ЎзА Ўзбек

09.07.2019 14:31 Чоп этиш версияси

Чорвачиликда сунъий уруғлантириш

Чорвачиликда сунъий уруғлантириш


ёхуд буқани буқага сакратиш дунё тажрибасида кенг қўлланилади

Куни кеча айрим интернет сайтлари орқали “Шарманда: буқани буқага қўйиб, насл олиш мумкинми?” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда ёзилишича,жорий йил 15 июнь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида “Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилишга доир қонунчилик ижроси” мавзусида республика минтақавий ўқув-семинари ўтказилиб, анжуманда юздан зиёд мутахассис иштирок этган. Қолаверса, тадбирда соҳага янгиликларни жорий этиш, чорва моллари профилактикасини янада яхшилаш бўйича кўплаб таклиф ва тавсиялар берилгани қайд этилган.

Шунингдек мақолада журналист пода сифатини яхшилаш ва уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичини оширишда сунъий уруғлантиришнинг аҳамиятига тўхталиб, бу жараёнда сунъий уруғ олишда буқани буқага қўйилишини кескин қоралайди.

Тўғри, миллий минталитетимиздан келиб чиқсак, бу яхши эмас. Бироқ, бугунги кунда дунё чорвачилик селекциясида бу тажриба ўзини тўла оқламоқда. Ҳозир Америка қитъасида ҳам, Европа давлатларида ҳам, Осиёда ҳам чорвачиликда сунъий уруғлантириш технологиясидан кенг фойдаланмоқда. Хўш, нега бутун дунёда сунъий уруғлантириш технологияси оммалашиб бормоқда? Унинг қандай афзалликлари бор?

Бугун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Ўзнаслчилик” давлат корхонасига уюштирилган пресс-турда шу саволларга жавоб олинди.

Сунъий уруғлантириш қачон пайдо бўлган?

photo5271702370633493360.jpg

photo5271763088586156956.jpg

Агар тарихга назар ташласак, сунъий уруғлантириш тажрибаси эрамиздан аввалги 800-йилларда қадимги Оссурия давлатида пайдо бўлган экан. Улар бу амалиётни отларда синаб кўришган. Араб қўлёзмаларидан бирида ёзилишича, мелодий 286 йилда Шимолий Африкада истиқомат қилувчи саҳро бадавийларидан бири от пойгаларида узоқ йиллар ўзининг ашаддий рақибига ютқазавергач, охири ҳийла йўли орқали унинг чопқир айғиридан сунъий йўл билан уруғ олишга муваффақ бўлган ва орадан маълум вақт ўтиб сунъий уруғлантириш натижасида дунё келган тулпори ёрдамида рақибини мағлуб этишга муваффақ бўлган.

XVIII асрда Италияда сунъий уруғлантириш тажрибаси кенг жорий қилингани ҳақида ёзма манбалар бор. Аммо, XIX асрнинг охири XX аср бошларида рус олимлари бу борада анча самарали тажрибалар олиб боришган. Ниҳоят 1930 йилга келиб рус олими Илья Иванов собиқ Иттифоқ хўжаликларида сунъий уруғлантириш йўли билан 100 бош қорамолни етиштиришга муваффақ бўлади.

Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш технологияси 1956 йилнинг декабрь ойидан жорий этилган. Ўшанда ҳозирги “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси ишга туширилади. Таъкидлаш жоиз, корхона нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё республикаларида ягона саналади.Ҳозирда ушбу корхонада жами 107 бош Симментал,Голштейн, Швиц, Англер, Ангус, Бушуев каби зотларга мансуб наслдор буқалар парвариш қилинмоқда.

Сунъий уруғлантириш ҳавфсиз ва самарали

photo5271999938852661978.jpg

Юртимизда сунъий уруғлантириш технологиясини жорий этишда маълум бир ютуқларга эришилган ва бунда ушбу соҳанинг ҳақиқий фидойиси, қишлоқ ҳўжалиги фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, академик Убайдулла Носировнинг хизматлари беқиёс.

