ЎзА Ўзбек

27.08.2019 Чоп этиш версияси

Бюджет бошқармалари тўғрисида семинар

Бюджет бошқармалари тўғрисида семинар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Буюк Британиянинг Вестминстер демократия фонди экспертлари иштирокида “Хорижий парламентлар ҳузуридаги бюджет бошқармаларининг роли ва ўзига хослиги” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ўтказди.

Қайд этилганидек, парламентлар ҳузуридаги Бюджет бошқармалари қонунчилик органини иқтисодий ва молиявий таҳлиллар билан таъминлаш мақсадида кўпчилик давлатларда ташкил этилган. Ушбу бошқармалар мустақил ва холис молиявий ҳамда иқтисодий таҳлиллар тайёрлаш билан шуғулланиб, давлат маблағларига бағишланган парламент муҳокамалари сифатини, шу билан бирга бюджет шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширишга ёрдам беради.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда бюджет жараёни очиқлиги ва шаффофлигини ошириш борасида муҳим ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги тартиби жорий этилди. 2018 йил 22 августда бюджет шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот портали ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. Шунингдек, бюджет харажатларининг мақсадли йўналтирилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ҳар йили жамоатчиликнинг фикрлари асосида давлат бюджетини кўриб чиқиш, тасдиқлаш ва сарфланиши тўғрисида маълумот берувчи “Фуқаролар учун бюджет” нашрини чоп этиш амалиёти жорий этилди.

Давлат бюджетининг шаклланиши ва ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш юзасидан парламент олдида турган вазифаларни бажариш учун парламентга давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилишдаги ваколатларини амалга оширишда малакали ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет бошқармаси ташкил этилди.

Семинар давомида Вестминстер демократия фонди мутахассислари Аннетт Конелли ва Элисон ОʼКоннор ривожланган хорижий давлатлар парламентларининг бюджет бошқармалари фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

16 642
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА