ЎзА Ўзбек

01.06.2019 Чоп этиш версияси

Биз узоқ кутган ва муҳокама қилган HUMO

Биз узоқ кутган ва муҳокама қилган HUMO

Биз узоқ кутган ва муҳокама қилган HUMO тўлов тизими жорий этилганига ҳам бир ой бўлиб қолди. HUMO Банклараро миллий процессинг маркази мижозларга сал кам юз мингта карта етказиб ҳам улгурди. 1 сентябрга қадар қўйилган банкоматлар сони мингтага етказилиши кутилмоқда.

Аммо, мазкур тўлов воситаси ҳақида турли-туман хабарлар кўпайгандан, кўпаймоқда. Мисол учун, жорий йилнинг сентябрь ойига бориб, барча давлат ташкилотлари ушбу тизим карталарига мажбуран ўтказилиши ҳақидаги шов-шувларнинг ҳақиқатга қанчалик яқин?

Банклараро ягона тўлов тизими - Uzcardнинг фаолияти тўхтатиладими?

– Бу маълумотларда қисман жон бор, бироқ улар тескари талқинда тарқатилган, –дейди банклараро Миллий процессинг маркази директори Шуҳрат Қурбонов. – Бу ҳам рақобатнинг яна бир шакли. Ҳеч ким бозорга кириб борган харидорга “келинг, ҳаммаси сизники” демаслигини унутмайлик. HUMOни ҳали кўп айблашлари мумкин. Биз учун бу рақобатга ва турли ахборот хуружларига тайёр туриши кераклигини англатади.

Мижозга мажбурлаб карта бердик ҳам дейлик, бироқ, мижоз фойда топмаса, уни ишлатмайди. Бориб пул ечди ҳам дейлик, кейин ташлаб юборар. Аммо бундан фойда нима? Қачонки, инсон пластик картанинг фойдасини билиб, ўзи қизиқиб, сўраб келса, бизнинг ютуғимиз айнан шунда, деб биламан.

Айни вақтда бизнинг тизим фақат пойтахтда ишлаб турибди. Сентябргача барча вилоятларда жорий этилишини режалаштирганмиз. Шу мақсадда Тошкент шаҳри бўйича 50 мингта терминал ўрнатдик. Аммо, бу дегани Uzcard Банклараро ягона тўлов тизимининг фаолияти тўхтатилади, дегани эмас. Одамлар иккита картага эгалик қилиб, иккала тизимдан ҳам фойдаланиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд. Такроран айтаман, HUMO карталари ҳеч қандай ташкилот ходимларига ёки давлат ишчиларига мажбурий берилмайди.

Кейинги кунларда HUMO карталари фойдаланувчилари орасида ҳар бир тўловдан 0,2 фоиз миқдорида комиссия олиб қолиниши ҳақида баҳслар бўлмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз? Келажакда ушбу тўловлар янада ошиши мумкинлиги айтилмоқда. Бундай миқдор мижозларнинг норозилигига сабаб бўлиши равшан, албатта.

– Ўзимизга ҳам турли мурожаатлар келиб тушмоқда. Яқинда карта эгаларидан бири мижозлардан СМС учун қўшимча пул олар экансизлар, деб айтди. Тизимнинг ишлаш механизмини тушуниб олиш қийин эмас. Шу кунга қадар ҳам смслар учун провайдер-компаниялар томонидан ҳақ олиниши кундай равшан эдику. Бу маблағни бизга умуман алоқаси йук, фойда бўлиб хам қўшилмайди.

Бизда фақат битта комиссия бор, у ҳам бўлса 0,03 фоиз. Буни бизга банклар тўлайди. Бу ҳам янги тўлов эмас. Лекин, карта эгалари учун асосий хизматлар бепул. Мисол учун, тўлов қилсангиз ҳеч ким фоиз олмайди. Тўғри, интернет орқали амалга оширилган тўловда фоиз олинади. Лекин бу бошқа, яъни қўшимча имконият ҳисобланади. Тўлов тизимининг ўзи эса ҳеч қандай қўшимча фоиз олмайди, банклар эса банк хизматлари учун фоиз олишга ҳақли. Унинг миқдори банкларга тегишли ички тариф сиёсатдан келиб чиққан ҳолда қонун асосида белгиланади.

