Болалар либослари намойиши
Пойтахтимизда “Болажонлар – ширинтойлар” болалар мода фестивали бўлиб ўтди. Болалар ва ўсмирларга мўлжалланган, замонавий тенденция ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган ранг-баранг ва бежирим либослар коллекцияси кенг омма эътиборига ҳавола этилди.
Пойтахтимизда “Болажонлар – ширинтойлар” болалар мода фестивали бўлиб ўтди. Болалар ва ўсмирларга мўлжалланган, замонавий тенденция ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган ранг-баранг ва бежирим либослар коллекцияси кенг омма эътиборига ҳавола этилди.Фестиваль “Осиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари томонидан “Oltin Qanot” нодавлат таълим муассасаси ва “Jasmin art style” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Осиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси раиси Холида Комилованинг таъкидлашича, кийиниш маданияти ёш авлодни эстетик тарбиялашнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу фестиваль болалар учун мўлжалланган либослар қандай бўлиши, улар нимани афзал кўриши, ота-оналарнинг бу борадаги фикрлари ва дизайнерларнинг тавсияларини аниқлашга қаратилган. Тадбирда болалар учун маҳаллий матолардан экологик тоза либослар яратиш ғояси илгари сурилган бўлиб, дизайнер ва модельерларга тажриба ҳамда фикр алмашиш имконини бермоқда.
Жорий йилда “Болажонлар – ширинтойлар” болалар мода фестивали дизайнерларнинг уч босқичли танлови шаклида ташкил этилди. Унда профессионал дизайнерлар билан бирга, олий ўқув юртлари талабалари, коллеж ўқувчилари, шунингдек, алоҳида фаолият юритаётган дизайнерлар қатнашди.
Танловнинг биринчи босқичида ҳар бир иштирокчи ўз коллекцияси намуналарини намойиш қилди. Энг яхши намуналар муаллифлари иккинчи босқичга йўл олиб, ўз либосларини тақдим этди. Учинчи, финал босқичида 27 дизайнер томонидан тайёрланган 22 коллекция намойиш этилди.
Либослар намойиши Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди. “Тантана” ва “Томоша” болалар ижодий студияларининг ёш моделлари, шунингдек, “Колибри” арт-бюроси мода мактаби тарбияланувчилари турфа рангдаги бежирим ва нафис либосларни намойиш қилди.
Ҳакамлар ҳайъати ижодий ишларни “рret-a-porter”, миллий ва спорт услуби, байрам либоси, бўлғуси оналар учун либос номинациялари бўйича баҳолади.
Тадбир якунида фестиваль лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Дизайнер Дилором Валиева “рret-a-porter”, Нилуфар Абдувалиева ва Ситора Мирзаанварова миллий ва спорт услуби, Умида Мўминова байрам либоси, Шаҳзода Толипова бўлғуси оналар учун либос номинациясида ғолиб бўлди.
– Менинг коллекциям турли ёшдаги болаларга мўлжалланган либослардан иборат, – дейди Н.Абдувалиева. – Уни яратишда турли матолар, шунингдек, миллий нақшлардан фойдаландим. Миллий матоларимиз ва анъанавий либосларимиз менга жуда ёқади. Шу боис менда либосни моделлаштиришга қизиқиш уйғонди ва халқимизнинг бой маданий меросига ўз ҳиссамни қўшишга аҳд қилдим.
“Болажонлар – ширинтойлар” болалар мода фестивали ёш модель ва модельерлар ўртасида янги номларни кашф этди, болалар либослари яратувчилари ва ишлаб чиқарувчилари ўртасида алоқаларни кенгайтириш, болалар модасини ривожлантиришга ёрдам бермоқда.