ЎзА Ўзбек

04.08.2020 Чоп этиш версияси

Булар бошқа-бошқа нарсалар: таълим кредит ва кредит-модули

Булар бошқа-бошқа нарсалар: таълим кредит ва кредит-модули

Шуни таъкидлаш лозимки, кундалик турмуш тарзимизда «кредит-модуль», “ECTS” «модуль тизими» каби тушунчаларга бир неча маротаба дуч келамиз. Айрим инсонлар олий таълимдаги кредит-модуль тизимини таълим кредити (тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга банклар томонидан ажратилади) билан бир хил тушунча дея баҳолайди. Бу иккала сўз бирикмаси бир-бирига боғлиқ бўлмаган иккита мустақил тушунчалардир. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига асосан, мамлакатимизда олий таълим муассасалари ўқув режаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2020 йил 29 апрелдаги Фармонга асосан, Тошкент давлат юридик университетида (кейинги ўринларда — ТДЮУ) ушбу ўқув йили сентябрь ойидан бошлаб ECTS Европа кредит тизими стандартларини жорий этиш тартиби белгиланди. Хўш, кредит-модуль тизими юридик таълимга қай тарз жорий этилади ва унинг қандай ўзига хос жиҳатлари бор?

Кредит-модуль тизими нимани назарда тутади? Бугунги кунда таълим дастурларини амалга ошириш учун дунё тажрибасида кредит тизими деб номланган амалиётдан кенг фойдаланилади. Кредит тизими ўз ичига таълим ва унинг учун сарфланадиган умумий меҳнат харажатлари миқдорини қамраб олади. Жаҳон амалиётида Америка Қўшма Штатлари кредит тизими (USCS), Кредитларнинг тўплаш ва ўтказишнинг Британия тизим (САТS), Европа кредит тизими (ECTS), Университет кредитларини ўтказишнинг Осиё - тинч океани тизими (UCTS) энг кенг тарқалган тизимлар ҳисобланади. Шу ўринда мавзунинг моҳиятидан четга чиқмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасида жорий этилиши режалаштирилаётган Европа кредит тизимининг (ECTS) аҳамияти, зарурати ва ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтишни маъқул деб биламиз.

Қисқача тарихи. Европа кредит тизими (ECTS) дастлаб SOCRATES/ERASMUS (1988-1995) дастури доирасида ишлаб чиқилган. Мазкур тизим 6 йиллик муддатда синов асосида Европа Кенгашига аъзо мамлакатлар 145 та олий таълим муассасасининг 5 та МВА (Бизнес бошқаруви), Кимё, Тарих, Техник механика ва Тиббиёт таълим йўналишига жорий этилди. Тизим синовдан муваффақиятли ўтди ва 1999-2000 йилларда 1200 дан ортиқ олий таълим муассасасининг 6000 та ўқув дастури бўйича университетлараро талабалар алмашинуви ECTS тизими доирасида амалга оширилди. Бугунги кунга келиб мазкур тизим ғарбда Португалиядан шарқда Россия ва Қозоғистонгача бўлган ҳудуд оралиғидаги 48 та мамлакат олий таълими томонидан тан олинган.

ECTS тизимининг зарурати. Ушбу тизимнинг зарурати бир қатор мезонларда ифодалади. ECTSнинг ўзига хос жиҳатларини таҳлил қилар эканмиз, улар қуйидагилардан иборат:

биринчидан, олий таълим курслари шаффофлигини оширади.

Мазкур мезон талабаларнинг ўқиш билан боғлиқ масалаларда бир давлатдан бошқа давлатга эркин кўчиб ўтиши, ўз мамлакатида олган академик малакасининг хорижий олий таълим муассасалари томонидан тан олиниши, шу билан бир қаторда чет элда ўқиган даврининг ўз мамлакатида тўсиқларсиз эътироф этилишида намоён бўлади. Масалан, ўтган икки йил давомида 60 кредитдан жами 120 кредитни тўплаб ТДЮУнинг 2-курсини тамомлаган талаба келгусида ўқишини Гумболт номидаги Берлин университети юридик факультетида давом эттирмоқчи. ТДЮУда жорий қилинган ўқув дастурининг ECTS тизими талаблари асосида ишлаб чиқилганлиги ўқишни Германияда 3-курсдан давом эттиришга тўлиқ имкон беради. Натижада талаба қолган 120 кредитни Гумболт университетида ўзлаштириш орқали 3 ва 4-курсларни тамомлаб дипломга эга бўлади.

Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, стандартларнинг ягоналиги турли мамлакатлар таълим тизимлари ўртасидаги тўсиқларнинг бартараф этилишини таъминлайди.

Иккинчидан, миллий таълим тизимини халқаро таълим стандартларига интеграциялаштиради.

