ЎзА Ўзбек

23.02.2018 11:47 Чоп этиш версияси

Бухоро қоракўли: келажакка тикилган сармоя

Маълумотларга кўра, дунёнинг 190 мамлакатида парваришланаётган қўйларнинг умумий сони тахминан икки миллиард бошга етиб, улар маҳсулот бериш йўналишига қараб 570 зотга бўлинади.

Олимларнинг таъкидлашича, турли мақсадларда боқиладиган қўй зотлари орасида энг кўп маҳсулот берадигани – қоракўл қўй зоти ҳисобланади. Қоракўл териси фармацевтика ва пишлоқ саноати учун ширдон, сифатли таъм ва маза берувчи, тез ҳазм бўладиган гўшт, енгил саноат учун жун ва бошқа маҳсулотлар бериши билан ажралиб туради.

Тарихий китобларда қоракўл қўй зоти эрамизнинг VIII асрида араб қўй зотлари билан чатиштириш туфайли вужудга келгани қайд этилган. Олинган янги зотлар терисининг енгиллиги, юпқалиги, кигизбоп жунининг юқори сифати, жуда лаззатли таъмли гўшти сабабли одамларда катта қизиқиш уйғотган. Янги зотни ўша даврда Бухоро яқинидаги Қоракўл мавзесида яшовчилар «Қоракўл қўйи» деб атай бошлаган. Шундан буён бу қўй зотлари шу ном билан атаб келинади.

Айни пайтда Бухоро вилоятида сақланиб қолган қоракўл қўйлари ўша замонларда мавжуд бўлган шундай қўйларнинг думбали, дағал жунли зотлари билан чатиштирилиши натижасида пайдо бўлган. Янги туғилган қоракўл қўзиларининг жуни хилма-хил ранглар йиғиндисидан иборат экани шундан далолат беради.

Қоракўл қўйларидан олинадиган тери қадимдан жуда қадрланган. Дастлаб ундан гилам, кигиз сифатида фойдаланилган бўлса, 1845-1865 йилларда савдогарлар қоракўл терига мўйналик сифатида катта эътибор бера бошлаган. Уларни Бухородан Россиянинг йирик шаҳарлари ва бошқа хорижий мамлакатларга олиб кетишган. Бу маҳсулотга талабнинг кескин ошиб кетиши натижасида қоракўл қўйларини етиштириш қийинлашган.

Ҳозир қоракўл зоти бутун жаҳондаги қўйлар сонининг 2,6 фоизини ташкил этади, холос. Дунёнинг 16 мамлакатида, МДҲнинг 5 давлатида қоракўл қўйлари парвариш қилинади.

Маълумотлардан шу нарса аён бўладики, қоракўлчиликнинг ўзига хос тарихи бор, бу сердаромад соҳа. Кейинги йилларда бу соҳанинг эътибордан четда қолгани қўйлар насли бузилишига олиб келди. Бир пайтлар бутун дунёга экспорт қилинган қоракўл териларининг асл сифатини сақлаб қолиш учун олимларимиз тинимсиз меҳнат қилмоқда. Бунга давлат миқёсида эътибор берилаётгани эса, соҳани қайта тиклаш ва мавжуд анъаналарни давом эттиришга хизмат қилади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда қоракўлчиликни даромадли ва иш ўринлари яратадиган тизимга айлантириш бўйича зарур топшириқлар берди.

Аслида давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларни анча олдин бошлаган эди. Яъни, 2017 йил 16 мартдаги «Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан республика «Қоракўлчилик» уюшмаси ташкил этилган эди. Уюшма зиммасига қоракўлчилик тармоғини ривожлантириш, қоракўл зотли қўйларнинг сара генофондини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш мақсадида илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган селекция-наслчилик дастурларини амалиётга татбиқ этиш бўйича муҳим вазифалар юклатилган.

Бундан ташқари, жаҳон бозорида қоракўлчилик маҳсулотларига бўлган талаб ва таклифни ўрганиш, қоракўл жуни ва терисини қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш, тармоққа хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва ресурс тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилишга кўмаклашиш, яйловлар унумдорлигини ошириш ҳамда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйишга илмий, амалий ва методик ёрдам кўрсатиш каби муҳим тадбирлар белгиланган.

