Чорва маҳсулотлари кўпаймоқда
Пойтахтимизда “Ўзбекистон чорвачилиги: эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда “Ўзбекистон чорвачилиги: эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Я.Хидиров ва бошқалар истиқлолнинг илк кунлариданоқ иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, томорқа учун ер майдонлари ажратиш, деҳқончилик қилиш ва чорва моллари бош сонини кўпайтириш учун кенг имкониятлар яратилганини таъкидлади.
Президентимизнинг 2006 йил 23 мартдаги “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2008 йил 21 апрелда имзоланган “Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари соҳа ривожида кенг имкониятлар яратмоқда.
Ана шундай изчил чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йилда қорамоллар 121 фоизга, майда шохли моллар 120 фоизга, парранда 1,5 марта кўпайди. Бу гўшт ишлаб чиқариш 130, сут 138 ва тухум етиштириш 162 фоизга ўсишини таъминлади. 2014 йилда ишлаб чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини аҳоли жон бошига ҳисобланганда бир йиллик истеъмол миқдори 1990 йилга нисбатан гўшт 1,3, сут 1,6 ва тухум 1,5 марта кўпайган.
– Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг 42 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келмоқда, – дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Собир Мавлонов. – Бунга чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳисобига эришилмоқда. Мисол учун, 2006-2014 йилларда Украина, Беларусь, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби мамлакатлардан 46 мингга яқин юқори маҳсулдор қорамол олиб келинди. Улардан 163 минг бузоқ олинди. Наслчилик хўжаликларида сигирлардан кунига 20-30 килограммдан сут олинмоқда.
Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига сервис хизматлар тармоғини кенгайтириш мақсадида 2006-2015 йиллар давомида 845 зооветеринария шохобчаси ташкил қилиниб, уларнинг сони 2613 тага етказилди.
Мамлакатимизда паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда. 2015 йил 1 январь ҳолатига 1 минг 280 паррандачилик хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан олтмишга яқин йирик хўжаликда 10,5 миллиондан ортиқ парранда парваришланмоқда. Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда қўшимча 700 балиқчилик хўжалиги ташкил этиш ҳисобига 2 минг 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозир асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар 9 минг 448 тани ташкил этиб, 2011 йилга нисбатан 135 фоизга, асалари оилалари 168,3 фоизга кўпайди.
Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида тармоқда маҳсулдорлик тобора ортмоқда.
Тадбирда чорвачиликни янада ривожлантириш, аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудуднинг географик жойлашуви асосида асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик каби тармоқларни ривожлантириш, зооветеринария пунктлари ва лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мустаҳкам озуқа базасини яратиш каби масалалар бўйича фикр алмашилди.