Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 19:32 Чоп этиш версияси

Бугунги ҳаракат – эртанги барака

Фарғона вилояти фермер хўжаликларида баҳорги дала юмушлари бошланди. Жорий йил ҳосили учун ғўзани навлар бўйича жойлаштиришда фермер хўжаликлари таклифи инобатга олинди. Унга кўра “Наманган-77”, “Султон”, "С-6524", “Андижон-35”, "С-8290" каби навлар экилиши белгиланди.

Қўштепа туманидаги “Оила” фермер хўжалигида ўтказилган баҳорги агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш ва чигит экишга бағишланган вилоят кўргазмали семинарида бу алоҳида таъкидланди. Мавсумга тайёргарлик ишлари муҳокама этилиб, эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Фермерларга хизмат кўрсатувчи шохобчалар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда мутахассислар томонидан далани экишга тайёрлаш, тупроқ намлигини сақлаш, майдонни текислаш ва чигитни сифатли экиш, дала шийпонларида меҳнаткашлар учун зарур шароит яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Чигит экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича вилоятда ўзига хос тажриба тўпланган, 95,3 минг гектар майдонда чигит экишни қисқа муддатда сифатли амалга ошириш, ҳар бир фермер хўжалигининг тупроқ-иқлим шароити, чигит экиш муддатлари ва йиллар давомида олинган ҳосилдорлик таҳлил этилиб, вилоят миқёсида экиш жадвали ишлаб чиқилди.

Жорий йил ҳосили учун вилоятда 70 минг гектар майдонда шўр ювиш ишлари амалга оширилди. Марказий Фарғона ва Қолгандарё массивларида шўр ювиш ишлари икки марта, шўрланиш даражаси кучли бўлган майдонларда уч марта амалга оширилди. Шу билан бирга, 13 минг гектар майдонда пушта олиниб, нам суви бериш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга оид Давлат дастури бўйича 2013-2016 йилларда 19 минг 800 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланди, ўртача ва кучли шўрланган майдонлар 12 минг 744 гектарга, ер ости сув сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 12 минг 93 гектарга камайтирилди. 124,5 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.

Ҳозирги кунга қадар экиш учун зарур бўладиган 5 минг 600 тонна уруғлик чигит тўлиқ тайёрланди ва 46 уруғлик тарқатувчи шохобчада сифатли сақловга қўйилди. Бу жараёнда фермер хўжаликлари талаби асосида уруғликни сертификат билан етказиб бериш тизими йўлга қўйилди. Ер тайёрлаш ишлари сифатли бажарилишини таъминлаш учун 134 отрядга 14 мингдан ортиқ техника ва механизмлар бириктирилган.

Соҳа раҳбарлари ва мутахассислар томонидан экиш ишларини сифатли ташкил этиш, агротехник тадбирлар хусусида тавсиялар берилиб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 476






Все о погоде - Pogoda.uz