ЎзА Ўзбек

28.02.2019 Чоп этиш версияси

“Бизнес юритиш” ҳисоботи методологияси қонунларда акс эттирилади

“Бизнес юритиш” ҳисоботи методологияси қонунларда акс эттирилади

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Қонун билан “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, Уй-жой, Ер, Шаҳарсозлик кодексларига ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Масалан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунга амалдаги тартиб доирасидан ташқарида “халқаро облигациялар” тушунчаси киритилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қимматли қоғозларни жойлаштириш ва муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

Сўзга чиққан сенаторлар кейинги йилларда республикада кўрилган чора-тадбирлар туфайли Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон кўрсаткичи икки баравар яхшиланганини қайд этди.

Бироқ, соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш вазифаси ҳали ҳам долзарблигича қолмоқда. Қонунда қулай бизнес муҳитини шакллантиришга қаратилган “Бизнес юритиш” ҳисоботи методологияси талабларини қонун ҳужжатларига киритиш назарда тутилган.

Ялпи мажлисда ушбу қонун тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шароит яратишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

7 399
Абдулазиз Мусаев, ЎзА