ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:28 Чоп этиш версияси

Бухоронинг харидоргир толаси

“Бухоро-6” ва ”Бухоро-8” навлари мамлакатимиз пахта селекциячилигининг энг муҳим ютуқлари cифатида эътироф этилган. Мазкур навлар маҳаллий иқлим шароитига мос бўлиб, ҳосилдорлиги ҳам юқоридир. Асосан Бухорода, шунингдек, қўшни вилоятларда етиштирилаётган бу навли тола хорижда ҳам харидоргир.

Мазкур навлар саноатбоплиги билан ҳам ажралиб туради. 4-типга мансуб ушбу навлар толасининг узунлиги, микронер жиҳатдан пишиқ, ранги оқ-ёрқинлиги учун ҳам Ливерпул биржасида эталон сифатида қабул қилинган.

Эталон – бу энг юқори кўрсаткич. Бухоро толаси жаҳон бозорида ана шу юксак мақомни эгаллаб келаётгани бежиз эмас. Маълумки, ҳар бир навнинг афзалликлари кўплаб технологик омилларга боғлиқ. Хусусан, уруғликни тайёрлаш жараёнига синчковлик билан ёндашиш, чигитни саралашда уни муайян турга мансуб бўлмаган элементлардан тозалаш, ишлов бериш вақтида экиш ва уни тупроқ намига ундириб олиш шулар жумласидандир.

– Ҳар қандай нав каби “Бухоро-6” ва “Бухоро-8” навлари ҳам агротехник қоидаларга вақтида ва пухта амал қилишни тақозо этади, – дейди мазкур навлар муаллифи, селекционер Аухат Батталов. – Кўсакларнинг бўлиқлиги, чаноқлардаги ҳосилнинг салмоғи, қолаверса, толанинг сифати суғоришнинг оби-тобида ўтказилиши, ўғитнинг ўз вақтида ва меъёрида берилиши билан бевосита боғлиқ. Бугунги кунда пахтакорларимиз эришаётган муваффақиятлар воҳада бу борада катта тажриба тўпланганидан далолат беради.

Вилоятда етиштирилган пахта толаси “Бухоропахтасаноат ҳудудий бирлашмаси” очиқ акциядорлик жамияти тасарруфидаги 9 пахта тозалаш заводида ва "Бухоро уруғчилик компанияси" Ўзбекистон-Франция қўшма корхонасида қайта ишланади. Мазкур корхоналар ҳосилни қабул қилиш масканларига олиб келиниши ва сақланишидан тортиб заводларга сифатли етказиб берилишига ҳам катта эътибор қаратади.

– Тола қанчалик сифатли бўлмасин, пировард натижа уни қайта ишлаш жараёнига боғлиқ, – дейди “Бухоропахтасаноат ҳудудий бирлашмаси” очиқ акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Жуманиёз Норов. – Бу ерда замонавий технология кўп нарсани ҳал қилади. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда Ромитан, Шофиркон, Пешку, Жондор ва Бухоро туманларидаги пахта тозалаш заводларида реконструкция ва модернизациялаш ишлари амалга оширилди. Замонавий технологиялар жорий этилиши, ҳар йилги мавсум олдидан ташкилий ишларнинг ўз вақтида бажарилиши юқори навли тола тайёрлаш имконини бермоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, вилоятда кейинги йилларда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг асосий қисмини юқори саноат навлари ташкил этмоқда. Шу боис ҳам корхоналар рентабеллиги ошиб бормоқда. Бунда пахта тозалаш корхоналари билан республика “Сифат” маркази Бухоро ҳудудий лабораторияси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётир.

– Пахта тозалаш заводларидаги ҳар бир жараён мутахассисларимиз назоратида, улар тола сифатини бу ердаги ходимлар билан биргаликда мунтазам текшириб бораётир, – дейди лаборатория раҳбари Комил Музаффаров. – Буюртмачига жўнатиладиган пахта толаси сифати пухта ўрганилгандан сўнггина тегишли сертификат берилади. Шуни таъкидлаш лозимки, Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати ярмаркаларида Бухоро толасини харид қилиш учун шартнома тузган мижозлар мамнун.

Вилоят пахта тозалаш корхоналари ҳар йили ўртача 100 минг тоннадан зиёд сифатли толани қайта ишламоқда. Маҳсулотнинг эса қарийб 98 фоизи хорижга экспорт қилинаётир. Шу боис Тошкентда ўтказиладиган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати форумида ҳам Бухоро толасига аввалгидан кўп буюртмалар тушиши кутилмоқда. 


ЎзА, Э.Ёдгоров
11 565