ЎзА Ўзбек

09.12.2018 23:15 Чоп этиш версияси

Бир туп лимондан 100 килограмм ҳосил олса бўлади

Бир туп лимондан 100 килограмм ҳосил олса бўлади

Ишониш қийин-а? Эшитсангиз-да, кўрмагунча бу гапга шубҳа билан қарайсиз. Айниқса, кейинги икки-уч йилда томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, ҳали бу ишни тўла йўлга қўйиб олмаганлар лимон дарахти бунча ҳосил беришига ишонмаслиги аниқ.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Мирзаолим маҳалласи аҳли бу ишнинг уддасидан чиқмоқда. Улар ўз томорқасидаги мўъжаз иссиқхоналарда лимон, помидор, бодринг ва бошқа сабзавот экинларидан мўл ҳосил олаётир.

– Бир неча йил олдин ҳовлимизда кичик иссиқхона қуриб, лимон кўчатлари эккан эдим, – дейди шу маҳалладаги тадбиркор томорқачилардан бири Файзулла Раббимов. – Ишни йўлга қўйиб олгунча бироз қийналдик, мўлжалдаги ҳосилни етиштиролмадик. Аммо, йилдан-йилга тажрибамиз ошиб, даромад кўпая бошлади. Кейин томорқада ва ўғлимнинг ҳовлисида яна иккита иссиқхона ташкил этдик. Айни пайтда иссиқхоналаримизнинг умумий майдони 5 сотих. 45 туп лимон ҳозир тўлиқ ҳосилга кирган. Дастлабки экилган лимон дарахтларидан 100 килогача ҳосил олмоқдамиз. Ўтган йили 2 тонна ҳосил етиштиргандик, бу йил 3 тоннадан кўпроқ лимон олишни мўжаллаб турибмиз. Яна бир иссиқхонада помидор ва бодринг кўчати парваришлаяпмиз. Сўнгра ушбу майдонда бошқа экин экамиз. Шу тарзда иссиқхонада йил давомида деҳқончилик қиламиз. Даромад ҳам меҳнатимизга яраша – ўтган йил 50 миллион сўмлик маҳсулот етиштирган эдик. Бу йил даромадимиз анча салмоқли бўлади, насиб этса.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Пахтачи туманида умумий майдони 38 гектар бўлган 642 та иссиқхона мавжуд. Уларнинг 633 таси деҳқон ва фермер хўжаликларида яратилган енгил конструкцияли иссиқхоналар ҳисобланади. Биргина жорий йилда тумандаги аҳоли томорқасида 1-2 сотихли 132 та иссиқхона ташкил этилди. Шунингдек, тегишли дастурлар асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан 5,6 гектар майдонда 5 та замонавий иссиқхона қурилиб, сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди.

Умуман, кейинги йилларда Самарқанд вилоятининг барча туманларида, ҳатто Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ҳам замонавий иссиқхоналар ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси маълумотларида қайд этилишича, ҳозирда вилоятда 411 гектар майдонда 8 минг 870 та иссиқхона хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий қисми аҳоли хонадонларида ташкил этилгани халқимизнинг томорқадан самарали фойдаланишга интилиши кучайиб бораётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, мазкур йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётган, фермерлик ҳаракатини ривожлантираётган субъектлар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Айни пайтда вилоятда 137 гектар майдонда 122 та замонавий иссиқхона ташкил этилган. Уларнинг 20 таси (34,2 гектар) гидропоника усулидаги хўжаликлардир.

– Президентимизнинг жорий йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ҳамда бир қатор фармон ва қарорларига мувофиқ, 2018-2019 йилларда Оқдарё туманида 300 гектар, Тойлоқ туманида 53,8 гектар майдонда кластер усулида, Булунғур, Нуробод, Каттақўрғон ва Қўшработ туманларининг ҳар бирида 5 гектардан гидропоника усулида замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Сулаймонов. – Бунинг учун тадбиркорларга ер майдонлари ажратилиб, амалий ишлар бошланган. 2019 йилда яна 200 гектар майдонда 98 та замонавий иссиқхона қурилади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 ноябрдаги “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилгани билан муҳим аҳамият касб этди.

Қарорга кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишнинг бутун занжирини қамраб олган ишлаб чиқаришнинг кластер шакли давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий қилинади. Муқобил энергия манбалари, самарадор ва тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда иссиқхоналарнинг замонавий комплекслари яратилади. Бозор талаблари асосида экологик тоза маҳсулотлар турини кўпайтириш, ҳамкор давлатлар билан яқин алоқа ўрнатиш ва экспорт салоҳиятини ошириш, ушбу йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат бозорида иссиқхоначилик фаолияти билан шуғулланувчи мутахассисларга бўлган талабни тўла қондириш назарда тутилмоқда.

13.JPG

Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, вилоятда ресурс ва энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этишни кенгайтириш учун қўшимча шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Қарор асосида Самарқанд туманида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида юридик шахс мақомига эга бўлган қишлоқ хўжалик ахборот-маслаҳат маркази (экстеншен маркази) ташкил этилади.

2019 йил 1 мартгача иссиқхона хўжаликларининг ягона маълумотлар базаси тўлиқ ишга туширилиб, ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг тизимли ҳисоби юритилади. Уруғчиликнинг замонавий тизимлари шакллантирилиб, бирламчи уруғчилик, янги ва истиқболли навларни синаш билан шуғулланувчи уруғчилик кластерлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа корхоналар фаолияти йўлга қўйилади.

Бу саъй-ҳаракатлар тупроғи зар заминимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлаш, мазкур тармоқда фаолият кўрсатаётган тадбиркор ва фермерлар, томорқачиларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА​
5 744