Ушбу жиҳат Болония жараёнининг марказий йўналиши сифатида баҳоланади. Унинг ўзига хос томони шундаки, ECTSдан кўзланган асосий мақсад мамлакатнинг миллий таълим стандартларини халқаро стандартларга интеграция қилишдир. Бунда олий таълимни битирганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг (диплом ва иловалар) мазмуни нисбатан содда ҳамда оддий тушунилиб, улар турли мамлакатлар томонидан эркин тан олинади. Масалан, ECTS тизими жорий этилмаган А мамлакат университети талабаси 4 йил давомида ўқув режасида қатъий белгиланган 30 та мутахассислик ва 20 та номутахассислик жами 50 та фанни мажбурий асосда ўзлаштиради. ECTS тизими жорий этилган Б мамлакат университети асосий бўлган 20 та мутахассислик ва ихтиёрга кўра мутахассислик ёки мутахассислик оид бўлмаган 5 та танлов жами 25 та фанни ўзлаштиради. Ўз-ўзида кўриниб турибдики, университетлар ўқув дастурида назарда тутилган фанларнинг турличалиги ва уларга ажратилган соатлар ҳажми орасидаги тафовутлар ўзаро талаба алмашиш, дипломларни тан олиш каби жараёнларга тўсқинлик қилади.

ECTS Европа олий таълим ҳудудидаги аксар кўпчилик мамлакатлар томонидан миллий кредит тизими сифатида қабул қилиниб ундан кенг доирада фойдаланилади. Мамлакатимизда ECTSнинг жорий этилиши натижасида олий таълим имкониятларини Европа ҳудудида тўсиқларсиз қўллашга замин яратади.

Учинчидан, ECTS тизими ўқув дастуридаги фанлар амалиёт эҳтиёжи ва талабанинг қизиқиши асосида шакллантирилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад шуки, бугунги кунда ўзининг долзарблигини йўқотган, аҳамияти жуда ҳам муҳим саналмаган ҳамда талабалар қизиқиш доирасидан ташқари бўлган фанлар ўқув дастурига киритилмайди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 2010 йилдаги Юриспруденция соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасаси ўқув дастурида Маданиятшунослик, Экология каби соҳага тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаган фанлар киритилган эди. Бу фанларнинг юридик амалиётда қўлланилиш эҳтимоли ва талабалар учун қизиқарлилик даражасини юқори дея баҳолаб бўлмайди. Эътиборли жиҳати шундаки, Маданиятшунослик фанидаги аксар мавзулар Ўзбекистон тарихи, Экология фанидаги айрим мавзулар эса Экология ҳуқуқи ва Ер ҳуқуқи модулларда такрор ўрганилган.

Замон талаблари асосида ўқув дастурни ишлаб чиқиш амалиётини мисол орқали очиб беришга ҳаракат қиламиз. Голландиянинг VRIJE университети юридик факультети ўқув дастурига эътибор қаратадиган бўлсак, унда Сунъий онг (Artificial Intelligence) фани назарда тутилган. Бугунги рақамли иқтисодиёт шароитида сунъий онгни юриспруденция соҳасига жорий этиш чора-тадбирлари ривожланган мамлакатлар томонидан кенг қўлланилмоқда. Юридик соҳадаги мураккаб масалаларнинг инсон омилидан холи тарзда сунъий онг ёрдамида ҳал этилиши прогноз қилинаётган ҳозирги шароитда мазкур фаннинг ўқув дастурига киритилишини долзарб дея баҳолаш мумкин. Италиянинг LUISS Guido Carli университети ўқув дастурида барча курслар учун Юридик лаборатория (Legal Laboratory) модули жорий этилган. Мазкур курс орқали талабалар фуқароларнинг реал ҳаётдаги муаммоларини ўрганиб, фуқароларга юридик ёрдам кўрсатади. Бунинг натижасида қонунларни амалиётда қўллаш, мижозлар билан ишлаш каби тажриба ўзлаштирилади. Бу уларни келгусида касбий амалиётга босқичма-босқич тайёрлаб боришга хизмат қилади.

Кредит миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби. Кредитлар миқдори ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало «кредит» ва «ўқув соати» каби ўлчов бирликлари нима эканлигини аниқлаштириб олиши лозим. Кредит ўқув соатлари миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Ўқув соатлари эса битта фанни ўзлаштириш учун етарли бўлган дарс мавзулари сони асосида шакллантирилади.

Масалан, ТДЮУ 3-курсида ўқитилиши режалаштирилган Меҳнат ҳуқуқи фани жами 11 та мавзудан иборат. Мазкур мавзуларни ўзлаштириш учун 60 соат аудитория машғулотларига (22 соат маъруза, 38 соат семинар) ва 90 соат мустақил таълимга вақт ажратилган. Аудитория соати ва мустақил таълимга ажратилган соатлар тўпланиб 6 ECTS кредитини ташкил этади. Демак Меҳнат ҳуқуқи фанини тўлиқ ўзлаштирган талаба 6 ECTS миқдордаги кредитни тўплаган ҳисобланади.

