ЎзА Ўзбек

16.07.2020 Чоп этиш версияси

Бизнес-омбудсман тадбиркорлардан маҳсулотлари нархини асоссиз оширмасликни сўради

Бизнес-омбудсман тадбиркорлардан маҳсулотлари нархини асоссиз оширмасликни сўради

Жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашда мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда.

Мазкур ҳолатнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам салбий таъсирларини юмшатиш бўйича давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. 

Жумладан, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари, банк кредитларини узайтириш, ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисми компенсация қилиниши ва 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказишга мораторий эълон қилинди.

Шунга кўра, тадбиркорлар берилган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда, ўз фаолиятини карантин талабларига риоя қилган ҳолда давом эттирмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш, уларнинг иқтисодий кўрсаткичларига таъсирини камайтиришга қаратилган ҳаракатлар тадбиркорларимиз ва халқимиз манфаати йўлида амалга оширилмоқда.

Шу ўринда, тадбиркорлардан ушбу синовли даврда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳолига кўмаклашиш мақсадида ҳамда ўзбек халқига хос инсонпарварлик фазилатларини кўрсатган ҳолда халқимизнинг соғлиғини сақлаш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш учун маҳсулотларнинг нархини оширмасликни сўраб қоламиз. 

Бизнес-омбудсман тадбиркорлар фаолиятида муаммолар ва тўсқинликлар вужудга келса, уларнинг ҳуқуқларини тиклашга доим тайёр. 

Бизнес-омбудсман матбуот хизмати.

5 033
ЎзА