ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Чорвачилик: Қоракўл тажрибаси​ татбиқ этилмоқда​

Чорвачилик: Қоракўл тажрибаси​ татбиқ этилмоқда​

Бухоро вилоятида Жанубий Кореянинг RDA/KOREA фирмаси томонидан «Намунали чорвадор қишлоқлар» ТМР технологияси асосида аҳоли хонадонларида қорамолларни илмий асосда боқиш орқали гўшт маҳсулдорлигини 20 фоизга ошириш ва сифатини яхшилаш бўйича Қоракўл тажрибаси татбиқ этилмоқда.

Вилоятнинг Қоракўл, Олот ва Жондор туманларида мазкур лойиҳа асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда, туманлардаги қишлоқ ва маҳаллалар салоҳияти ўрганилди. Ишсиз фуқаролар ҳамда қорамол боқиш имконияти бор хонадонлар аниқланди. Хонадонларда қорамолларни бўрдоқига боқиш тизими яратилди.

Дастурга мувофиқ, Қоракўл туманидаги 277 та хонадонда 20-50 бошгача, Олот туманидаги 56 та хонадонда 10-30 бошгача ва Жондор туманидаги 102 та хонадонда 10-15 бошдан кўп қорамолларни Корея технологияси асосида парваришлаш ишлари бошланган.

– Тирикчилик учун Россияга бориб ишлаб келардик, – дейди Қоракўл тумани Даргали маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Акмал Гуллиев. – Янги технология асосида бугун оиламиз билан зотдор қорамолларни уйимизда боқиб даромад оляпсиз. Мазкур лойиҳанинг афзалликлари менга жуда ёқди. Ўзим ва оила аъзоларим иш билан банд бўлдик. Энди ишлаш учун четга чиқмаймиз. Зотдор моллар уйга олиб берилди. Ем-хашак ҳам етказилди. Биздан фақат жониворларга қараш, парваришлаш талаб этилади.

Йил давомида ҳар 3 ойда (ўртача 100 кун) бўрдоқига боқилган 1 бош қорамолдан 1 миллион 200 минг сўм даромад олинса, 10 бош қорамолдан 3 ойда 12 миллион сўмгача даромад олишга эришилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра йил давомида 3 маротаба боқиш ҳисобидан 48 миллион сўм даромад олиш мумкин.

Дастур давомида мазкур лойиҳа асосида 435 нафар фуқарога янги иш ўринлари яратилди. Натижада ўрта ҳисобда 3,8 минг тонна қўшимча сифатли гўшт ишлаб чиқарилади.

Ушбу лойиҳа йил якунига қадар вилоятнинг барча туманларида татбиқ этилади.

6 845
Зариф Комилов, ЎзА