ЎзА Ўзбек

20.05.2019 16:16 Чоп этиш версияси

Бозор реконструкцияси учун 32 миллиард сўм маблағ сарфланди

Бозор реконструкцияси учун 32 миллиард сўм маблағ сарфланди

Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Марказий деҳқон бозори реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йилларда деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларига жами 32 миллиард сўм, жумладан, 13 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари сарфланди.

Бозор ҳудуди 4,5 гектар бўлиб, аввалгисига нисбатан бир мунча кенг. Унда кириш портали, иккита қўш қаватли супермаркет, 108 та ноозиқ-овқат, 24 та озиқ-овқат маҳсулотлари дўкони, шунингдек, парранда, балиқ гўшти, сут ва нон маҳсулотлари, қуруқ мева билан савдо қилинадиган тўртта павильон, 1050 ўринли растадан иборат катта ва тўртта кичик айвон жойлашган. Шунингдек, бир пайтнинг ўзида 50 дан зиёд автомобилда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи савдосига мўлжалланган майдон ҳам мавжуд. 5 тоннагача мева-сабзавот сақланадиган совуткичли камералар қурилган. Бозор ҳудудида 600 ўринли учта автотураргоҳ барпо этилган. Санитар-гигиена тизими ҳам замонавий.

Энг муҳими, хизмат кўрсатувчиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 100 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.

photo5411614134346295991.jpg

– Бозоримиз катта йўл бўйида жойлашган, – дейди Ҳасан ота Ризаев. – Меҳмон бозорга қараб ҳам юртга баҳо беради, дейишади. Чунки бозор эл-юрт тўкинлиги, ободлиги кўзгусидир. Кейинги йилларда Вобкент туманида ҳам кўплаб қурилишлар бўлаётир. Мана энди бозоримиз ҳам янги бўлди. Бундан 13 йил илгари қурилган ва бугун унинг ўрнида мутлақо қайта тикланган марказий бозор ўртасида катта фарқ бор. Олд томонининг ўзи эътиборни тортади. Ичкаридаги шароитларга-ку, ҳавасингиз келади. Сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам барча қулайлик муҳайё.

Бозорнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

photo5411614134346295992.jpg

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА
2 509