Ҳар бир талаба университетдаги тўлиқ бир ўқув йили давомида жами 60 ECTS кредитни ўзлаштириши лозим. Бу 1500-1800 ўқув соатига тенг бўлган ҳажмдаги бирликдир. Шунда 1 ECTS кредит 25 дан 30 соатгача (Буюк Британияда истиснолар мавжуд) бўлган миқдорни ташкил этади. Турли мамлакатларнинг ўқув соатлари миқдори бир-биридан фарқланиб туради.

Масалан:

Буюк Британияда 60 ECTS = 1200 ўқув соати, 1 ECTS = 20 ўқув соати;

Австрия, Италияда 60 ECTS = 1500 ўқув соати, 1 ECTS = 25 ўқув соати;

Финляндия, Литвада 60 ECTS = 1600 ўқув соати, 1 ECTS = 27 ўқув соати;

Голландия, Португалияда 60 ECTS = 1680 ўқув соати, 1 ECTS = 28 ўқув соати;

Германияда 60 ECTS = 1800 ўқув соати, 1 ECTS = 30 ўқув соатини ташкил этади.

Кредитлар қаердан тўпланади? Кредитларни тўплаш – бу университет ўқув режасида назарда тутилган ўқув жараёнлари яъни маъруза, семинар, аттестация, мустақил таълим, амалиёт ҳамда якуний давлат имтиҳонларини ўзлаштириш орқали якунланадиган жараёндир. Мисол асосида батафсилроқ тушунтирамиз. Тошкент давлат юридик университети юриспруденция таълим йўналиши ўқув режаси лойиҳасига кўра, талаба 4 йил давомида 240 ECTS кредит тўплаши зарур. Талаба мазкур жараёнда 27-28 та фанни ўзлаштириши, битирув малакавий иши (комплекс давлат имтиҳони) топшириши, касбий амалиётни ўташи лозим. Кредит тўплашда энг катта балл берадиган ўқув жараёни бу ўқув дастурида назарда тутилган фанларни ўзлаштириш ҳисобланади.

Ўқув дастуридаги фанлар қандай шаклланади? Ўқув дастуридаги фанлар аҳамияти ва заруратидан келиб чиқиб, Асосий фанлар, Танлов фанлар ва Ихтиёрий фанлар каби уч гуруҳга ажратилади.

Асосий фанлар. Бир курс давомида ўзлаштирилиши лозим бўлган жами 8 та фандан 6 таси Асосий фан бўлиб, уларни ўзлаштирмаган талаба кейинги курсга ўтиш учун зарур бўлган 60 ECTS кредитни тўплай олмайди. Ҳар бир асосий фанга 6-10 ECTS кредит миқдорида юклама ажратилади. Амалиётчи юрист билиши шарт бўлган жиноятчилик, шартномавий муносабатлар, меҳнат муносабатларини ўрганувчи Жиноят ҳуқуқи, Фуқаролик ҳуқуқи, Меҳнат ҳуқуқи каби фанлар иккинчи курс ўқув режасига Асосий фан сифатида киритилган.

Танлов фанлар. Бир курс давомида ўзлаштирилиши лозим бўлган жами 8 та фандан 2 таси Танлов фан бўлиб, талаба ўзи хоҳлаган 2 та фанни ўрганиши учун университет шароит яратиб беради. Ҳар бир асосий фанга 3-5 ECTS кредит миқдорида юклама ажратилади. Иккинчи курс ўқув режасида жами 9 та Танлов фани назарда тутилган бўлиб, улар орасида халқаро алоқалар, экология соҳаси, инсон ҳуқуқларига оид муносабатларни ўрганишга мўлжалланган Халқаро оммавий ҳуқуқи, Экология ҳуқуқи, Инсон ҳуқуқлари фанлари мавжуд.

Ихтиёрий фанлар. Бир курс давомида ўзлаштирилиши лозим бўлган жами 8 та фан доирасига ихтиёрий фанлар учун ўрин ажратилмаган. Ихтиёрий фанлар талаба томонидан хоҳишга кўра ўзлаштирилиши ёки ўзлаштирилмаслиги ҳам мумкин. Ҳар бир асосий фанга 1 ECTS кредит миқдорида юклама ажратилади. Иккинчи курс ўқув режасида жами 4 та Ихтиёрий фан назарда тутилган бўлиб, улар Жамоатчилик фаолияти, Хорижий мутахассисларнинг қисқа курслари, Илмий-амалий тўгараклар, Юридик клиника шулар жумласидандир. Бунда талабалар университетнинг жамоат ишлари, турли тадбирларида қатнашади; юридик клиникада фуқароларга маслаҳатлар беради; илмий тўгаракларда фаолият олиб боради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, юридик таълимга ECTS Европа кредит тизимини жорий этиш талабаларнинг мобиллигини оширишга, академик малакани тан олинишига, олий таълим тизими шаффофлигини таъминлашга шунингдек, университетларнинг ўқув режаларни белгилашдаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бир қаторда мазкур тизим ёрдамида мамлакат манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоя қилишга қодир бўлган юрист-кадрларни тайёрлаш назарда тутилган.

Мирёқуб Раҳимов,
Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

7 203
ЎзА