Бу борада бизда янги ечим мавжуд. Агарда дунё миқёсидаги савдо жараёнига эътибор қилсак, савдо расталарида ҳар бир тўлов учун фоиз олинади. Бизда эса олинмайди. Биз буни амалиётга татбиқ этишни ўйлаб, 0,02 фоиз комиссия ундиришни таклиф қилган эдик. Бунда бир миллиондан 200 (икки юз) сўм олинади. Фоиз ундиришдан мақсад нима? Бу банкларнинг фойдаси учун эмас, балки, йиғилган фоизлардан мижозлар учун янги маҳсулотлар жорий этиш учундир. Мисол учун, пластикдан қанча кўп тўласангиз, шунга яраша бонуслар оласиз. Бу амалиёт бутун дунёда қўлланилади.

Бу қуйидагича амалга оширилади: йирик савдо марказларида бизнинг карталар билан тўлов амалга оширилса, ҳар бир тўлов учун минг сўмга бир сўм қайтариб берилади. Хорижда бу каби акциялар кўплиги туфайли одамлар нақд пулга кўп ҳам қизиқавермайди, чунки карта орқали амалга оширилган харид учун бонус берилади. Шунда нақдлаштиришга навбатда туриш янада камайиб қолади.

Хорижий мамлакатларнинг киноларида харидор банк картасини терминал ичига солмасдан, контактсиз тўлов ёки умуман телефон орқали тўловларни амалга оширганини кузатамиз. Бизда эса, терминаллар ҳалигача фақат бир хил - фақат сўмда ишлайдиган карталар қабул қилиши мумкин.

– Биз HUMO ёрдамида қулай ва арзон тўлов тизимини ташкил қилмоқчимиз. Бизда ҳам контактсиз тўловлар жорий этилади. Терминаллар нафақат HUMO, балким MasterCard, Visa ва UnionPay карталарини ҳам қабул қилишга тайёр. Uzcard тизимига келсак ушбу карталар ҳам қабул қилиши учун биз ҳозир тизим вакиллари билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Шунингдек, HUMO карталарининг сони ва тури кўп бўлади. Бир маош ҳисоб рақамига бир неча карта уланган ҳолда, уларнинг имкониятлари турлича бўлиши мумкин. Масалан, дебет карта, кредит карта, бонус, мил ёки кэшбэк жамловчи карталар ва ҳоказо.

Аҳоли картани терминалга теккизган ҳолда алоқасиз ва пинсиз тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Бунда 50 минг сўмгача бўлган харидларни амалга оширишда ПИН-кодни киритиш талаб этилмайди, бироқ хавфсизлик мақсадида ПИН-коди киритилмаган ҳолда амалга оширилган иккита транзакциядан кейинги тўловлар учун ПИН-кодни киритиш талаб этилади.

Бундай имкониятлар картани умрини узайтиради. Қўлимиздаги айни дамдаги карталарда рақамлар, ҳарфлар тез ўчиб кетади. Баъзида шикастланади ҳам. Шу тариқа икки йилдан кейин кўримсиз ҳолга келиб қолади. HUMOда маълумотлар бўртма ҳарфлар билан ёзилгани, кармондан деярли чиқарилмагани ва қўлма-қўл бўлмагани учун ташқи кўриниши узоқ муддат давомида яроқсиз ҳолатга келмай туради.

Янги тизимнинг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши, янги акциялар ва Марказий банк томонидан қўллаб-қувватланиши ҳозирда кўп тилга олинаётган монополияга олиб келмайдими?

– Марказий банк тижорат билан шуғулланмайди. Агарда мақсад - тижорат қилиш бўлганида шундай дейиш мумкин бўлар эди. Ваҳоланки, бизнинг мақсадимиз янги, замонавий инфратузилмани яратиш. Негаки, бунда халқаро тўлов тизимларининг ишлашига ҳам тенг имконлар бор. Бу талаб Туризм ривожланиши билан кучайиб бораверади. Сайёҳ келиб, тўловларни тўлай олмай қийналиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Монополияга келсак, алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимизнинг қарорида бизга тизимни янада такомиллаштиришдан ташқари, яна бир вазифа юклатилган - 2 йил ичида HUMO тўлов тизими банклар ихтиёрига топширилиши керак. Яъни, ҳар бир банк ўз процессинг марказига эга бўлади. Келгусида банклар ўртасида пластик карта йуналишида ички рақобат вужудга келиши ҳам кутилмоқда. Улар ўзлари истаган шаклдаги карталарни, карта хизматлари мижозларга тақдим этиб борадилар. Бундай тизимнинг марказий тизимга нисбатан бир неча устуворликлари бор. Масалан, бирор жойда техник носозлик юз берса, бу локал муаммо сифатида қолади, бутун тизим тўхтаб қолмайди.

8 343
Сайёра Шоева, ЎзА