ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

Бош вазир қабулхонаси тадбиркор таянчига айланди

Бош вазир қабулхонаси тадбиркор таянчига айланди

Миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, тадбиркорлик фаолияти учун тенг имкониятлар яратиш, монополиянинг ҳар қандай кўринишга чек қўйиш, давлат-хусусий шерикчилик тизимини такомиллаштириш – ҳозирги иқтисодий сиёсатимизнинг энг муҳим йўналишларидир, десак муболаға бўлмайди.

Кичик ва ўрта бизнес шаклидаги тадбиркорлик субъектлари ушбу барча жараёнларнинг бевосита қатнашчиси саналади. Иқтисодиётнинг қайси соҳасини олмайлик, унинг тараққий этишини хусусий сектор иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу боис мамлакатимизда ишбилармон доиралар вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, яратилган имкониятлардан эмин-эркин фойдаланиши йўлидаги сансалорликларни бартараф этиш, уларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бош Вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, бизнес вакилларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг тадбиркорликка иштиёқини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Буни биргина Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Бош вазир қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур қабулхонага тадбиркорлардан 219 та мурожаат тушган. Уларнинг 125 таси Call марказ орқали келган бўлса, 38 таси сайёр қабуллар жараёнида қайд қилинган. Қолган 52 таси эса қабулхонага тўғридан-тўғри йўлланган. Мурожаатлар, асосан, ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли бўлиб, аксарият қисмининг ижобий ҳал этилиши натижасида тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилди.

Мисол учун, Қизилтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият олиб бораётган «Қамаши Муқаддас замин сервис» масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда хориждан 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига гипс ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар олиб келиб ўрнатган. Аммо газ ўтқазиш масаласи ҳа деганда ҳал бўлавермай, корхона бир муддат фаолиятсиз қолиб кетган. Масъулияти чекланган жамияти вакиллари газ таъминоти идорасининг туман ва вилоятдаги ташкилотларидан жўяли жавоб ололмагач, Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилган. Қабулхона вакиллари ушбу мурожаатни жиддий назоратга олиб, тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилди.

Кейин электр таъминотидаги узилишлар ва кам кучланишли ток берилиши ускуналарнинг бир зайилда ишлашига тўсқинлик қилган. Қабулхона ходимлари аралашуви билан бу муаммо ҳам бартараф этилиб, айни пайтда корхона тўла қувват билан фаолият кўрсатаяпти. Бу ерда бир кунда 100 тоннага яқин саноатбоп маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

Корхонага гипс тошлари Лангар томонлардан олиб келиниб, аввал кичикроқ бўлакларга бўлиб чиқилади. Кейин бу тошлар йирик қувватнинг янчгич ускунасига солинади. Янчгичдан тегирмонга, тегирмондан элакка, элакдан қизитиш печига ўтган хомашё бир неча босқичли жараёнлардан сўнг Г-7 сифатидаги тайёр маҳсулотга айланади. Шундан сўнг эса қопларга жойлаб буюртмачиларга етказиб берилади. Корхонада 25 киши иш билан банд этилган.

Корхона раҳбари Ўроль Жабборов яқин орада фаолият турларини кенгайтириб, янги цехлар ташкил этиб, иш ўринлари сонини янада ошириш ниятида. Хусусан, гипсакартон ишлаб чиқариш цехи ташкил қилишни мўлжаллаб турибди. Бу маҳсулотга қурилишда талаб нечоғли юқорилигини ҳисобга олсак, унинг лойиҳаси истиқболли экани яққол кўзга ташланади. Демакки, тадбиркорининг бир муаммоси ҳал этилиши бир қанча имкониятлардан самарали фойдаланилиши учун кенг йўл очмоқда.

