Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 19:58 Чоп этиш версияси

Битирувчилар ишга жойлашди

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги 41 ва бошқа 10 дан ортиқ корхона-ташкилот мингдан зиёд бўш иш ўрни билан қатнашди.

Институт ректори М.Расулов ва бошқалар мамлакатимизда навқирон авлодни юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, орзу-мақсадларини юзага чиқаришга кўмаклашиш Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини алоҳида таъкидлади.

Транспорт-коммуникация тизими мамлакат иқтисодиётининг қудратини белгиловчи асосий воситалардан биридир. Шу боис юртимизда ушбу соҳада етук мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 23 йўналишда 6000 талаба замонавий шароитларда таълим олаётир. Жорий йилда институтни бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича 1060 дан ортиқ ёш мутахассис тамомлайди.

Институтнинг барча талабалари ихтисослаштирилган корхоналарда амалиёт ўтаб, мутахассислиги бўйича иш билан таъминланаётир. Ҳар йили институт битирувчилари учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, мутасадди корхоналар билан икки томонлама шартномалар имзоланади.

Тўртинчи курс талабаси Моҳинур Усмонова “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутахассислари билан суҳбатдан муваффақиятли ўтиб, шартнома имзолади.

– Меҳнат ярмаркасида ўз мутахассислигимга доир муносиб иш топдим, – дейди Моҳинур. – Таълим даргоҳида олган назарий билимларимни амалиётда янада мустаҳкамладим. Корхонадаги шароитлар билан амалиёт давомида яқиндан танишиб, иш жараёни бўйича кўникма олганман. Бу ишга тез киришиб кетишимга ёрдам беради, деб ўйлайман.

– Ҳар йили институтда бўладиган меҳнат ярмаркасида иштирок этиб, кўплаб, ёш мутахассислар билан шартнома имзолаймиз, – дейди «Ўзтемирйўлмаштаъмир» унитар корхонаси бош директори Нусратулло Абдуллаев. – Таълим даргоҳида билимли, етук кадрларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилишига амалиёт чоғида амин бўламиз. Жорий йилда уч юзга яқин битирувчи билан шартнома имзоладик. Жамоамиз билимдон ёшлар ҳисобига кенгаяётганидан мамнунмиз.

Ўтган ўқув йили натижаларига кўра, институт битирувчиларининг 95 фоизга яқини муқим иш жойига эга бўлган бўлса, жорий йилда юз фоиз битирувчи ишга жойлашди. Институт иш берувчилар билан шартнома имзоланганидан кейин битирувчиларнинг иш билан таъминланганлигини доимий мониторинг қилиб боради.

Меҳнат ярмаркаси давомида 1060 дан зиёд битирувчи ва иш берувчилар ўртасида шартномалар имзоланди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
3 292






Все о погоде - Pogoda.uz