Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 16:15 Чоп этиш версияси

Чорвачилик бўйича 127 лойиҳа амалга оширилди

Чорвачилик бўйича 127 лойиҳа амалга оширилди Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, наслли қорамол зотларини кўпайтириш ва маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоятида наслдор чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорлик сифатини ошириш, наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш мақсадида хориждан зотли қорамоллар келтирилмоқда. Хусусан, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 300 бош қорамол харид қилиш бўйича шартномалар тузилган. Хориждан келтирилган наслли қорамоллар парвариши учун фермер хўжаликлари зарур шароит яратиб, зооветеринария хизматидан самарали фойдаланмоқда.

4.JPG

– Ўтган йили хориждан 100 бошга яқин зотли қорамол келтирилди, – дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг чорвачилик сектори бошлиғи Серик Жанхўжаев. – Натижада вилоятда чорвачилик хўжаликлари сони янада ортиб, аҳолини сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти кенгайди. Ўз навбатида чорва насллари яхшиланиб, янги хўжаликларда қўшимча иш ўринлари яратилди.

Вилоятда жорий йилда чорвачилик бўйича 127 лойиҳани амалга ошириш эвазига қорамоллар сонини 3 минг бошга кўпайтириш режалаштирилган эди. Айни пайтга қадар ташаббускорларнинг ўз маблағидан ташқари тижорат банкларининг 2 миллиард 707 миллион сўм кредити кўмагида лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиб, 253 янги иш ўрни яратилди. Энг муҳими, йил давомида қўшимча минг тонна гўшт ва 600 минг литрга яқин сут ишлаб чиқаришга эришилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолининг сифатли истеъмол молларига бўлган талабини қондириш, ички бозорга арзон маҳсулот етказиб беришда янгидан ташкил этилаётган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликларининг ўрни катта бўлмоқда. Шу мақсадда жорий йилда ҳам бозорни гўшт, сут, тухум, асал ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлашни сезиларли даражада кўпайтириш, уларни қайта ишлашни кенгайтириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантиришга қаратилган 143 лойиҳа эвазига 273 киши ишли бўлди. Жорий йилда вилоятдаги наслли қорамол етиштиришга ихтисослашган намунали фермер хўжаликлари томонидан 278 бош маҳаллийлаштирилган зотли бузоқ аҳоли ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Қизилтепа туманидаги “Расул бобо” наслчилик фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган. Фаолиятининг дастлабки йилларида хориждан 10 бош зотли қорамол харид қилиниб, аҳоли сифатли сут билан таъминлана бошланди.

1.JPG

– Айни пайтда хўжалигимизда 450 бош зотдор чорва парваришланмоқда, – дейди “Расул бобо” наслчилик фермер хўжалиги раҳбари Рустам Ражабов. – Жорий йилда Эстониядан 65 бош зотли қорамол келтирдик. Кунига 1 минг 500 литр сут қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилаётир. Бўрдоқичилик ортидан ҳам яхшигина даромад олмоқдамиз. Масалан, йилига ўртача 50 тонна гўшт бозор расталарига чиқарилмоқда. Давлатимиз томонидан наслчилик хўжаликлари учун яратилаётган имтиёзлар фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. 18 киши меҳнат қилаётган хўжалигимиз томонидан жорий йилда чорвачилик фермаларига 60 бош зотли мол сотилди.

Вилоятда наслчилик ишларини янада ривожлантириш, айниқса, сифатли ветеринария хизмати кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорамоллар зотини яхшилаш, сунъий уруғлантириш, наслли чорваларни кўпайтириш мақсадида жорий йилда 99 минг 621 бош сигир сунъий уруғлантирилди. Зооветеринария пунктлари томонидан шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари қарамоғидаги чорва молларига сифатли ветеринария хизмати кўрсатилмоқда. Вилоятда 80 дан ортиқ зооветеринария пункти ва 40 га яқин ветеринария дорихонаси фаолият кўрсатаётгани чорвачилик хўжаликлари истиқболига хизмат қилмоқда.

Вилоят деҳқон бозорларида ташкил этилган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича эпизоотик барқарорликни таъминлашга жиддий аҳамият берилмоқда. Лабораторияларнинг замонавий жиҳозланиб, маҳсулотларни кўрикдан ўтказиш жараёнида иммуно-фермент таҳлил усулидан кенг фойдаланилаётгани янада самарали бўлмоқда.

Туманларда барча санитария талабларига тўлиқ жавоб берадиган кушхоналар ташкил этиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилди. Айни пайтда барча кушхоналарда тозаликка риоя қилиш, бозорга фақат сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб бериш қатъий назоратга олинган.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
1 726






Все о погоде - Pogoda.uz