Тумандаги Ғаллакор маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Сумбула» фермер хўжалигига авваллари Орзигул Абдижаббарованинг отаси раҳбарлик қилган. Кейин эса хўжаликни қизининг номига хатлаб бериб, биргаликда фаолият юритиб келишган. Фермер хўжалигида ҳар йили мўл ҳосил етиштирилиб, барча иш рисоладагидек давом этаётган бўлган. 2019 йилнинг охирида отасининг вафотидан сўнг 87 гектар лалми ерда деҳқончиликни давом эттириш Орзигулнинг зиммасида қолади. Отасининг ишини давом эттириб, 67 гектар ерга ғалла, 10 гектарига масхар, 10 гектарига эса зиғир экади. Аммо кунларнинг бирида фермер хўжалигини янги эгаси топилиб қолади. Яъни туман мутасаддилари англашилмовчилик билан Орзигул Абдижаббарованинг отасини вафотидан кейин хўжалик эгалигини бошқа бир шахсга бериб юборади. Лекин ушбу ер 2017 йилда отаси ҳаётлигидаёқ унга хатлаб берилган эди. Бош вазир қабулхонаси вакиллари унинг мурожаатини назоратга олиб, ноқонуний қарор бекор қилинишига ва «Сумбула» фермер хўжалигининг ерлари ўзига қайтаришига эришилади. Бундан руҳланган хўжалик раҳбари янги режалар устида бош қотирмоқда. Лалми ерларнинг бир қисмига томчилатиб суғориш технологияларига асосланган боғ ва токзор ташкил қилишни мўлжаллаб турибди.

Бош вазир қабулхонаси мутасаддилари назорати остида тумандаги яна бир тадбиркор Ботирали Исмоиловнинг мурожаати ҳал қилиниши натижасида эса «Ойнакўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди янада файзили гўшага айланмоқда.

Ботирали яқинда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетини битириб қайтди. Қишлоғида ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлиб, «Йигитали-Ботирали мулк инвест» масъулияти чекланган жамиятига асос солди. 60 сотих ер олиб, замонавий мини футбол майдони, маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуришга киришди. Кейин маблағ муаммосига дуч келиб, тижорат банкига мурожаат қилди. Аммо ҳадеганда иши ҳал бўлавермагач, Бош вазир қабулхонасига борди. Натижада қисқа фурсатда 200 миллион сўм кредит олиб, қурилиш ишлари жадал давом этди.

Бугун бу мажмуадаги мини футбол майдони қишлоқ аҳлининг севимли гўшасига айланган. Мажмуада савдо дўкони фаолияти йўлга қўйилган. Тадбиркор айни пайтда қурилиши битай деб турган мана бу бинони болалар пойабзали тайёрланадиган цехга айлантирмоқчи. Бунинг натижасида Қамашида яна бир харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилишидан ташқари, қўшимча 10 та иш ўрни ҳам яратилади.

Қамашида Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилиб, ортиқча оворагарчиликлардан, саргардонликдан қутулган, иши битиб, яна янги, истиқболли режалар тузаётган бундай тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Дарвоқе, уларга Бош вазир қабулхонаси ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам яқиндан ёрдам беришаяпти.

Кенгаш таркибига тадбиркорлик фаолиятига бевосита хизмат кўрсатувчи давлат ҳамда кўмаклашувчи жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, сиёсий партиялар вакиллари киритилган бўлиб, унга туманда ўз обрў-эътиборига эга бўлган тадбиркор раҳбарлик қилади.

Демак, тадбиркорнинг дардини тадбиркор эшитади, тадбиркорнинг дардини тадбиркор тушунади. Натижада ҳудуд ишбилармонлари ўртасида ҳамжиҳатлик, оғизбирлик пайдо бўлади. Баъзи муаммоларни улар пайдо бўлмасданоқ аниқлаш, уни ҳал этиш учун Халқ депутатлари туман кенгаши муҳокамасига киритиш имкони туғилади.

Жамоатчилик кенгаши раиси Абдумалик Намозовнинг айтишича, қабулхонага мурожаат қилинмаган ҳолатлар ҳам кенгаш эътиборида бўлади. Уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотларга таклиф-тавсиялар берилади. Бир сўз билан айтганда, жамоатчилик кенгаши тадбиркор ва Бош вазир қабулхонасини боғловчи кўприк вазифасини ўтамоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қамашидаги Бош вазир қабулхонаси ва унинг ҳузурида ташкил қилинган жамоатчилик кенгаши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, бошқача айтганда, тадбиркорга ҳам енг, ҳам ёқа бўлишга интилмоқда. Бу ҳаракатлар замирида ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, халқнинг турмушини янада фаровон қилишдек эзгу ишлар мужассам.

6 777
Ў.БАРОТОВ, ЎзА