Ҳозирги даврда қоракўл терисига ва унинг бошқа маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж кундан-кун ортиб бормоқда. Кейинги пайтларда юртимиздаги қоракўлчилик хўжаликларида совлиқларнинг селекция ва наслчилик ишларига катта эътибор берилаётир.

– Бу соҳага, аввало, илмий ёндашув етишмаяпти, – дейди Ўзбекистон қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти директори Насрулло Бобоқулов. – Шу кунгача қўчқорлар алмашинуви йўлга қўйилмагани, сунъий уруғлантириш имконияти чеклангани, уруғлантириш мавсуми қисқариб, музлатилган уруғ билан уруғлантириш самарадорлиги пастлиги, сунъий уруғлантириш учун реактивлар етишмаслиги, ер ости сув қудуқларининг аксарияти носозлиги оқибатида қоракўлчилик ривожланмай қолди. Энди соҳага илмий ёндашувни шакллантириб, зотли қўчқорлар олиб келиш, сунъий уруғлантиришни йўлга қўйиш учун асбоб-ускуналар келтириш, кейинчалик бу технологияни юртимизда ишлаб чиқаришни ташкил этиш керак. Президентимиз истиқболдаги режалар билан танишар экан, қоракўлчилик бўйича янги институт ва жамғарма ташкил қилиш юзасидан топшириқ берди. Бу соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Қоракўлчиликнинг асл илдизлари юртимизда бўлса-да, бугунги кунда қўшни давлатлар биздан илгарилаб кетган. Биргина Афғонистонда қоракўл қўзилари терисининг сатҳи 16-20 дм.2 бўлса, бизда 8,5-10 дм.2 ни ташкил этади. Кўриниб турибдики, бу борадаги ишлар ҳали талаб даражасида эмас.

Айни пайтда бунга табиий омиллар ҳам таъсир кўрсатганини таъкидлаш лозим. Ўзбекистонда чўл ва ярим чўл табиий яйловлари 32 миллион гектар. Шундан 30 фоизга яқини қоракўлчилик яйловлари майдони ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон қоракўлчилик яйловларининг қарийиб 40 фоизида турли даражадаги инқироз юз берган. Фақат қудуқлар атрофидаги кучли инқирозга учраган яйловлар майдони 0,5 миллион гектар, кўчма қум массивлари майдони эса 2 миллион гектарни ташкил қилади. Шундан 14 фоизи сув билан таъминланган эмас.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув қудуқларини инвентаризация қилиш, инновацион технологиялар асосида ишловчи қудуқларни йўлга қўйиш, мавжудларини реконструкция қилиш талаб этилади. Бундан ташқари, қари қўйларни бўрдоқига боқиб, гўшт ишлаб чиқариш ҳажми ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш учун чўл ва яйловларда уруғлар экиш тизимини жорий этиш, изен, терескен, саксовул каби чидамли ўсимликларни кўпайтириш зарур. Бундай муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш юртимизда қоракўлчиликни яна сердаромад соҳага айлантириш имконини беради.

Мутахассислар етиштирилган маҳсулотларни экспортга чиқариш хусусида кўп гапиришмоқда. Бу яхши, аввало, ички эҳтиёжни таъминласак-чи? Дейлик, қоракўл теридан тикилган иссиқ қишги либосларни аёлларимиз кийиб юрса, қоракўл телпак йигитларимиз бошида ғурур тимсоли сифатида турса, қандай бўлади?! Бу бизнинг мулоҳазалар, янаям мутахассислар буни яхши билади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида қоракўлчилик соҳасида қилиниши лозим бўлган ишлар билан танишар экан, бир фикрни алоҳида таъкидлади: “Биз ишлаб чиқариш соҳасида кўп нарсаларни янгидан ташкил қилишга ҳаракат қиламиз, бу яхши. Лекин мавжуд, даромад топса бўладиган тармоқларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳам асосий эътиборимизда бўлмоғи лозим”.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
10 146