ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Бухорода оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарилади

Бухорода оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарилади

Бухоро вилояти Когон шаҳридаги эркин иқтисодий зонада иш бошлаётган “Qizilqum class invest” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган мамлакатимизда ягона субъект бўлади.

У ўз ҳудудидан унча олис бўлмаган карьердан олинадиган хом ашё асосида ишлайди. Масъулияти чекланган жамияти раҳбари Неъмат Мансуровнинг айтишича, Бухоро оҳактоши намуналари Япония ва Италиядаги тегишли лабораторияларда ўрганилди. Натижа жуда яхши. Хом ашё таркибининг сифати ва бошқа қатор хусусиятлари юқори баҳоланган.

Ҳисоб-китобларга кўра, оҳактошнинг бир тоннасини қайта ишлаш жараёнида унга полимер бирикмасини қўшган ҳолда 800 килограмм қоғоз олиш мумкин экан. Ундан эса газетабоп қоғоз ҳамда қоғоз маҳсулотлари – деворий гулқоғоз, шунингдек, бир марта ишлатиладиган тарелка ва бошқа идишлар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳа иқтисодий жиҳатдан фойдали. Хусусан, у четдан олиб келинадиган қоғоз импорти учун сарфланаётган катта миқдордаги хорижий валюта тежаб қолинишига хизмат қилади.

Корхонанинг ойлик қуввати ўртача 70 минг тоннадан зиёд. Унинг лойиҳа-смета қиймати 136 миллион доллардан иборат. Молиялаштириш Малайзиядаги ҳамкор инвесторнинг тўғридан-тўғри жалб қилинадиган маблағи ҳисобига амалга оширилади.

Таъкидлаш керак, Бухоро вилоятида кичик бизнесни ривожлантириш ва ишбилармонликни қўллаб-қувватлашда муайян тажриба тўпланган. Мазкур йўналишда вилоят ҳокимлигида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни “Инвесторлар куни” тадбири ўтказилмоқда. Унда маҳаллий ва хорижий тадбиркорларнинг 2019–2021 йилларда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалари тақдимоти бўлиб ўтади. Юқорида тилга олинган оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам вилоят ҳокими Ў.Барноев ва унинг тегишли соҳа бўйича ўринбосарлари, мутахассислар, банклар мутасаддилари иштирокида ўтказилган навбатдаги тадбирда кўриб чиқилди.

Тақдимотда Когон шаҳри ҳокимлиги ва ташаббускор МЧЖ раҳбарининг режа-таклифлари ўрганилди. Албатта, муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Вилоят раҳбари лойиҳа чуқур ўрганиб чиқилишини ва, албатта, қўллаб-қувватланишини билдирди.

Тақдимот тадбирида Қоракўл туманида туркиялик инвесторлар иштирокида акрил толасидан ип-калава ишлаб чиқариш ва бўяш, ундан трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш корхонасини барпо этиш, Жондор туманида афғонистонлик инвестор кўмагида электр кабеллар, автомашиналар металл дисклари ва хўжалик моллари – турли ўлчамдаги пўлат қозонлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ATU Buxara” қўшма корхонасини ташкил этиш лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. 

Тадбирда амалга оширилаётган лойиҳаларни тезлаштириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Умуман, “Инвесторлар куни”да умумий қиймати қарийб 300 миллиард сўмлик бўлган 16 та истиқболли лойиҳа кўриб чиқилди. Уларнинг аксарияти икки йилга мўлжалланган. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, яқин бир йил ичида амалга оширилиши кутилаётган бизнес режалари эвазига жойларда 700 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

3 453
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА