ЎзА Ўзбек

03.12.2018 19:36 Чоп этиш версияси

Бундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта эътибор берилмоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз, Россия, Тожикистон каби давлатлардан академиклар, профессор-олимлар, ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Бугунги кунда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциялашуви барча соҳаларда инновацион ғоя ва ишланмалар амалиётига кенг йўл очиб бермоқда.

– Ҳозирги кунда Тошкент кимё-технология институти ва “Innovative Chemical Texnologies Ltd“ корхонаси билан ҳамкорликда маҳаллий хомашё асосида целлюлоза ва унинг оддий эфирларини олишда бир қанча илмий тадқиқотларни амалга оширдик, – деди Термиз давлат университети тадқиқотчиси Мустафо Ўрозов. – Шу вақтга қадар бу борада экспорт имкониятидан фойдаланилган бўлса, эндиликда маҳаллий хомашёдан бундай маҳсулотлар ишлаб чиқаришга катта эътибор берилмоқда. Целлюлоза қоғоз саноатининг энг асосий хомашёси.

Мамлакатимиз тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида ҳам целлюлозага бўлган талаб жуда катта. Изланишлар натижасида маҳаллий хомашёлар, яъни бир йиллик ўсимликлардан, хусусан, кунгабоқар, сафлёр, канакунжит пояси ва тўқимачилик саноати чиқиндиларини кимёвий қайта ишлаб, мамлакатимиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаси учун зарур бўлган техник жиҳатдан сифатли целлюлоза ва унинг эфирларини олишга эришдик. Олинган целлюлоза ва унинг эфирларидан қурилиш саноатида муҳим бўлган клей ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда “Innovative Chemical Texnologies Ltd“ корхонаси билан ҳамкорликда целлюлоза ва унинг эфирлари Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонга етказиб берилмоқда. Шунингдек, бу маҳсулот ички бозорда ҳам харидоргир.

– Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда ишларни бошлаганмиз. Бундан икки ой олдин қўшма корхона очиш учун ҳужжат ишлари билан банд бўлдик. Ноябрь ойининг ўрталарида эса меҳнатимиз маҳсули сифатида “Зардевор“ масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини бошлади. Қурилишда ишлатиш учун мўлжалланган клей ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур ўзбек-тожик қўшма корхонаси маҳсулотлари қисқа муддатда ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини эгаллашига ишонамиз, – деди тожикистонлик тадбиркор Муйдин Умаров.

Якунда иштирокчилар илмий-тадқиқот муассасалари билан ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида таклиф ва фикрларини билдирди.



Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
6 317