ЎзА Ўзбек

20.03.2019 Чоп этиш версияси

Бир қатор тижорат банкларининг савдолардаги иштироки тўхтатилди


Валюта биржаси савдоларидаги қоидабузарликлар сабаб бир қатор тижорат банкларининг савдолардаги иштироки тўхтатилди

Ҳамкорбанк, Туркистон банк, Хайтек банк, Универсал банк, Инвест финанс банк, Ипак Йўли Банк, Савдогарбанк, Траст банк, Азия Альянс банк валюта биржаси савдоларида мунтазам қоидабузарликлар содир этиб келган. 

Валюта биржаси (ЎзРВБ) савдоларида йўл қўйилган мунтазам қоидабузарликлар сабабли бир қатор тижорат банкларининг савдолардаги иштироки вазият аниқлаштириб олингунига қадар вақтинчалик тўхтатилди (Ҳамкорбанк, Туркистон банк, Хайтек банк, Универсал банк, Инвест финанс банк, Ипак Йўли Банк, Савдогарбанк, Траст банк, Азия Альянс банк). Бу ҳақида Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди. 

Валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун мазкур банкларга нисбатан 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даврида 31 ҳолатда жами 2.5 млрд сўм миқдорида жарима санкциялари кўлланилган.

Шу билан бирга, тижорат банклари хорижий валюта олди-сотди амалиётларини биржадан ташқари валюта бозорида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Банк мижозлари тижорат банки чет эл валютасини харид қилиш ва сотишни рад этган ҳолларда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига мурожаат этишлари мумкин. Марказий банк банклар ўз вазифа ва мажбуриятларини, шу жумладан, мижозларга етказилган зарарни қоплашини таъминлашни кўзда тутувчи чораларни кўриб боради, дейилади Марказий банк хабарида .

7 171
ЎзА