ЎзА Ўзбек

23.01.2019 Чоп этиш версияси

Бозор иқтисодиёти: асл моҳият, тартиб ва тамойиллар

Бозор иқтисодиёти: асл моҳият, тартиб ва тамойиллар Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг равнақи халқига муносиб турмуш тарзи яратиб берилгани билан белгиланади. Олимларимиз ўтган асрда мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг Америка, Европа, Япония, Жанубий Корея, Жануби-Шарқий Осиё, Осиё ва Африка давлатлари моделларини ўрганиб, таҳлил қилган. Лекин ушбу мамлакатлар тажрибасини тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмаслиги амалиётда исботланган. Бу давлатларда бозор муносабатларининг ривожланиши текис ва бенуқсон кечмаганлиги эса таҳлилларда кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишнинг миллий стратегияси ишлаб чиқилган. У юрт манфаати, шарт-шароитига тўла мос келадиган бозор иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– Мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар халқимизнинг орзу-интилишлари, манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган, – деди Ички ишлар вазирлиги академияси доценти Шариф Қобилов. – Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу борада устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли, амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бозор иқтисодиётига ўтишнинг муҳим тамойилларидан саналади. Мамлакатимиз иқтисодий ислоҳотларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бозор иқтисодиётининг асосини ташкил этади. Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳамда 2018 йилнинг 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Негаки, бора-бора мамлакат иқтисодий ривожланишида тадбиркорлик билан шуғулланувчиларнинг ҳиссаси юқори бўлиб бораверади. Бугун давлат томонидан яратилаётган қулайликлар улар фаолиятини йўлга қўйиш ва муваффақиятларга эришиш учун катта имкониятдир.

Демак, бозор иқтисодиёти турли хил мулк шакллари, ягона молия, товарлар, капитал ва ишчи кучи бозори, товар ишлаб чиқарувчининг максимал мустақиллиги, давлатнинг хўжалик юритиш фаолиятига аралашувининг чегаралангани ва эркин рақобатга таянадиган иқтисодий ўсиш жараёнидир.

Мамлакат иқтисодий ўсишига бир назар ва халқаро тажриба

Яқин тарихдан маълумки, Ўзбекистон ресурсларга бой мамлакат бўлса-да, иқтисодий тараққиётда кўплаб Шарқ мамлакатларидан орқада қолган эди. 1989-1990 йилларда ишлаб чиқариш кўрсаткичи жуда паст бўлган. Ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг ўсиш суръати, модернизация ва диверсификация жиҳатдан дунё талабларидан анча орқада қолганди. Ана шундай даврда Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан янгиланиши учун ҳар томонлама пишиқ ва пухта йўлни танлаш зарур эди.

Мамлакатимиз истиқлолнинг илк давридан бошлаб, бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини танлади ва бу йўл МДҲнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, юртимизнинг ички ва ташқи қарзи ошиб кетишига имкон бермади.

Маълумотларга кўра, мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимиз ялпи ички маҳсулотининг бор йўғи 1,5-2 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келган. Бунинг сабаби эса ўша даврда хусусий тадбиркорлик қўллаб-қувватланмаган, уларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича чиқарилган фармон ва қарорлар коррупцияга берилган буйруқбоз амалдорларнинг кескин қаршилигига дуч келган. Айниқса, бунда фермерликни ривожлантиришда кўрилган чораларни эслаш кифоя.

Мамлакатда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти 6 маротаба ошган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотнинг 1991-2017 йилларда ўртача йиллик ўсиш суръати 4,5 фоизни ташкил этган. Иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръати 1996-2017 йилларда 6,4 фоизни кўрсатган. Бундай кўрсаткичларга эришишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирлар амалий аҳамият касб этади.

Хорижий мамлакатлар иқтисодий ўсишида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари улушини кенгайтиришга аҳамият берилган. Масалан, БМТ Тараққиёт дастури Инсон тараққиёти тўғрисида маърузани тайёрлаш бўлимининг маълумотига кўра, 1990-2010 йилларда ўрта синф бўйича жануб мамлакатларининг улуши 26 фоиздан 58 фоизгача ўсган. 2030 йилга бориб жаҳонда ўртаҳол аҳолининг 80 фоизи жанубий мамлакатларга тўғри келиши ва уларнинг жами истеъмол харажатларидаги улуши 70 фоизга етиши таҳлилларда ўрганилган.

– Жанубий мамлакатлар техникавий инновациялар яратишда улкан ютуқларга эришмоқда, – деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети катта ўқитувчиси Улуғмурод Райҳонов. – Бу давлатлардаги компаниялар маҳаллий талабга мос келувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда новаторликни кенгайтирмоқда. Мисол учун, Африканинг аксарият мамлакатлари экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва инвестициялар жалб қилишни рағбатлантиришда Малайзия тажрибасини кенг қўлламоқда. 2008 йилдан Хитой, Ҳиндистон ва Туркиянинг тўқимачилик компаниялари глобал бозордан ички бозорга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Ички бозорга таяниш мазкур мамлакатлар иқтисодиётининг юқори суръатлар билан ўсишига олиб келди.

Бундан кўринадики, хорижий мамлакатларнинг иқтисодий тараққиётдаги тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим бўлиб, уларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва мақбулини амалиётда синаб кўриш лозим. Бу каби таҳлил асосида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишбилармонлар қатлами сафини кенгайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш имконини бермоқда. Мисол учун, 2017 йилда янги саноат корхоналари қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилган. 2017 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 57095,6 миллиард сўмни, яъни жами саноат ишлаб чиқаришнинг 39,6 фоизини ташкил этди. Бу эса 2016 йилга нисбатан 102,1 фоизга ўсиш демакдир.

Бозор иқтисодиётини қарор топтиришда қонуний ҳужжатларнинг аҳамияти катта. Дейлик, 1996 йилда иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий негизини барпо этадиган 100 га яқин, 2010 йил якунига кўра, миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича 400 дан ортиқ, биргина Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросига мувофиқ 100 дан зиёд қонуний ҳужжатлар ишлаб чиқилган.

Иқтисодий ривожланишда ислоҳотларнинг аҳамияти

Эркин бозор тамойилларини ўрнатишда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш зарур. Бунинг натижасида эса соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадга мувофиқ. Бунда мулкий, аграр, нарх, молия-кредит, ташқи иқтисодий фаолият ва ниҳоят ижтимоий йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш бозор муносабатларига ўтишда кенг қулайлик яратади.

Шу билан бирга, соҳа равнақида очиқ иқтисодиёт, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, малакали кадрларни тайёрлаш каби бир қатор масалалар муҳим аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори мамлакат иқтисодиётида яна бир муҳим қадам бўлиб, рақамли иқтисодиёт равнақида инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг яқин ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

– Таҳлилларга кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради, – деди Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ўткир Бўтаев. – Бу жараёнда тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида ҳиссаси бор. Шу сабабли, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Масалан, 700 дан ортиқ ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар экспертиза қилинди. Палата томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қиладиган нормаларни олиб ташлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва тегишли вазирликларга таклифлар киритилди. Бундан ташқари, 2017 йилда 3 минг 419 нафар тадбиркор палата кўмагида мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўқитилган бўлса, 2018 йилда 9 минг 368 нафар тадбиркор ўз билимини мустаҳкамлади. Улардан 53 нафари эса хорижда таълим олишга муваффақ бўлди. “Обод қишлоқ“ ва “Обод маҳалла“, “Ҳар бир оила – тадбиркор“, “Yoshlar – kelajagimiz“ каби давлат дастурлари ижроси бўйича қилинаётган ишлар ҳам нафақат тадбиркорлар манфаати, балки мамлакатимиз иқтисодий равнақи йўлида дадил қадамдир.



17 443
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА