қонуниятлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши, стратегиялаш объектининг чинакам қадрият ва манфаатларини аниқлаши керак.
Экспертлар фикрича, В.Квинтнинг китоби моҳияти Рақобатбардошлик тўғрисидаги глобал ҳисобот ҳақидаги Бутунжаҳон иқтисодий форуми маърузасида ўз тасдиғини топгани билан мутахассислар эътиборини жалб қилмоқда. Ушбу ҳужжатда стратегия халқаро позициялар ва давлатларни ривожлантириш секторларини шакллантириш ва мустаҳкамлашнинг муҳим манбаларидан бири сифатида талқин этилади. Айнан шунинг учун ҳам В.Квинт томонидан "Стратегик бошқарув тизимлари концепцияси" ва "Стратегик раҳбарлик ва бошқарув функциялари" бўлимларида келтирилган стратегиялаш методологияси, ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиёти хусусидаги хулосалари китобдан фаолияти учун зарур кенг кўламли манбалар олувчи соҳа мутахассислари ўртасида, айниқса, шуҳрат қозонган.
Олимнинг китоби биз учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ўйланган жадал ривожланиш стратегиясига "ичкаридан", яъни ботиний назар солиш имконини беради. Пировардида, барча даражадаги мутахассис ва раҳбарлар томонидан халқимиз фаровонлигини ошириш, давлатимиз суверенитетини мустаҳкамлаш, унинг атрофида “хавфсизлик камари” барпо этиш, мамлакат мавқеини оширишга қаратилган оқилона, конструктив ички ва ташқи сиёсатни таъминловчи ички механизмларни англаб етиш республикамизни тубдан модернизация қилиш ташаббускори ҳисобланган мамлакатимизнинг асосий стратеги ва ислоҳотчиси – Президентнинг режаларини идрок этиш имконини беради.
Стратегиялаш самарадорлиги ва стратегияларнинг мукаммаллик омиллари ҳақида фикр юритар экан, муаллиф стратегик мониторинг ва назорат ролини стратегиялар мазмуни ва уларни амалга ошириш жараёнидаги зарур унсурлар сифатида қайд этади. Хуллас, В.Квинтнинг фикрича, айнан стратегиялашнинг оқилона методологияси Ўзбекистон раҳбарига мамлакатимизнинг энг муҳим миллий манфаатларини аниқ ифода этиш, рақобат афзалликларидан фойдаланиш асносида мамлакат манфаатларига эришишга қаратилган устувор жиҳатлар ва уларни деталлаштирувчи мақсадларни ишлаб чиқиш имконини берди. «Мамлакатнинг бундай стратегиясини мақсадли дастурлар ва лойиҳалар ёрдамида изчил амалга ошириш беназир Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши ва тараққий этишига олиб келади», деб ёзади В.Квинт.
«Стратегиялаш назарияси ва амалиёти» китоби амалиётчи-олимлар, ижро ва олий бошқарув бўғини мутахассислари, стратегик бошқарув қарорларини қабул қилишга масъул бўлган раҳбарлар учун жуда муҳим нашр бўлиши шубҳасиз.
Владимир Квинт стратегик бошқарув соҳасида таҳлилий, амалий, илмий ва ўқитувчилик фаолиятида катта тажрибага эга, у стратегик режалаштириш бўйича дунё миқёсида тан олинган олим. Шунинг учун ҳам унинг асосий илмий хулоса ва натижаларни ўзида мужассам этган китоби Ўзбекистон Республикасида ўзбек тилида нашр этилаётгани ва ундан ўқувчиларнинг кенг оммаси, жумладан, талаба ва ўқитувчилар, олим ва амалиётчилар фойдаланиши мумкинлиги ниҳоятда қувонарли.
Ўзбекистонда академик Владимир Квинтнинг «Стратегиялаш назарияси ва амалиёти» (Дайджест)» китоби нашр этилиши мамлакатимиз илм-фани учун муҳим воқеадир.
С.Мирзиёева