– Буқани буқага сакратиб уруғ олиш тажрибаси бутун дунёда оммалашган. Ўз фаолиятим давомида Германия, Болгария, Венгрия, Хитой каби давлатларда бўлганман. Хориждаги наслчилик хўжаликларининг фаолиятини ўз кўзим билан кўрганман.2001-2002 йилларда Германияда малака ошириб, халқаро селекционер деган сертификат олганман. Хорижда бўлган чоғимда буқадан уруғ оладиган хона, яъни манежда ҳам бўлдим. Бу жойга бегона одамни умуман киритмайди, манежга бегоналарнингкиришитаъбир жоиз бўлса жиноят билан баробар, – дейди домла биз билан суҳбатда. – Негаки, буқада жинсий рефлекс ўта сезгир бўлади,манежда бегона одам бўлса уруғ бермайди, ҳатто умуман уруғ бермай қўйиши ҳам мумкин. Республика ўқув-амалий семинарида бегона инсонлар буқадан уруғ олинадиган хонага киришибди ва ҳаттоки бу жараённи амалда кўрсатиб беришни талаб қилибди. Буни мутлақо нотўғри, деб ҳисоблайман. Ўзим хориж давлатларида кўрган ҳамда билган тажрибамдан келиб чиқсам, буқани уруғ беришга тайёрлашнинг турли усуллари бор. Шулардан бири муляж усули. Аммо, буқа ҳам тирик жонивор, у ҳам жонли ва жонсиз нарсани фарқлай олади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, буқани жинсий рефлексга тайёрлашда энг қулай усул –буқани станокда турган буқага сакратиш. Германияда аллақачон муляж усулидан воз кечилган. Хитойда ҳам, Исроилда ҳам буқани буқага сакратиш орқали уруғ олинади. Бу ишончли ва хавфсиз усул. Чунки станокка боғланадиган буқа ҳам соғлом ва ишончли бўлади. Қолаверса, буқадан олинган сперма кимёвий йўл билан текширилади. Агар унда қандайдир касаллик аломатлари аниқланса, буқани даволаш устида ишланади. Сизда ўринли савол туғилиши мумкин: станокка сигирни боғласа бўлмайдими?Мутахассислар томонидан сигирни боғлаш тавсия қилинмайди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Чунки бу буқалар бир тоннадан ортиқ, ҳатто бир ярим тонналиклари ҳам бор. Уларни унча-мунча сигир кўтаролмайди ва бели чиқиб кетиши ҳеч гап эмас. Яна бир жиҳати, буқа сигирни қочириб қўйиши мумкин. Шу сабабли станокка асосан уруғ беришдан қолган ёки бўйи пастроқ юввош буқалар боғланади.

Қай бир усул самарали?

photo5271702370633493357.jpg

– Математик жиҳатдан ҳисоб-китоб қилсак ҳам, сунъий уруғлантириш жуда фойдалидир, – деди “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси директори Олимжон Маматқулов.– Агарбуқа тўғридан-тўғри сигирга сакраса, битта сигирни қочиради. Бир йил давомида кўпи билан 60-70та сигирни қочириши мумкин. Сунъий йўл билан бир марта олинган буқа уруғи ёрдамида эса бирваракайига 200та сигирни қочирса бўлади. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг, қай бири иқтисодий жиҳатдан самарадор?

Қаламкаш билиб ёзса...

photo5271763088586156954.jpg

photo5271763088586156955.jpg

– Гувоҳи бўлганингиздек, олим ва мутахассислар буқани буқага сакратиб уруғ олиш бутун дунё бўйича чорва наслчилигидаги илмий усул эканлиги, тележурналист Собир Мирзаев масаланинг моҳиятини тушунмасдан шов-шув кўтарганлиги аён бўлмоқда, – дейди Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот котиби Анвар Суюнов. – Афсуски, қаламкашнинг чорва наслчилиги билан боғлиқ илмий-назарий методологиядан бехабар ҳолда информация тарқатиши “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси, қолаверса Президентимиз томонидан яқинда қайтадан ташкил этилган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳақида омма орасида салбий фикр уйғотишибилан бирга аҳоли хонадонларидаги қорамолларнинг наслини яхшилаш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишларига нотўғри таъсир этади.

Шунинг учун қаламкашлардан ахборот тарқатишда масаланинг моҳиятини тўлиқ англаб чиқиш қилишларини сўрардик.

Бугун вазият қай даражада?

Бугунги кунда “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси Германиянинг шу соҳага ихтисослашган машҳур “Minitube” компанияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Компания наслли буқалардан олинган уруғ(сперма)ларёрдамида сунъий уруғлантириш технологиясини ҳаётга татбиқ этишда жаҳонда етакчи саналади. Корхона ходимлари мунтазам Германия ва бошқа хориж давлатларига хизмат сафарларига юборилиб, сунъий уруғлантириш технологиясидаги янгиликлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш маҳоратларини ошириб келмоқда. Жумладан, 2018 йилнинг январь ойида лаборатория мудири Ғолиб Маъмуров 20 кун давомида Мюнхенда (Германия) бўлиб, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар билан яқиндан танишди.

Корхонада яратилган шароитлар жуда идеал ҳолатда бўлмаса-да, бугунги кун талабига тўлиқ жавоб беради. Кези келганда айтиш жоиз, собиқ тузумнинг сўнгги ва мустақилликнинг дастлабки йилларида соҳага эътибор кескин пасайди. Наслдор буқалар талон-тарож қилинди, корхонага эътибор камайди. Шундай бир даврда “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси бутунлай йўқ бўлиб кетмасдан, яшаб қолганининг ўзи, айниқса сўнгги 4-5 йил ичида қаддини анчайин тиклаб олганлиги, бинобарин мамлакатимиз чорвачилигида наслдорликни оширишда самарали фаолият кўрсата бошлагани таҳсинга лойиқ.


Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎзА
2 791