ЎзА Ўзбек

21.01.2019 Чоп этиш версияси

Бир йилда 400 миллиард сўм даромад

Бир йилда 400 миллиард сўм даромад Фарғона вилоятида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Айни кунларда Бешариқ туманида 40 мингта хонадон бўлиб, туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳар бир хонадон томорқасидан бир йилда ўртача 10 миллион сўмдан даромад олиш эвазига йилига 400 миллиард сўм даромад манбаига эга бўлиш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинди.

Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, кейинги йилларда туманда аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Оилаларда йилдан-йилга замонавий иссиқхоналар ташкил этиш, цитрус мевалар етиштириш, гулчилик, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик сингари сердаромад йўналишлар бўйича тадбиркорлик ортиб бормоқда.

Тошариқ маҳалласида яшовчи Муроджон Юсупов оиласи хонадондаги 6 сотих иссиқхонада йилига 100 минг тупдан кўпроқ 8 турдаги бир йиллик гул кўчатлари етиштиради. Фарғона водийсида машҳур бўлиб улгурган оила гулларининг бир тупи ўртача 5-25 минг сўмдан сотилади. Оила бекаси Матлуба Юсупова яна 20 сотихда иссиқхона ташкил этиб, гулчиликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш ҳаракатида эканини таъкидлайди.

“Юқори Товул” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ширинхўжа Мансуровлар оиласида 3 сотихли иссиқхонада томчилатиб суғориш усули жорий этилган. Иссиқхонадан йилига 2-3 марта ҳосил оладиган хонадон аъзолари яқинда бодрингни сотиб тугатишди. Шу кунларда помидор кўчати экиш режалаштириляпти. Томорқадаги мўъжазгина боғ, чорвачилик тармоғи оиланинг қўшимча даромади ҳисобланади.

Ҳасанжон Обидовлар оиласи Товулдаги қаровсиз ётган эски автогараж ўрнида 40 сотихли иссиқхона барпо этган. 15 сотихдаги лимон ҳосили салмоқли, 25 сотих ердаги бодринг-помидор даромади ҳам оила фаровонлигини юксалтирмоқда. Ҳозир оила аъзолари мандарин ва апельсин каби цитрус мевалар парваришини йўлга қўйиш, асаларичилик тармоғини ривожлантиришни кўзлаб турибди.

– Энг намунали томорқа ер эгалари иштирокида тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, барча маҳаллаларда юзма-юз мулоқотлар ўтказиляпти, илғор томорқачилар ўз тажрибасини гапириб бермоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бешариқ тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Зафаржон Обидов. – Томорқадан самарали фойдалана олмаётган оилалар маҳалланинг ўзида муҳокама қилиниб, маҳалладошлар кўмагида ишини ўнглаб олишига кўмаклашиляпти. Халқимиз “Отанг – маҳалла, онанг – маҳалла“, деб бежиз айтмаган, ахир.

Яқинда вилоят ҳокимлиги кўмагида “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси учун бўш бино ва ер майдони ажратилиб, паррандачилик кластери ташкил этилмоқда. Шу тариқа корхонада жўжа очириш, парваришлаш, соғломлаштириш-профилактика ишларини амалга ошириш имкониятлари кенгайтирилади. Бугунги кунда корхона мутахассислари томонидан мазкур тармоқни ривожлантириш истагида бўлганлар учун туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган режа асосида маҳорат дарслари ўтказиб борилаётгани эътиборга лойиқ.

Шу сабабли туманда бир пайтнинг ўзида тадбиркорликнинг бир неча тармоқларини ривожлантираётган оилалар кўпайиб бормоқда. Бобомурод Саидаҳмедовлар оиласи йиллар давомида фойдаланилмай келган салкам 1 гектар тап-тақир ва тошлоқ ерда энг сўнгги технологиялар ёрдамида гидропоника усулида иссиқхона ташкил этган. Бугунги кунда “Нур файз” деҳқон хўжалигида етиштирилаётган бодринг ва помидор йилнинг тўрт фаслида ҳам ички бозорга чиқарилиб, бир қисми қўшни республикаларга экспорт қилиниши таъминланмоқда. Иссиқхонага ёндош ҳудудда эса оила аъзолари ташаббуси билан паррандачилик тармоғи ривожланмоқда.

Бешариқ туманида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ва шу орқали ҳар бир оиланинг муқим даромад манбаига эга бўлишига эришиш учун кўплаб эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилаётир. Маҳаллаларда томорқачилик маданияти юксалиб бораётгани нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки оилалар фаровонлигини юксалтириш, пировардида иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

photo5346255336375430629.jpg

photo5346255336375430630.jpg


10 026
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА